ЭЛИМИЗНИНГ ҚУТЛУҒ ШОДИЁНАСИ ВИЛОЯТИМИЗДА КАТТА ТАНТАНА ҚИЛИНМОҚДА

ЭЛИМИЗНИНГ ҚУТЛУҒ  ШОДИЁНАСИ ВИЛОЯТИМИЗДА  КАТТА ТАНТАНА ҚИЛИНМОҚДА

Шу йилнинг 29 август куни файзли оқшомда Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида энг улуғ, энг азиз байрам – истиқлолимизнинг 30 йиллик санасига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги масъуллари, секторлар раҳбарлари, сенатор ва депутатлар, фаоллар, давлат ва жамоат ташкилотлари, баркамол авлод вакиллари иштирок этдилар.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров қатнашиб, шодиёна иштирокчилари ва уларнинг тимсолида барча Фарғона аҳлини мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги билан самимий муборакбод этди.


— Ўттизинчи бор нишонланаётган ушбу байрам Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимиз, эркин ва фаровон ҳаёт сари интилишимизнинг тантанаси ҳамдир, — деди вилоят раҳбари. — Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 4-5 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташриф якунида “Фарғона вилояти аҳлини катта ният йўлидан, катта муваффақиятлар йўлидан қайтариб бўлмайди энди” деган эътирофлари вилоят аҳлига катта фахр ва ифтихор, шу билан бирга улкан масъулият ҳам юклади.
Дарҳақиқат, жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби Фарғонада ҳам йирик ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратиляпти. Экспорт ҳажми ва салоҳияти ортиб, қурилиш-бунёдкорлик ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 105,6 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 101,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 103,7 фоиз, хизмат кўрсатиш ҳажми 119,0 фоиз, капитал қўйилмалар 112,7 фоиз ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 109,5 фоизга ортди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари
доирасида ўтган даврда вилоятимизда 400 минг нафар юртдошимиз яшайдиган 100 га яқин маҳалла ва қишлоқдаги шароитлар яхшиланган бўлса, бу йил мазкур дастурлар доирасидаги ишларга вилоятидаги 1036 та маҳалла фуқаролар йиғинлари учун 2,1 триллион сўм йўналтирди. Бу ўтган йилларга нисбатан олти баробар кўп дегани!
Вилоятимиз тарихида бўлмаган бундай катта воқелик муҳтарам Президентимизнинг Фарғонада аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда барчамиз учун муқаддас Ватан тимсоли бўлган қишлоқларимиз, маҳаллаларимизни обод қилишга берган юксак эътиборлари натижасидир.
Вилоятимиз бўйича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларга йил бошидан бери вилоят бюджетининг ортиқча бажарилган қисмидан 100 млрд. сўм тўғридан-тўғри маблағ ажратилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашга оид қарорлари билан вилоятимизда август ойида 11 миллиард сўмга яқин маблағ тарқатилди.
«Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз» деган тамойилдан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даврида ёшларимиздан 18 минг нафардан ортиғи ишга жойлаштирилди, 3 минг 800 нафардан зиёд ёшларга тадбиркорлик учун 13,2 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Вилоятимиз аҳолисини уй-жой билан таъминлаш мақсадида жорий йилда 1 трлн. 524 млрд. сўм маблағлар эвазига 292 та 7500 хонадонли кўп қаватли уй-жойларни қуриш режалаштирилган. Энг асосийси, юртимизда турар жойлар қурилишига бўлган ёндашув тўла ўзгарди.
Тантанада жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Хусусан, куни кеча Япония пойтахти Токио шаҳрида ўтказилаётган Паралимпия ўйинларида вилоятимиз вакили Моҳигул Ҳамдамова енгил атлетиканинг диск улоқтириш бўйича беллашувларида олтин медални қўлга киритиб, Паралимпиада чемпиони деган номга сазовор бўлди. Байрам шодиёнасида чемпионнинг онаси Холидахон Ҳамдамова ва отаси Кабаёр Ҳамдамов, мураббийи Азизжон Норматовлар олқишланди.
Бугун барча соҳаларда фарғоналиклар эришаётган натижалардан келиб чиқсак, 2021 йил кўплаб соҳаларда Фарғона вилояти учун ўсиш йили бўлади. Бу натижалар барчамиз учун келгуси – 2022 йилга пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Шодиёна тадбирга мамлакатимиз ва вилоятнинг санъат усталари, миллий эстрадамиз юлдузлари иштирокидаги куй-қўшиқлар янада файз бахш этди.
Тинч-осойишта ҳаёт, фа-ровонлик рамзи сифатида Фарғона осмони узра алвон рангли байрам мушаклари ажиб нур таратди.

Ботир МАДИЁРОВ.
Суратларни Муқимжон ҚОДИРОВ олган.