Кутилмаган ҳукм…

Тарихий ҳақиқат ва адолат тикланди

Миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати, матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Истиқлол йилларида қатағон қурбонлари тақдири билан дахлдор тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бугунги кунга келиб муҳим босқичга кўтарилди.
Ватанимиз озодлиги, халқимиз тинчлиги, маънавияти, миллий таълим тизими истиқболи учун умрини бахш этган буюк шахслар ва уларнинг хотираси олдида ҳамиша бурчлимиз. Бу қутлуғ вазифанинг адо этилишига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг моҳияти ҳам шу.
Ўтган йилларда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилди.
XX асрнинг 20-30-йилларида мавжуд тузум қурбонига айланган фидойи ва меҳнаткаш юртдош-
ларимизнинг аянчли қисмати, уларга ва оилаларига нисбатан қилинган зўравонлик ҳолатлари истиқлол туфайли кенг ўрганилди. Улар ҳақида кўплаб маълумот ва далиллар кенг оммага тақдим этилди. Айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонлари номлари рўйхати 2021 йил 7 январда Олий судга тақдим қилиниб, оқлаш юзасидан таклиф киритилган эди.
2021 йил 25 август куни тарихий адолат тикланди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди мажлисида ЖПК нинг 83-моддасига асосан 115 нафар шахс оқланди. Улар орасида Акмал Икромов, Рустам Исломов, Акбар Исломов, Сулаймон Азимов, Муҳаммаджон Йўлдошев каби эл учун фидойи ватандошларимиз номлари қайд этилган.
Қатағон қурбонлари номининг оқланиши бугунги кунда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг амалий натижасидир.
Наргиза АЛИМОВА,
Фарғона давлат университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.