«ТОЛИБОН» АФҒОНИСТОННИНГ ЭРТАСИ БЎЛА ОЛАДИМИ?

«ТОЛИБОН»  АФҒОНИСТОННИНГ  ЭРТАСИ БЎЛА ОЛАДИМИ?

Пойтахт Кобулни эгаллаб, Афғонистонда назорат ўрнатган «Толибон» ҳаракатининг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳиднинг баёнот беришича, толиблар жаҳон саҳнасида ҳеч ким билан душманлик муносабатида бўлишни хоҳламайди. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати аввалги ишлар учун ҳеч кимдан «қасос олишга уринмайди» ва «ҳаммани кечирди».

Забиҳулла Мужоҳид толиблар бошқа мамлакатлар билан бевосита мулоқотга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатдаги барча элчихоналар ва ноҳукумат ташкилотларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланади. У аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, уларга шариатга риоя қилган ҳолда фаол турмуш тарзини олиб боришга имкон берилишини айтди. Толиблар вакили Энамулла Саманганий Афғонистон давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида мамлакат раҳбариятига аёллар ҳам жалб этилиши мумкинлигини истисно қилмади.
АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен «Толибон»нинг ҳужуми улар кутгандан кўра эртароқ юз берганини тан олди. Аммо унинг фикрича, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши ўзини оқлади. Европа Иттифоқининг ташқи масалалар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи “Толибон” Афғонистондаги урушда ғалаба қозонганини тан олади, бироқ унинг ҳокимиятини тан олмоқчи эмас. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни давом эттиради. «Толибон» ҳаракатини тақиқлаган ва террорчи ташкилот дея ҳисоблайдиган Россиянинг Афғонистондаги элчиси Дмитрий Жирновнинг таъкидлашича, «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши натижасида Афғонистондаги ҳаёт барқарорлашган.
Толиблар ёки “Толибон” (пушту тилида, “мадраса талабалари”) Афғонистонда 1994 йилда ташкил топган ҳаракат бўлиб, 1996 йилдан 2001 йилгача мамлакатни бошқарган (ўшанда мамлакат номи “Афғонистон Ислом Амирлиги” деб номланган эди). “Афғонистон Ислом Амирлиги”ни атиги учта — Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони тан олган ва дипломатик алоқа ўрнатган эди.
“Толибон” БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Россия Олий суди ва Канада томонидан террор ташкилоти дея, тан олинган. 1990 йиллар бошларида совет қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгач, толиблар Покистон шимолида пайдо бўлди. Бу паштун гуруҳи аввало Саудия Арабистони маблағ ажратадиган, сунний исломнинг муросасиз шакли тарғиб қилинадиган диний мактабларда пайдо бўлгани айтилади.
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, 1995 йилда толиблар Гулбиддин Ҳикматёр қўшинларини тор-мор қилиб, Гильмендни эгаллаб олишди, аммо Кобул яқинида Аҳмад Шоҳ Маъсуд дивизияси томонидан тўхтатилди. Ўшанда улар Афғонистон жанубий-шарқида мамлакат худудларининг учдан бир қисми устидан назорат ўрнатган эди. 1996 йил 27 сентябрида толиблар бирор бир жангсиз Кобулни қўлга киритди ва Афғонистон Ислом Амирлигига асос солдилар. “Толибон” ўз таъсирини жуда тез кенгайтира бошлади. 1995 йил сентябрида Ҳирот вилоятини таслим этди.
Толибларга қарши Аҳмад Шоҳ Маъсуд, Бурҳониддин Раббоний ва Абдул Рашид Дўстим бошчилигида Шимолий альянс ташкил топди. 2001 йил 26 февралда “Толибон” етакчиси Мулла Умар исломга алоқаси бўлмаган барча ёдгорликларни йўқ қилишга қаратилган декретни имзолади. Шундан сўнг толиблар Бамиёндаги III ва VI асрларга оид Будданинг иккита баҳайбат ҳайкалини портлатиб юборишди. Толибларнинг бу ҳаракатини ҳатто айрим мусулмон давлатлари ҳам қоралади.
2001 йил 11 сентябрда АҚШда юз берган террор ҳодисаларидан сўнг АҚШ Афғонистон Ислом Амирлигига қарши ҳарбий амалиёт бошлади ва Шимолий альянс кўмаги билан толиб-лар режимини ағдарди. Гуруҳнинг ўша вақтдаги раҳнамоси Мулла Муҳаммад Умар ва бошқа етакчилар, жумладан, Усама Бин Лоден кенг миқёсли одам овлаш амалиётларига қарамай, қочиб кетди. Шу тариқа, толиблар яширин фаолиятга ўтди, айримлари қўшни Покистондан бошпана топди. 2000 йиллардан бошлаб Покистоннинг Вазирис-тон вилояти “Толибон” ҳаракатининг таянч нуқтасига айланди. Толиблар қабила оқсоқолларини амалда сиқиб чиқардилар ва 2004 йилда минтақа устидан назорат ўрнатдилар.
Таҳлилчиларнинг фикрича, 2014 йилдаёқ толиблар Афғонистон ҳудудларининг 70 фоизи, жумладан, Гильменд, Қандаҳор, Пактия, Урузган, Нуристон, Кунар, Бадахшон, Забул, Ғазна каби вилоятлари устидан назорат ўрнатган.
2016 йил 21 май куни Афғонистон ва Покистон чегараси яқинида Американинг учувчисиз самолёти ҳаракат етакчиси Ахтар Мансур бўлган автомобилга ҳаводан зарба берди. “Толибон” етакчиси ўлдирилгач, унинг ўрнига Мавлави Ҳайбатулла Охундзода ҳаракат раҳбари этиб сайланди.
2013 йили “Толибон” Қатарда ўз идорасини очгач, тинчлик музокаралари учун умид уйғонди. Аммо ўзаро ишончсизлик юқори эди, зўравонлик эса давом этарди. 2020 йил февралида узоқ кутилган, бевосита АҚШ ва “Толибон” музокараларида тинчлик битими имзоланди. Унга кўра, АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетади, “Толибон” эса АҚШ ҳарбийларига ҳужумларни тўхтатади. Бошқа мажбуриятлар қаторида “Толибон” назоратидаги ҳудудларда “Ал-Қоида” ва бошқа жангари гуруҳлар ҳаракатига йўл қўйилмайди. Таҳлилчиларнинг фикрича, сўнгги 20 йилда “Толибон” ўзгарган.
“Толибон” раҳбари Ҳайбатулла Охунзода ўтган асрнинг 80-йилларида советларга қарши компания давомида мужоҳидлар томонида туриб жанг қилган. “Толибон”га 1994 йилларда келиб қўшилган ва ҳаракат асосчиси Мулла Муҳаммад Умарнинг яқин кишиларидан бирига айланган. 1996 йилда Афғонистон Ислом Амирлиги эълон қилинганидан сўнг, у Олий суд раисининг ўринбосари ва ҳарбий суд раҳбари этиб тайинланди. Амирликка барҳам берилгач, Охунзода 2001 йили Афғонистонни тарк этди ва қўшни Покистондан бошпана олди. Бу мамлакатда у мусулмон мактабларида дарс бера бошлади.
Ҳаракат етакчиси Мулла Умарнинг ўлимидан сўнг Охунзода Афғонистонга 2013 йилда қайтиб келди. Орадан уч йил ўтиб ҳаракат раҳбари Ахтар Муҳаммад Мансур ҳам ўлдирилди. Шунда у “Толибон” раҳбари этиб сайланди. Сўнгги йилларда бир неча бор унинг ўлгани ҳақида хабар тарқатилди, аммо бирортаси расман тасдиқланмади.
Абдул Ғани Барадар бугунги кунда ҳаракат “сиймоси” ва гуруҳнинг сиёсий қаноти етакчиси сифатида кўрилади. Чунки айнан у ғарб мамлакатлари ва Афғонистон расмийлари билан олиб борилган тинчлик музокараларида “Толибон” делегациясига раҳбарлик қилган.
Афғонистон Ислом Амирлиги даврида у толибларнинг ҳарбий стратегларидан бири бўлган эди. 2001 йилда АҚШнинг Афғонистонда ҳарбий амалиётлари бошланиши арафасида у мудофаа вазири лавозимида ишлаган. Сўнг Покистонга кетди ва 9 йилдан сўнг қўлга олинди. АҚШ толиблар билан музокаралар ўтказишга қарор қилгани боис, Барадар 2018 йилда қамоқдан озод қилинди. Озодликка чиққан Барадар толибларнинг бош дипломатига айланди. Айнан у АҚШ собиқ давлат котиби Майк Помпео билан учрашган, шунингдек, музокаралар олиб бориш учун Москвага борган. Унинг Хитой вакиллари билан ҳам музокаралар олиб боргани айтилади. The Wall Street Journal тарқатган хабарга кўра, 2020 йилда толиблар дипломати ўша вақтдаги АҚШ президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқотда бўлган.
Ҳаракатнинг яна бир етакчиларидан бири Муҳаммад Ёқуб бўлиб, у “Толибон” асосчиси мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли ҳисобланади. Таҳминларга кўра Ёқуб 1990 йилда туғилган. У ҳам отаси сингари мулла бўлиб, Мулла Умарнинг вафотидан сўнг тилга тушган. (Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг августида “Толибон” Мулла Умарнинг ўлимини икки йил давомида яширганини тан олди).
Айни дамда Муҳаммад Ёқуб ташкилотнинг қуролли кучларига бошчилик қилади. Отасининг ўлимидан сўнг у “Толибон” раҳбари бўлади”, деган гаплар юрган эди, аммо ҳаракатнинг бошқа етакчилари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли бу гап амалга ошмади. Ҳозирда ҳаракат раҳбарининг ўринбосарларидан бири ҳисобланади.
“Толибон” ҳаракати қисқа вақт ичида қон тўкмай Афғонистонни эгаллаш, бир қатор давлатлар эса дарҳол уни тан олгани таҳлилчилар, жумладан, менда ҳам дунёнинг буюк давлатлари — Россия, АҚШ, Хитой бундай бўлишини аввалдан билган, деган фикрга олиб келади. Бу тахмин. Ҳаётий ҳақиқат натижаларини эса яқин муддат ичида кўрамиз.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
сиёсий шарҳловчи.