ЖАҲОН АНДОЗАЛАРИГА МОС ТЎҚИМАЧИЛИК МАЖМУАСИ

ЖАҲОН АНДОЗАЛАРИГА МОС  ТЎҚИМАЧИЛИК МАЖМУАСИ

Ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилиши учун 80 миллион АҚШ доллари
миқдорида инвестиция жалб этилди

Тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотда давлатимиз раҳбари уларни “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” сифатида эътироф этиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришда бу соҳа вакилларининг хизмати беқиёс эканлигини таъкидлаган эди.
Ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида қишлоқ хўжалигини иқтисодиёт драйверларидан бирига айлантириш борасида ҳам изчил саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти. Хусусан, пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш орқали тармоқда хомашё етиштиршдан тортиб, қайта ишлаш жараё-
нигача бир-бири билан ўзаро чамбарчас боғланган узвий тизим яратилмоқда.

Энг улуғ, энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида “Fergana Global textile” масъу-
лияти чекланган жамияти томонидан фойдаланишга топширилган улкан тўқимачилик мажмуаси бу борадаги эзгу ташаббусларнинг амалдаги яна бир ютуғидир. Фарғона шаҳрида йирик лойиҳа – замонавий тўқимачилик мажмуаси ишга туширилиши орқали тадбиркор томонидан беш босқичли мукаммал тизим яратилди.
Айни пайтда пахта-тўқимачилик кластери томонидан қишлоқ хўжалигига илғор технологиялар, инновацион ғоялар кенг татбиқ этиляпти. Турдош саноат корхоналари фаолияти йўлга қўйилиб, қарийб 4 мингта янги иш ўрни яратилди. Қўштепа ва Учкўприк туманларидаги фермер хўжалик-
лари билан шартнома асосида 12 минг 900 гектар ерда пахта хомашёси етиштирилмоқда.
2019 йилда Қўштепа туманида иш бошлаган кластер корхонаси томонидан ерларни экинга тайёрлаш, мелиорация каби агротехник тадбирларга янгича мезонлар асосида ёндошиляпти. Уруғ, ёнилғи, ўғит каби масалаларда фермерларда умуман муаммо қолмади. Энг замонавий янги техникалар сотиб олиниб, катта ҳаётий ва илмий тажрибага эга мутахассислар, олимлар ишга жалб этилди.
Дастлабки йилнинг ўзида туман фермерлари вилоятда биринчилардан бўлиб, пахта тайёрлаш шартнома режасини ортиғи билан уддалашди. Ўтган йили ҳам самарадорлик янада юқори бўлиб, 18 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. Икки йил давомида 60 миллион долларлик ин-
вестициялар жалб этилди, кластер корхонаси қошида янги пахта тозалаш заводи ишга туширилди.
Фарғона шаҳрида барпо этилган тўқимачилик мажмуаси навбатдаги йирик лойиҳалардан бири бўлиб, 80 миллион долларлик инвестиция киритиш ҳисобига АҚШ, Япония, Германия, Туркия, Швейцария давлатларининг ускуна ва жиҳозлари ўрнатилди.
Мажмуанинг тантанали очилиш маросимида вилоятимиз фаоллари, корхона ишчи-хизматчилари, тадбиркор ва фермерлар билан бирга, Туркия, Швейцария, Россия каби бир қатор хориж давлатларидан келган ҳамкорлар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг янги тараққиёт даврида кластерларнинг ўрни муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Айни жараёнда мазкур пахта-тўқимачилик кластери томонидан қўлга киритилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этди.
Президентимиз фармойишига кўра, Миннатдорчилик хати билан тақдирланган фарғоналик тадбиркорлар орасида ушбу кластер корхонаси таъсисчиси Мўминжон Раззоқов “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркор” сифатида эътироф этилганидан мамнунлигини билдирди. Ташаббускор тадбиркор М. Раззоқов ва унинг волидаи муҳтарамаси, корхонанинг бир гуруҳ ишчи-ходимларига вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
— Корхонамиз томонидан хомашё етиштиришдан бошлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнда узвий тизим яратиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳалар муваффақият билан ҳаётга татбиқ этиляпти, — дейди “Fergana Global textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мўминжон Разоқов. — Ўтган йили калава ип ишлаб чиқариш цехи ташкил этилди. Янги очилган мажмуада эса мато тўқиш ва бўяш цехлари фаолияти йўлга қўйилади. Натижада 1 минг 500 та янги иш ўрни яратилиб, йилига 18 минг тонна калава ип, 4 минг тонна бўялган мато ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Шу йил охирига қадар тикувчилик цехи барпо этиш режалаштирилган.
Таъкидлаш ўринлики, бу сингари лойи-
ҳалар доирасида корхонада бир йилда ўртача 550-560 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўнлаб хориж давлатларига 40 миллион евролик экспорт амалга оширилмоқда.
Ака-ука тадбиркорлар томонидан айни кунларда Қўштепа туманида 100 миллион евролик тўқимачилик мажмуаси қурилиши ишларига киришилди. Бу лойиҳа қишлоққа саноатни олиб кириш, юзлаб янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Демак, тадбиркорларнинг эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган хайрли ташаббуслари давом этади.
Ботир МАДИЁРОВ,
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.
Суратларни Элёр ОЛИМОВ олган.