Бир маҳалла – бир маҳсулот:

Бир маҳалла –  бир маҳсулот:

МАЛИНАЧИЛИК КООПЕРАЦИЯСИ ТУЗИЛАДИ

Фарғона тумани маркази – Водил
қишлоғи атрофидаги бир неча маҳал-лаларда малина етиштириш борасида катта ҳаётий тажриба тўпланган бўлиб, бугунги кунда ушбу анъаналар замонавий мезонлар асосида ривожланиб бормоқда.

«Дилкушо” МФЙда ҳам аҳоли томорқа хўжаликларида асосан малина етиштирилади. Яратилаётган қулай шарт-шароитлар асосида ҳар бир оила доимий даромад манбаига эга бўляпти.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Дилкушо” маҳалласи миришкор томорқачилари билан учрашиб, малиначилик тармоғини ривожлантириш имкониятларини ўрганди. Юзма-юз мулоқотлар давомида вилоят раҳбари аҳоли хонадонларида малина етиштириш жараёнларини кўздан кечирди, малиназорлар ташкил этган деҳқон хўжаликлари фаолияти билан танишди.
“Дилкушо” маҳалласи аҳли ўз томорқасида малинадан йилига икки марта ҳосил олади. Вилоят ҳокими малина етиштириш ҳадисини олган Илҳомжон Йўлдошевлар оиласида бўлди. Бу оила 10 сотих ердаги узумдан йилига ўртача 40 миллион ҳамда малинадан 20 миллион сўм даромад олмоқда.
Хайрулло Бозоров маҳаллага туташ ҳудуддаги сув муаммоси туфайли деярли бўш турган 300 гектар ерда малина плантацияси ташкил этиш, шу мақсадда бу ерларни тошдан тозалаш, тик қудуқлар қазиш ва насослар ўрнатиш бўйича мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берди. Малина плантация-сини 1000 та оилага 30 сотихдан бўлиб бериш орқали кооперация шаклида фаолият юритиш қулайлигига эътибор қаратилди. Музлаткичли мева сақлаш омбори барпо этиш, малинани қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш орқали экспорт салоҳиятини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Малина етиштириш соҳасида хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиш, серҳосил ва экспортбоп янги навларни маҳаллийлаштириш ҳамда бунинг учун илмий-амалий тажрибаларни ўзаро уйғунлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Ўз мухбиримиз.