Афғонистондан, шошилинч!

Афғонистондан, шошилинч!

«Афғонистон АҚШ сиёсатининг қурбони бўлди!»

Қўшни Афғонистонда жуда қисқа вақт ичида рўй берган воқеалар ҳар қандай кишини хулоса чиқаришга шошмасликка ундайди. Шу кунгача террорчи деб атаб келинган “Толибон”ни бугун баъзи давлатлар дарҳол тан оляпти.
“Биз ҳеч кимдан ўч олмаймиз, ҳеч кимга қурол тақамаймиз”, дея
баёнот берган “Толибон” етакчилари дунёни бу сўзларига ишонтирмоқчи бўладилару, лекин мамлакат ичкарисидан турли хил акс
маънодаги хабарлар тарқалмоқда.
“Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририятига унинг Афғонистондаги ишончли манбаларидан бири мактуб йўллабди. Биз хавфсизлигини назарда тутиб, муаллифнинг асл исмини ошкор этмадик, балки тахаллус билан сизга таҳрирсиз ҳавола қилмоқдамиз.

Қатар амирлигининг пойтахти Доҳада “Толибон” ҳаракати ва АҚШ ўртасида имзоланган яширин келишув натижасида Афғонистон Ислом Респуб-
ликаси толибонлар ҳаракати назоратига ўтди. Сўнгги урушлар натижасида минглаб кишилар ўлиб ва яраланди, минглаб оилалар уй-жойлари вайрона бўлиб, овора бўлди. Кўплаб мактаб-
лар ёндирилди, йўл ва кўприклар портлатилди, давлат идораларидаги бутун жиҳоз ва ускуналар ўғирланди. “Толибон” томонидан фақатгина ўзбек, туркман ва тожикларнинг уй-жойлари бузилиб, бор бойликлари ғанимат деб олинган. Демак, йигирма йил мобайнида қўлга киритган турли соҳадаги ютуқларимизга “Толибон” ҳаракати келиши билан катта зарар етказилди. Чунки уларнинг 95 фоизини пуштунлар ташкил қилади. Асосий мақсадлари Афғонистонни пуштунлар давлатига айлантириш.
“Толибон” ҳаракати пойтахт Кобулни эгаллаши билан бутунлай давлатий идоралар фаолияти тўхтатиб қўйилди, шаҳарларда назм ва тартиб жорий қилинди. Чегаралар ёпилиб, бозорларда озиқ-овқат нархи бир қанча баробар ошди. Давлатий ва хусусий университетлар, мактаблар, банклар, кўплаб матбуот марказлари (телевидение ва радиолар), маданий ва ижтимоий уюшмалар ёпилган. “Толибон” ҳаракати томонидан аёлларни маҳрамсиз ва ҳижобсиз уйдан чиқмасликлари қоида қилиб белгиланди. Ашраф Ғани давридаги давлат идоралари ишчиларининг кўпчилигига ишхоналарига қайтиб ишлашларига рухсат берилмаган. Оққина портида ишлайдиган оддий ишчи Абдул Аҳад Мерган ўғли шундай дейди:
— Вазият бироз изга тушганидан кейин мен иш жойимга бордим ва ишхонамни тозалаш учун эшикларини очдим, лекин толибонлардан бир киши келиб, мени чиқариб юборди, ҳаттоки эшикни ёпишга ҳам қўймади, бундан кейин сизлар керак эмас, ўзимизда ишчимиз бор деган сўзлар билан ҳайдашди.
“Толибон” ҳаракатига нисбатан халқимизнинг нафрати ошган, уларнинг зулм ва ситамлари натижасида минглаб кадрларимиз ватанни тарк этмоқда, чунки илм ва касб аҳлининг жони хатарда ва улар учун яшаш қи-йин бўлди. Демак, бугун бутун афғон халқи чексиз қайғу ва ташвишлар билан яшамоқда. “Толибон” ҳокимиятга келиши билан халқимиз иқтисодий жиҳатдан жудаям қийналиб қолди. Агар бу вазият давом этар экан, халқимиз, айниқса, аёллар ҳақ-ҳуқуқлари оёқ ости бўлиб кетишидан хавотирдамиз. Чунки ҳамма аёллар уйда қолишга мажбур қилинганлар.
Шунинг учун биз ёшлар, БМТ, Инсон ҳақ-ҳуқуқларини мудофаа қилувчи ташкилотлар ҳамда қўшни мамлакатлар раҳбарларидан Афғонистонда бўлаётган вазият тўғрисида бефарқ бўлмасликларини сўраймиз.
Мажруҳ УМИД.