“ЭНДИ 10 ТА ТАҚДИР УЧУН МАСЪУЛМИЗ” дейди Набижон Валиев

“ЭНДИ 10 ТА ТАҚДИР УЧУН МАСЪУЛМИЗ”  дейди Набижон Валиев

Ҳар бир гўдак бу ёруғ дунёга келар экан, унга ота-онаси бағрида яйраб ўссин, бахтли-сао-датли бўлсин, деб тилак билдирилади. Лекин тақдир тақозоси билан уларнинг айримлари ота-она меҳридан бенасиб қолади. Бугун “Меҳрибонлик уйи”дан паноҳ топган, давлатимиз ва Юртбошимизнинг ғамхўрлиги остида униб-ўсиб келаётган фарзандлар қалбида ҳам ана шу бенасиблик оғриғи бор. Фарғона тумани, Саткак қишлоғи, Янгиобод кўчасида яшовчи Набижон Валиев “Меҳрибонлик уйи”дан 6 нафар болани ўз бағрига олиб, уларга улкан бахт ҳадя этди.

Ўзининг икки қиз, икки ўғли билан қарамоғидаги фарзандлари сони ўн нафарга етган Набижон ака ва Зиёда опаларнинг қувончи чексиз. Шарофатхон, Нилуфархон, Ҳасан ва Ҳусан, Дашахон, Лейла, Жасмина, Фарҳод, Артур, Карен – 10 та тақдир масъулияти энди Валиевлар зиммасида.
Юксак одамийлик ва меҳр-муҳаббат намунасини кўрсатган оилада вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан катта тантана ўтказилди. Унда турли ташкилот ва муассасалар масъуллари, маҳалла фаоллари, ОАВ вакиллари иштирок этишди. Болалар янги уй, янги оила бағрига гуллар ва шарлардан ясалган рамзий дарвоза орқали қарсаклар садоси остида кириб келишди. Уларга вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси томонидан велосипед, спорт анжомлари, ўқув қуроллари, дарс столлари, китоблар жамланмаси, кийим-кечак ва эсдалик совғалари топширилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, Фарғона вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи, подполковник Шавкат Акбаров инсонпарварлик тамойили асосида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга елкадош бўлаётган оилага миннатдорчилик билдиришди. Мутасаддилар бу болаларнинг соғлом ва баркамол вояга етиши учун барча кўмакдош эканлигига алоҳида урғу беришди.
— Олти йилдан зиёд “Меҳрибонлик уйи”да яшадим, у ердаги дўстларим билан ҳеч нимадан камлик кўрмадик, ҳамма шароитимиз етарли бўлса-да, ўз ота-онамиз бўлишини чин дилдан орзу қилардик. Бугун унга эришдик, — дейди Лейла Валиева ҳаяжон билан. — Ота-онамизнинг ўз фарзандлари ҳам бизни жуда илиқ кутиб олишди. Ҳалиям кўзларимга ишонмаяпман.
Оилабоши Набижон Валиев “Телекоминжениринг” компанияси вилоят ҳудудий бўлимида, оила бекаси Зиёдахон Валиева эса Фарғона шаҳридаги 4-умумтаълим мактабида фаолият олиб боради. Шу куни уларнинг барча фарзандлари ҳам ўзлари каби эл-юртга манфаати тегадиган, ҳалол ва фидойи инсонлар бўлиб камолга етишига тилак билдирилди.
Болаларнинг бувижониси Кароматхон она Валиеванинг жондай ширин набиралари 22 нафар бўлди. Онахон ибратли ишга қўл урган ўғли ва келинидан миннатдор, қўллари ҳамиша дуода.
Болажонлар қадами қутлуғ келганидан маҳалла аҳли ҳам хурсанд. Янгиобод кўчасининг асфальтланиши, электр, газ ва ичимлик суви тармоқлари яхшилангани ҳам бир яхшилик ортидаги хайрли ишлардан намуна, холос. Фидойилар оиласида униб-ўсадиган бу ўғил-қизлар ҳам эртага илм-у ҳунари, ақл-заковати билан улуғвор ишларга қодир авлод бўлса, не ажаб.
Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.
Элёр ОЛИМОВ олган сурат.