Энг улуғ, энг азиз айёмга муносиб туҳфа

Энг улуғ, энг азиз айёмга муносиб туҳфа

ИККИ КОРХОНА:200 ТА ИШ ЎРНИ

Кейинги йилларда мамлакатимизда ғалла етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, давлатга ғалла сотиш режаси тўлиқ бекор қилинди, айниқса, ғаллани қайта ишлаш бўйича хусусий бизнесга катта имкониятлар берилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Учкўприк туманидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолият олиб бораётган “Quantity class” МЧЖ ун ва ун маҳсулотлари корхонасининг янги ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда иштирок этди.
2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган ушбу корхона кунига 120 тонна ун ишлаб чиқаради ва уни ички бозорга ҳамда экспортга йўналтириб келади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Афғонистонга 5,6 миллион долларлик ун экспорти амалга оширилган. Хайрулло Бозоров тадбирда корхона раҳбари Шоҳруҳ Раҳматуллаевга вилоятда иқтисодиётнинг равнақ топиши, янги иш ўринларини яратиш, бюджет барқарорлигини таъминлашга қўшиб келаётган ҳиссаси учун ҳокимнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғасини топшириб, миннатдорчилик билдирди.
Янги қувватларни қурилиш ва жиҳозлаши учун 40 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган. Шундан 35 миллиард сўми корхонанинг ўз маблағлари бўлса, 5 миллиард сўм банк кредитлари жалб этилган. Туркиянинг илғор технологиялари билан жиҳозланган корхонада 15 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилади. Хомашё асосан Қозоғистондан олиб келинади. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари хорижга ҳам экспорт қилинади. Корхона ишга туширилиши натижасида 210 нафар йигит-қизлар доимий иш ўрни билан таъминланди.
Шунингдек, вилоят ҳокими ушбу корхонага ёндош ҳудудда фаолият бошлаган “Best Grand Elite” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона ишга туширилишига бағишланган тадбирда иштирок этди.
Хайрулло Бозоров йиғилганларни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан қутлаб, мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган янгилик ва ислоҳотлар, Президентимиз раҳбарлигида иқтисодиётда катта ўзгаришлар юз бераётганини қайд этди. Хусусий секторда соғлом рақобат муҳити ривожланиб, кенг турдаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратилганини алоҳида таъкидлади.
11 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган ушбу корхонада бир суткада 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. 10 турдаги ёғ маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Корхона ишга туширилиши натижасида 80 та янги иш ўрни яратилди. Вилоят раҳбари ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.