ҚЎҚОНДА ИННОВАЦИОН ЎҚУВ МАРКАЗИ ИШ БОШЛАДИ

ҚЎҚОНДА  ИННОВАЦИОН ЎҚУВ МАРКАЗИ  ИШ БОШЛАДИ

“Қўқон механика заводи” АЖ қошида ташкил этилган Касбга ўқитиш инновацион марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновлар иштирок этишди.

Юртимизда профессионал таълим тизимини меҳнат бозоридаги талаб ва халқаро андозаларга мос янгича ёндашувлар асосида ислоҳ қилиш, хусусан, бу соҳага давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори натижаси ўлароқ ташкил этилган ушбу инновацион ўқув марказида чилангарлик, пайвандлаш технологияси, фрезерлик, электромонтажчи каби касб турлари бўйича жаҳон стандартларига жавоб берадиган ўқув дастурлари асосида таълим берилади.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг ўтган йил ноябрь ойида “Қўқон механика заводи” АЖ фаолияти билан танишуви чоғида корхона қошида касбга ўқитиш инновацион марказини ташкил этиш ташаббуси ўртага ташланган ва қўллаб-қувватланган эди. Шундан сўнг марказ қурилиши ва жиҳозланиши учун вилоят ҳокимлиги томонидан бир миллиард сўм маблағ ажратилиб, эски бино қайта таъмирланди ва жиҳозланди. Европа давлатларидан рақамли бошқарувдаги ўқув мажмуалари, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган ўқув лаборатория жиҳозлари билан таъминланиши учун 2,5 млрд. сўм маблағ жалб этилди.
Инновацион ўқув марказида ўқувчилар назарий билимлар билан бирга, махсус асбоб-ускуналарда маҳорат ошириб, “устоз-шогирд” анъанаси асосида бевосита ишлаб чиқариш шароитида касбий малака ҳосил қиладилар.
– Ҳозирча бешта йўналиш бўйича ҳар ойда 50 нафар ўқувчи қабул қилиняпти, – дейди заводнинг ходимлар бўлими бошлиғи Маъруфжон Алиев. – Илғор таълим дастурлари ёрдамида таҳсил олган ёшларга 3-разрядли мутахассис сертификати берилади. Марказнинг асосий мақсади ёшларимизни профессионал таълим асосида касб-ҳунарли қилиш, ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмаклашишдир.
Инновацион марказ бошқа касб-ҳунар мактаблари, Бандлик бошқармаси, Фарғона политехника институти каби бир қатор ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари асосида иш олиб бормоқда.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.

Муқимжон Қодиров
олган суратлар.