УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ

Кеча Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройи очиқ саҳнасида эл-юрт ҳурматидаги меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ижтимоий соҳа ходимлари, ишлаб чиқариш илғорлари, иқтидорли, фаол, ташаббускор ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.

Файзли оқшом чўккан лаҳзаларда тўкин дастурхон атрофида дийдорлашган юртдошларимизга вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Аваз Ўринбоев вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг энг улуғ ва энг азиз байрам қутловини ўқиб эшиттирди.
Табрикда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамо-лигида халқимиз фаровонлигини юксалтириш, кексаларни эъзозлаш, эртамиз эгаларини баркамол қилиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтиб ўтилган. Буюк аждодларга муносиб бўлиш, Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш ҳар биримиз, айниқса, ёшларнинг муқаддас бурчидир. Юртимиз мустақилликнинг 30 йили ичида қандай ютуқларни қўлга киритган бўлса, шубҳасиз, унда пиру бадавлат нуронийларимизнинг, ғайрат-шижоатли ёшларнинг муносиб ҳиссаси бор. Албатта, бу каби тадбирлар ёшларнинг меҳнат фахрийларининг ҳаёт мактабидан ўгит олишига, келажакда маънан етук бўлиб улғайиши, қалбларига ватанпарварлик туйғуларини чуқур сингдиришга хизмат қилади.
Учрашувда сўзга чиққан меҳнат фахрийси Омонжон Ҳошимов, истеъдодли шоира Зуҳра Алиева, журналистлар Дилором Раҳимова ва Дилнавоз Қўлдошевалар эътибор, рағбат ва ишонч учун Президентимизга миннатдорчилик билдирдилар.
Тадбирда вилоятимизнинг таниқли санъаткорлари, ёш эстрада хонандалари ижросида концерт дастури намойиш қилинди. Рангли мушаклар кўкка отилди.
Ўз мухбиримиз.