“БИТТА БИЛАН ЮРАМИЗ!”ёки вилоятимиздаги шаҳарлараро йўловчи ташиш хусусида

“БИТТА БИЛАН ЮРАМИЗ!”ёки вилоятимиздаги шаҳарлараро йўловчи ташиш хусусида

Эҳтиёж бор, тартиб-чи?

Бир дўстим бор. Ўзининг енгил автомашинасида йўналишсиз таксичилик, халқ тили билан айтганда “киракашлик” қилади. Ўзича мақтаниб ҳам қўяди: “Ўзимга хонман…” Мақтанганичаям бор – ҳеч ким унга хўжайин эмас, тўй-тўйчиқ, гап-гаштакдан қолмайди, хоҳласа кўчага чиқади, хоҳламаса дам олади. Лекин битта “но”си бор. Йўловчи ташиш учун лицензияси йўқлиги учун масъул ходимлар жаримага тортишибди. “Лицензия фалон пул, қоғозбозлиги, оворагарчилиги бор, бир иложини қилиб мундайроқ штраф тўлаб қутулдим”, деб қолди бир куни.

Кейинги йилларда юртимизда камбағалликни қисқартириш, ишсизликни камайтириш борасида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмоқда. Янги-янги корхоналар очилиб, доимий иш ўринлари яратилмоқда. Уларни муносиб иш ҳақи ва меҳнат шароити билан таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Бир қарашда ҳаммаси меъёрида кетаётгандай, муаммолар бирин-кетин ҳал бўлаётгандай.
Сир эмас, бугун мамлакатимизда меҳнат шартномаси тузмасдан фаолият олиб бораётганлар сони кўпчиликни ташкил этади. Амалиётда ҳужжатларда “ишсиз”, аслида эса маълум даромадга эга шахслар мавжуд. Улар асосан бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланиб, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига амалга оширадилар. Кўчада норасмий тарзда фаолият юритаётган киракашлар ҳам айнан шу тоифа вакиллари ҳисобланади.
Ҳақиқатни айтадиган бўлсак, юртимизда киракашларга, айниқса, шаҳарлараро ёки вилоят маркази ва туманлар ўртасида қатновчи таксиларга эҳтиёж бор. Жамоат транспорти исталган пайтда тайёр турмаслиги, вақтни тежаш, нархни келишиш мумкинлиги, айтган жойингизга элтиб қўйиши каби жиҳатлар бу касб эгаларига бўлган талабни оширади. Рост-да, “бир-икки сўм қўшиб бераман, манов кўчага олиб боринг”, “уйимдан олиб кетинг”, “фалон жойда юким бор эди, ола кетинг” каби илтимос ва талабларингизга “лаббай” деб жавоб беришади улар. Туманлардан вилоят марказига келувчилар борар манзилини излаб юрмаслик учун ҳам айнан киракашларга юзланишади. Айниқса, пойтахт томон йўлга чиққанларнинг жуда кўпчилиги ширинсухан, эпчил ва моҳир киракашларга мурожаат қилишади.
Шаҳар ва туманлар марказларида ҳар бир йўналиш учун алоҳида тураргоҳ – “питак”лар пайдо бўлган. “Тошкент питак”, “Фарғона питак”, “Қўқон питак” ва ҳоказо номлар билан аталадиган тураргоҳларда киракашларнинг навбат талашиб, мижоз чақириб турганига гувоҳ бўласиз. Йўловчи нархни ҳайдовчи билан тўғридан-тўғри келишиб, ўзига хос “шартнома” тузиб, ўриндиққа жойлашади. Нарх-наво ҳам доим бир хил бўлмайди: йўловчи кўп-у, машина оз бўлса – қиммат, аксинча ҳолларда арзонроқ кетишингиз мумкин. Айниқса, байрамлар арафасида ёки бирор оммавий тадбирлар пайтида нархлар юқорига қараб ўсади.
Шу ўринда киракашларнинг хулқ-атвори, маданияти хусусида бир оғиз. Асосий қисми ёшлардан иборат бу касб эгалари исталган ки-йимда, исталган кўринишда ишга чиқишади. Соч-соқоли ўсган, оғзидан боди кириб-шоди чиқадиган, йўл давомида тамаки чекадиган, ҳатто мижоз билан жанжаллашишгача борадиганлари бир тараф, маданият билан муомала қилувчи, ораста ва озода кийинган, йўл қоидаларига қатъий амал қиладиганлари бир тараф…

Энди киракаш эмас, тадбиркор!

Бир жиҳатга эътибор қаратиш керак. Киракашларнинг тўқсон фоизи (балки бундан ҳам кўпи) бирор юридик шахс ёхуд муассаса билан ёзма шартнома тузмайди, тузишга интилмайди. Оқибатда улар ҳеч қандай стажга эга бўлишмайди, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, таътил ва ижтимоий ҳимоя каби жиҳатлар улар учун бегоналигича қолаверади. Аслида, уларнинг ўзи шуни хоҳлашади. “Хатга тушдинг – ўтга тушдинг” мақолига амал қилишади гўё.
– Президентимизнинг 2021 йил 7 майдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолия-тини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5108-сонли қарорига асосан, йўловчиларни ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиқларга эга бўлган енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолияти якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киритилди, – дейди Фарғона шаҳар ДСИ шўъба бошлиғи Абдубоқи Тешабоев. – Мазкур қарорда 2021 йил 1 сентябргача бўлган даврда якка тартибдаги ташувчиларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи ундирилмаслиги, якка тартибдаги ташувчилардан лицензия варақаси берилганлиги учун давлат божи йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (245 минг сўм) миқдорида ундирилиши, шунингдек, бунда давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғим ундирилмаслиги белгилаб берилган.
Шу билан бирга, йўналишсиз таксилар учун автомобиль транспортининг олд ойнасининг юқоридаги ўнг бурчагига жойлаштириладиган яшил рангли ёритиш чироғи, ҳисоблагич (таксометр) ва радиоалоқа воситаси ва назорат-касса аппаратини ўрнатиш талаблари бекор қилинган. Якка тартибда тадбиркорлик қилишни истовчилар давлат хизматлари марказига бориб, бемалол фаолият юритишлари мумкин.
– Аввало йўловчи ташишда йўналишли ва йўналишсиз таксини фарқлаш лозим. А нуқтадан Б нуқтагача бўлган линияда ҳаракатланувчи такси хизмати “йўналишли” ҳисобланади. Йўналишсиз такси эса бир чизиқ бўйлаб эмас, эркин манзиллар оралиғида фаолият юритади. Йўналишли маршрутларга бугунги кунда тадбиркорлар ва юридик шахс-лар очиқ тендер савдолари асосида эгалик қилишмоқда, – дейди вилоят транспорт бошқармаси автомобиль ташувларини мувофиқлаштириш сектори 1-тоифали инспектори Шуҳратжон Эрматов. – Аксарият ҳайдовчилар озгина вақтидан қизғаниб, юқорида айтилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланишни исташмайди. Бу бўйича ҳайдовчилар ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб борамиз. Ваҳоланки, автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш Маъмурий жавоб-
гарлик тўғрисидаги кодекс-нинг 1763-моддасига асосан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – эллик бараваридан юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

“Стоянка”лар…

Туман марказида жойлашган вокзал олдидаги киракашлардан бирининг машинасига ўтирдим. Эпчил, сўзамол ҳайдовчи ўн дақиқа ўтиб-ўтмай, яна учта йўловчини “кўндирди”. Энди жўнаймиз дегандик, бир йигит қошимизда пайдо бўлди. Ҳайдовчи бир “уфф” тортганича ёнидан ўн минг сўм чиқариб, унга узатди. Йигит пулни киссасига солиб, худди муҳим ишни қойиллатиб қўйгандек, қўлидаги блокнотига бир нималарни ёзди-да, “Оқ йўл” деганча нари кетди.
– Бу ким? Нега пул бердингиз? – дедим ҳайдовчига.
– “Стоянка” шуларга тегишли. Бир кунига ўн минг берамиз, – хоҳламайроқ жавоб берди киракаш йигит.
– Нега чек сўрамадингиз?
– Э, у ёғи билан ишим йўқ. Машинамнинг номерини ёзиб олди, бўлди. Шу билан эртагача безовта қилмайди.
Ҳайдовчининг айтишича, вилоят марказидаги шу каби тураргоҳга ҳам кунига ўн минг сўм тўларкан.
Ҳисоблаб кўрдик: ҳар куни икки томондаги тураргоҳга 10 мингдан 20 минг сўм. Бир ойда 500-600 минг сўмни ташкил қилади! Биргина туманда 80-100 га яқин киракашлар фаолият олиб бораётгани ҳисобланса, салмоқлигина маблағ кўз олдимизга келади.
Хўш, бу “стоянка”лар тушган пулни касса аппарати орқали расмийлаштирадими? Нақд пул кўринишидаги йиғимнинг ҳеч бўлмаса ярмини банкка топширадими? Қанча солиқ тўлайди-ю, қанча фойда олади? Бу алоҳида мавзу бўлади.
“Стоянка”чи тадбиркор акаларимизга ҳеч қандай ғайирлигимиз йўқ, аслида. Фақат шунча тушум бўлиб тургандан кейин автотураргоҳларда ҳар замонда янгилаш, ободонлаштириш, қўшимча бино ёки ўриндиқлар қуриш, ҳайдовчилар учун қулайликлар яратиш устида бош қотириб кўрсалар, нур устига нур бўлармиди…
“Ўзини ўзи банд қилган шахс-лар” рўйхатига киритилмаган бўлса-да, ҳокимиятга иш сўраб бормаётган, ҳомийлар ва мутасаддилар кўмагига кўз тикмай, киракашлик қилиб оила тебратаётган юртдошларимиз эса тезроқ “якка тадбиркор” деган номни олиш, тўлаётган маблағлари юртимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши ҳақида фикр қилишларини истардик.
Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.