УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРИ

Жаҳондаги ҳеч бир мамлакатда тараққиёт йўли текис, сип-силлиқ бўлган эмас. Ривожланиш бор экан, табиийки, унинг қийинчиликлари ҳам бўлади. Буни одатда ўсиш, ўз ҳаётини тиклаш қийинчиликлари дейишади. Мустақил Ўзбекистон ҳам ўз тараққиёти ва тикланиши йўлида турли иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий қийинчиликларни енгиб ўтмоқда.

Бугунги замон – техника замони, интернет замони. Ҳаракатлар замони. Замонавий соҳалар ҳаётимизга шитоб ва шиддат билан кириб келаётир. Даврнинг обу-ҳавоси, тараққиётнинг суръати ва даражасини шу илм, техника белгилайди.        Ҳозирги пайтда биздан замон талаб қилаётган энг катта нарса, бу – интеллектимизни кўтариш. Интеллектимизни замонавийлаштириш, Интернетга, янги-янги технологияларга мослаштириш ва тўхтовсиз янгилаб бориш… Шулар орқали биз замонавий миллатга айланамиз.

Бу эзгу ниятга етиш учун давлатимиз, аввало, мактаб таълимига эътибор қаратди. Президентимиз таъкидлаганларидек, учинчи Ренессанс мактаб остонасидан бошланади. Мактабларда таълим-тарбия жараёни ҳаёт учун нафи тегадиган, болаларни яшашга маънан ва руҳан тайёрлайдиган, уларни турмушга қобил қиладиган савияга кўтариш сари бораётир. Бундан 100 йил муқаддам жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзини англаш – ўз ҳуқуқларини англаш ва ҳуқуқ тарбиясидан бошланишини алоҳида таъкидлаган эди. Шунинг учун адиб келтирилган парчада “ўз” сўзига алоҳида урғу беради. Қонунларга риояни ўзликни англаш, билиш билан боғлайди.

Маърифатчилар ўзликни англашни миллий тарбияда жуда юқори ўринга қўяди. “Ўз миллати, ўз ватани, ўз давлати” – мана шулар шахсни шахс қилади. Жадидларимиз айтгандек, бугун мактабимиз, дўконимиз, корхонамиз, мадрасамиз ва ҳар нарсамизни замонга мос ҳолда ислоҳ қилиш лозимдир. Акс ҳолда бу шиддатли замондан орқада қолиш табиий.

Замон билан қадам-бақадам одим отмоқ учун бугун Фарғона вилояти умумий ўрта таълим мактабларида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Мен узоқ йиллардан буён мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлайман. Мактабда 1044 нафар ўқувчилар таълим ва тарбия олади. Кечаги ва бугунги кунни солиштираман. Ўқувчиларда билим олишга иштиёқ ортиб бормоқда. Қувонарлиси, бу ҳолатга ота-оналар ҳам бефарқ эмас. Илгари мактабга “фарзандим қандай ўқияпти?” деган савол билан келувчи ота-оналар жуда кам топиларди, бугун эса улар боласининг келажаги мактаб парталарида яратилишини тобора теранроқ англаб етяптилар.

Ўқитувчиларнинг салоҳиятини аниқлаш учун ҳам янги тизим яратилди. Аттестациялардан уч бора ўта олмаган ўқитувчилар таълим муассасасидан четлаштирилмоқда. Бугун ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам сараланиб бораётир. Мен фаолият олиб бораётган мактаб фанлардан ўтказилаётган туман олимпиадаларида биринчи ўринни қўлдан бермайди. Рус тили ва адабиёти фанидан вилоят олимпиадасида 11-синф ўқувчиси Одинахон Шомирзаева биринчи ўринни эгаллади. Халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича республикa миқёсида PIRLS тадқиқоти 4-синфларда ўтказилди. Мактабимизнинг 5-6 синфлари биология фанига ихтисослаштирилган бўлса, 11-синфларда ижтимоий-гуманитар йўналишга асосланган вариатив синф ташкил этилган. Ахборот-ресурс марказимизда 16637 дан зиёд ададда китоблар мавжуд. 67 фан тўгараклари, бешта муҳим ташаббус бўйича клублар, бўлажак миллат оналарини ҳаётга тайёрлаш мақсадида “Қизларжон” клуби ҳам ташкил этилган. Туманда ўтказилган “1 000 000 дастурчи” танловида ҳам мактабимиз ўқувчилари биринчиликни қўлга киритдилар.

Таълим ва тарбиянинг асосий мақсади – истеъдодларни кашф этиш. Ҳақиқий истеъдод эгаларигина тараққиётга хизмат қилади. Жаҳоншумул кашфиётларни амалга оширади. Шу маънода мактабимизда фанлардан олинган билимларни мустаҳкамлаб боришдан ташқари, санъат ва адабиётга иштиёқманд ўқувчиларни кашф этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилик учун мактабнинг собиқ ўқувчиси, ўзбек мумтоз адабиёти бўйича фан доктори Зебо Қобилова жалб этилган. Ўтган қисқа давр мобайнида ўнлаб истеъдодли ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилди, турли танловлар ташкил этилди, ижод сирлари бўйича маҳорат машғулотлари ташкил этилди. Бир қатор ўқувчи ёшлар вилоятда ўтказилган китобхонлик, навоийхонлик тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқдалар.

Йилдан йилга ўқувчиларимизнинг илмга интилиши ортиб бораётганлигини кўриб, Ўзбекистон замини биринчи уйғонишга IX-XII асрларда, иккинчи уйғонишга XIV-XV асрларда бешик бўлган бўлса, XXI асрда яна бир муҳим уйғониш – учинчи Ренессансга бешик бўла олишига сира шубҳа қилмаймиз. Учинчи Ренессанс халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

 

Зиёдахон ҚОБИЛОВА,

Данғара туманидаги 28-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.