Депутат билан суҳбат

Депутат билан суҳбат

Ўзбекистонда парламентаризм

Парламент ҳақидаги замонавий тасаввурлар тарихи минг йилларга бориб тақалади. Дастлаб Юнон ва Рум, кейинчалик Англия ва Испания парламентаризмга бешик бўлгани тарихан маълум. Давлатнинг бу бошқарув усулини оддий қилиб “демократия” десак, унинг асоси сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи билан вужудга келган. Суҳбатдошимиз – Фарғона вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умиджон Жабборов билан айнан миллий парламентимизнинг мустақиллик йилларидаги шаклланиш жараёнлари, бугуни ва эртаси ҳақида гаплашдик.

— Парламент сафидаги фаолият даврингизга ҳам икки йил бўлади. Шу қисқа давр ичида бу олий даргоҳдаги муҳим тарихий ўзгаришни нималарда кўряпсиз?

– Сўнгги икки йилда энг катта янгилик-
лардан бири ва Ўзбекистонда хорижий парламент дипломатияси фаоллашишининг ҳам асосий сабаби – “Электрон парламент” ахборот-мулоқот портали тизими бўлиб турибди. Лойиҳа 3 босқичли, ҳозирда 2-босқич якунланмоқда. Янги 2022 йилдан бошлаб, тўлиқ ишга туширилади. Унда ҳар бир сайловчи ўз депутатининг Олий Мажлисдаги, ҳудуддаги, тадбирлар ва дебатлардаги ҳамда қонун ижодкорлиги соҳасидаги ташаббус-
лари билан мажлисларидаги иштироки, фаоллиги, ОАВдаги чиқишлари, умуман, умумий фаолиятини ўзига қулай вақтда онлайн кузатиш ва тўғридан-тўғри чат орқали мурожаат қилиш ҳамда “мурожаатининг тақдири”ни ҳам кузата олиш имконига эга бўлади. Бу вакиллик органларига дохил барча очиқлик индексларига жавоб берадиган биринчи лойиҳа сифатида “парламентаризмда ахборот тизими йўналишининг коммуникатив революцияси” деб баҳоланмоқда.
Яна бири, Ўзбекистонда парламентлар-
аро ҳамкорлик сиёсати ва қонунчилик амалиётидаги халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик мутлақо янгича тус олди. Биргина 2021 йилнинг биринчи ярмида 23 маротаба халқаро делегациялар қабул қилинди ва 6 маротаба чет эл сафарлари амалга оширилди. Парламентар алоқалар географияси кенгайди, тарихда илк бор Бутунжаҳон Парламентлараро иттифоқнинг вице-президенти Ўзбекистондан сайланди (А.Саидов).
Хуллас, эндиликда парламентимиз фуқаролик жамиятининг хоҳиш-талабини амалга оширишга хизмат қилувчи органга айланиш йўлидан дадил боряпти. Ўзгаришлар катта. Аммо, биз тараққиётдан тўхтамаслигимиз, ўз устимизда ишлашимиз, халқ хоҳиш-иродаси йўлида ҳалол ҳаракат қилишимиз керак.

— Сиз парламентаризмнинг “ривожланиш босқичлари” деганда нимани назарда тутяпсиз? Кўпгина манбаларда Миллий парламентаризм шаклланиши уч асосий даврга бўлинади, шундай эмасми?

— Тўғри, Ўзбекистонда Миллий парламентаризм ривожланиши ҳақида яқин-яқингача яхлит илмий қараш бор эди. Яъни, уч босқичли давр:
дастлабки давр – 1991-1994 йиллар;
иккинчи давр – 1995-2004 йиллар;
учинчи давр – 2005 йилдан ҳозиргача деб қаралган.
Аммо, Миллий парламент тарихи ва бугунига қизиққан депутат сифатида сўнгги 1-2 йиллик шахсий тадқиқот ва ўрганишларим натижаси янгича қарашларни очиб берди. Унга кўра, Олий Мажлиснинг ривожланиш-эврилиш даври 4 босқичли бўлиб чиқяпти. Буни қуйидаги гипотезалар орқали асослашга уриниб кўрсам.
Дастлабки давр ўтиш даври парламенти сифатида тарихга муҳрланган. 1991–1994 йилларда Олий Кенгаш деб аталган орган ёш ва янги мамлакатнинг энг асосий қонунларини қабул қилишни гарданига олгани ҳақиқат. Мустақиллик декларацияси, Конституция, Давлат рамзлари билан боғлиқ Қонунлар, сайлов сиёсатига оид қонун ҳужжатлари шулар жумласидан. Илк марта кўппар-
тиявийлик асосидаги демократик сайловлар айнан биринчи даврда ишлаган депутатларнинг самарали фаолияти ҳосиласидир.
Иккинчи давр (1995–2004 йиллар) бир палатали парламент – Олий Мажлис
шаклланиши билан тарихда қолгани ҳаммага маълум. Шу даврда Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институти, 10 дан ортиқ Қўмиталар каби бир қатор янги тузилмалар ташкил топди. Мустақиллик йиллари Парламент ҳаётида қолдирган ёрқин изи шуки, қонун ижодкорлиги депутатнинг асосий иш фаолияти мезонига айланди. Бу эса бутун дунё парламентаризми анъаналарига мос келади. Худди шунингдек, парламент назорати институти пойдевори ҳам шу даврда барпо бўлди, десак янглишмайман.
Учинчи давр 2005 йилдан бошлангани ҳам тўғри. Энг муҳими, Ўзбекистонда айнан шу даврда икки палатали Парламент фаолият бошлаган. Бошқача айтганда, Олий Мажлиснинг истиқболи жаҳон парламентаризмининг янгича ва демократик анъаналари билан боғлиқлигини белгилаб берган синовли давр кечди. Парламент келажаги билан боғлиқ бир қатор концепциялар ишлаб чиқилди ва уларнинг баъзилари амалга ошган бўлса, баъзилари кечиктирилди. Бу жараён 2016 йилларга қадар давом этди.
Ниҳоят, 2017 йилдан Парламент тараққиётининг янги даври бошланди. Хусусан, давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилиниши анъанага айланди, шунингдек, “Ҳукумат соати”, “Парламент эшитуви”, Ҳукумат аъзоларини сайлаш ва уларнинг жорий ҳисоботларини эшитиш, Давлат бюджетини тасдиқлаш ва бу бўйича ҳисоботни кўриб чиқиш, Болалар омбудсмани, Ёшлар парламенти каби янгича ҳуқуқий институтлар вужудга келди. Шунингдек, аҳоли билан доимий мулоқот тизими ишлаб чиқилиб, депутатнинг ҳар ой ўз ҳудудига ташрифи ва йил чораги якуни билан сайловчилар олдида ҳисоботлари йўлга қўйилди.

— Сизни ОАВ, ижтимоий тармоқда, теледебатларда фаол депутат сифатида биламиз. Мансабдорларга эфирдан туриб нозик ва кутилмаган саволларни берганингизга гувоҳмиз. Сизгаям “қолипдан ташқари” бир савол берсам майлими? Сир бўлмаса, депутат ва сенат аъзоларининг ойлиги қанча?

— Халқ вакилларининг ойлик маоши ёки йиллик даромади миқдори ҳақидаги очиқ маълумотлар масаласини бундан буён “давлат сири” деб тушунилмаслигини истардим. Шундоғам, биздаги депутатлар жуда юқори ойлик маошни олмайдилар, имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишни ҳам, тўғриси, эп кўрмайдилар. Вилоят ёки туман-шаҳар депутатлари эса ҳатто, ойлик маошсиз Кенгашларда ишлашади. Ваҳоланки, қарийб барча давлатларда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам маош олади. Аксар давлатларда депутат нафақага чиққанида устама маблағ бериб борилади, қўшимча имтиёзлар тақдим этилади, тоифаланган ижтимоий ҳимоя ва суғурта жорий қилинади.
Ўрганишларим, 2018-2020 йиллар орасида дунёнинг танланган 40 та мамлакати парламентлари вакилларининг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича эди. Унда Ўзбекистон 35-ўринда эканини кўрсатяпти. Яъни, юқори бюджетга эга бўлган Италия, Австрия, Германия, Австралия, Америка, Нигерия, Бразилия, Буюк Британия, Нидерландия, Россияда депутатлар 6000 $ дан тортиб то 16000$гача миқдорга тенг суммада ойлик маош оладилар. Ўзбекистон эса бу жадвалда тахминан 800 $ кўрсаткич билан турибди. Биздан қуйида яна беш мамлакат бор.
“Етарлими ёки кам?” деган саволингизга келсак, ўз оиламдан мисол ва шахсий фикрим – пойтахт шароитида 6 жон аъзоси бор оила учун етказяпмиз. “Кўп бўлса – кетар, оз бўлса – етар”, дейди халқимиз. Аксарият депутатларимиз ҳам шуни тасдиқлайдилар.
Бир нарсани қўрқмай айта оламан, бугунги депутат 10 йил аввалги депутатдан кўра яхшироқ шароитда ишлайди, яшайди ва ойлик олади. Бу ҳам ривожланиш босқичи билан боғлиқ.

— Қайси йўналишларда янги ташаббусларингиз бор? Ҳамкасбларингизга нисбатан ўзингизга “неччи баҳо” бера оласиз?

— Ташаббусларга келсак, энг биринчиси, ахборот ва сўз эркинлиги соҳасида шу йилга режалаштирилган битта масаламиз қоляпти. У ҳам бўлса, ОАВ ва журналистларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари)дан ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, журналист сўровига асоссиз жавоб берилмаслиги, ўз фаолияти ҳақидаги очиқлик талабларига риоя қилмаслик ёки жамоатчилик эътиборидаги муҳим воқеа-ҳодисага ўз вақтида расмий муносабат билдирмасликка нисбатан қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгилаш масаласи.
Шунингдек, Ўзбекистон банк ва пул-кредит сиёсатида ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишга қаратилган қонунчилик ташаббуси билан астойдил шуғулланишни ният қилганман.

Албатта, Қўмита аъзоси сифатида ҳам режалаштирилган ишлар кўп, айниқса, сайловчилар турмуши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш биринчи галдаги вазифам, буни ҳеч қачон унутмайман. Ҳаммасига улгуриш керак. Бу борада маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамжиҳат иш ташкил қиляпмиз. Ёрдамчиликка танлов эълон қилганман. Фао-
лиятимиз ОАВ ва ижтимоий тармоқда шаффоф бериляпти. Депутатга баҳони эса шу азиз халқ ўзи бера олади, холос.

Маъсуджон
Сулаймонов
суҳбатлашди.