Афғон чекаётган Афғонистон

Афғон чекаётган  Афғонистон

«Толибон» жангарилари Кобулни қўлга олди. Шу тариқа улар бутун Афғонистонни назорат қила бошлади.

Жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари ва ОАВнинг маълум қилишича, толиблар 15 август куни кечга яқин ҳеч қандай қаршиликларсиз пойтахтни эгаллаб, президентлик саройига кирди. Афғонистоннинг собиқ ички ишлар вазири Али Аҳмад Жaлолий ўтиш даври ҳукуматининг раҳбари бўлди, деб хабар бермоқда Рейтер агентлиги.
“Толибон” ҳаракати мамлакатда Афғонистон ислом амирлиги тузилганини эълон қилиши кутилмоқда. Чунки 1996-2001 йилларда, толиблар бошқаруви даврида ҳам Афғонистон шундай аталарди.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзой мамлакатдан чиқиб кетди. Собиқ президент Ҳамид Карзай мамлакатда «хаос юзага келишининг олдини олиш учун» Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилганини маълум қилган. Унинг таркибига Карзайнинг ўзи, Миллий ярашув олий кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва Афғонистон Ислом партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ бош вазири Гулбиддин Ҳикматёр кирган. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг мақоми аниқ эмас. Толиблар ўтиш даври ҳукумати тузилишига рози эмас ва ҳокимият тўғридан-тўғри топширилишига эришмоқчи. Улар Кобулда хавфсизлик таъминланишини ваъда қилиб, аҳолидан хавотирга тушмаслик ва шаҳарни тарк этмасликни сўради.
«Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатларга қарши ҳаракатлар олиб боришига йўл қўймаслигига ишонтирмоқда. «Биз ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан ҳар қандай мамлакатга, шу жумладан, қўшни давлатларга қарши фойдаланишга йўл қўймаслик тарафдоримиз», — деди ҳаракат вакили Муҳаммад Суҳайл Шоҳин Ҳиндистоннинг ANI агентлигига берган интервьюсида.
Ғарбнинг кўплаб давлатлари қатори АҚШ ҳукумати Кобулдан дипломатларини эвакуа-ция қилди. АҚШнинг Кобулдаги ишончли вакили Росс Уилсон Яшил ҳудуддаги Америка элчихонасини тарк этиб, АҚШга йўл олди. Аввалроқ “Оқ уй” раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод АҚШ фуқаролари тўлиқ эвакуация қилинмагунча, «Толибон» жангарилари Кобулга кирмаслигини талаб қилганди. Покистон баёнот бериб, «Афғонистондаги воқеалар ривожини диққат билан кузатиб бораётгани»ни маълум қилди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда Покистон ҳукумати вакиллари Афғонистонда ҳукумат алмашинувидан хурсанд эканликларини яшира олмаётгани акс этган видеолар тарқалди.
Германия Кобулдаги элчихонаси ходимларини Ҳамид Карзай номидаги аэропортга кўчирди. «Элчихона персонали аэропортга олиб келинган ва шу ерда фаолиятини давом эттирмоқда», дейди мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас. Франция ҳукумати ҳам элчихонасини Кобул аэропортига кўчириб ўтказишга қарор қилди. Республика мудофаа вазирлиги баёнот беришича, Франция Афғонистондан француз фуқароларини эвакуация қилиш учун Бирлашган Араб Амирликларига икки ҳарбий транспорт самолёти юборади. Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга Афғонистонни тарк этишда ёрдам кўрсатишини маълум қилган. Бундан ташқари, вакиллар палатаси етакчиси Жейкоб Рис-Моггнинг CNN билан суҳбатда маълум қилишича, 18 август куни Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилиш учун британ парламенти таътилдан шошилинч қайтади. Бош вазир Борис Жонсон Афғонистондаги вазият муносабати билан ҳукуматнинг фавқулодда йиғилишини чақирган.
Канада хавфсизлик нуқтаи назаридан Кобулдаги элчихонаси фаолиятини тўхтатди. Россия Федерацияси эса, гарчи «Толибон» мамлакатда террорчи ташкилот сифатида тан олинган бўлса ҳам элчихонасини ёпмаслиги ва ўтиш даври ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқчилигини маълум қилди.
Қайд этилишича, Россия элчихонаси одатий режимда фаолиятини давом эттирмоқда, «Толибон» бошқа давлатлар дипломатлари билан бўлгани каби, россиялик дипломатларнинг ҳам хавфсизлигини кафолатлаган. Шунингдек, Россиянинг Кобулдаги элчихонаси шаҳардаги вазият кескинлигича қолаётгани, жанглар бўлмаётгани ва дипмиссияга таҳдид йўқлигини билдирган. Москва ҳозирча толиб-ларни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаган.
16 август куни Нью-Йорк вақти билан соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 19:00) БМТ Хавфсизлик кенгаши Афғонистондаги вазият бўйича шошилинч йиғилиш ўтказди. Очиқ брифинг ва ёпиқ маслаҳатлашувлар шаклида ўтган йиғилиш Норвегия ва Эстония ташаббуси билан чақирилди.
Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар узоқ тарихга эга. Афғон ва ўзбек халқларини бир неча минг йиллик тарих боғлаб туради. Минтақада ташкил топган Парфия, Бақтрия, Кушон, эфталитлар каби буюк давлатлар ҳар икки халққа бирдек тааллуқлидир. Халқларимиз биргаликда буюк маданият яратишган. Х асрда буюк аждодларимиз тузган ғазнавийлар давлатининг гуллаб-яшнашига минтақадаги бошқа халқлар каби ўзбеклар ҳам, афғонлар ҳам катта ҳисса қўшган.
Евроосиё марказидаги стратегик ҳолат сабаб Афғонистон ҳамиша буюк давлатларнинг кураш майдони бўлиб келган. Бу жиҳат ўн саккизинчи асрдан бошлаб яққол кўзга ташлана бошланди. Афғонистон устидан назорат ўрнатиш мақсадида Буюк Британия уч марта уруш олиб борган. 1919 йилнинг 19 августида Афғонистон Буюк Британиядан озод бўлди. 1973 йил 17 июль куни Афғонистонда давлат тўнтариши юз бериб, монархияга барҳам берилди ва республика дея эълон қилинди. Мана шу даврдан бошлаб Афғонистон тарихида сиёсий беқарорликлар бошланди.
Президент Муҳаммад Довуд ислоҳотлар ўтказиш орқали мамлакатни модернизация қилишга уринди, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмади. 1978 йилнинг апрель ойида Афғонистонда инқилоб бошланди. Президент Муҳаммад Довуд оила аъзолари билан қатл этилди, ҳокимиятга Афғонистон Халқ демократик партияси келади. 1978 йилнинг апрелида юз берган Савр инқилобидан сўнг Афғонистон Демократик Республикаси эълон қилиниб, унинг раҳбари этиб Нур Муҳаммад Тараккий, Инқилобий кенгаш раиси этиб эса Ҳафизулла Амин сайланади.
Ҳукумат радикал ислоҳотлар ўтказа бошлайди, бу ўз навбатида, анъанавий турмуш тарзини кечиришга одатланган жамиятда норозиликлар тўлқинини келтириб чиқаради. Шу тариқа мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетади. Афғонистонга собиқ иттифоқ ҳарбийлари киритилди. Натижада «шўровий»лар фуқаролар урушига бевосита аралашди. Кейинчалик (1989 йилда) чекланган қўшин чиқиб кетган бўлишига қарамай, Афғонистонда тинчлик ўрнатилмади.
«Шўровий»ларга қарши курашаётган афғон мужоҳидларини ғарб мамлакатлари ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. 1989 йилдан кейин ҳам фуқаролар уруши тўхтамади, балки кучайди. Мамлакат шимолида дала қўмондонларидан ташкил топган гуруҳ пайдо бўлди. Шимолий альянс 1992 йилнинг апрелида пойтахт Кобулга кирди ва Афғонистон Демократик Респуб-ликаси тугатилди. Пойтахтда Аҳмад Шоҳ Маъсуд ва Гулбиддин Ҳикматёр ўртасида ҳокимият учун кураш кетар экан, мамлакат жанубида асосан пуштунлардан иборат, аммо ўзларини бутун афғон халқини ҳимоячиси дея
эълон қилган «Толибон» ҳара-кати кучга тўла бошлади. Улар-нинг мақсади Афғонистонда Ислом давлатини қуриш эди. 1996 йилда “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг катта қисмини ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Сентябрда Кобулни эгаллади, президент Муҳаммад Нажибулла қатл этилди, Шимолий альянс эса шимолий вилоятларга чекинишга мажбур бўлди.
2001 йилнинг 11 сентябрь ҳодисаларидан сўнг халқаро террорчи Усама бен Ладенга Афғонистон толиблари бошпана берди. Бу, ўз навбатида, АҚШнинг Афғонистонга қўшин киритишига баҳона бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ, 2002 йил бошларида толиблар режими қулади, бироқ «Толибон» ҳаракати бутунлай йўқ қилинмади.
Толиблар давлат тепасидан кетгандан сўнг замонавий Афғонистон Ислом Республикаси тузилди. 2001 йил декабрида Бонн конференциясида афғон сиёсий намояндалари томонидан Ҳамид Карзай Афғонистон Ўтиш маъмурияти раҳбари этиб сайланди. 2002 йилнинг июнида Лойя-жирға (мамлакатдаги барча гуруҳ, элат, қабила вакиллари кирган Олий Кенгаш) уни Афғонистонинг Муваққат президенти этиб сайлади. 2004 йилда янги Конституция қабул қилинди ва илк бор президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда Ҳамид Карзай ғалаба қозонди.
2009 йил 20 августда бўлиб ўтган навбатдаги сайловда Ҳамид Карзай иккинчи муддатга президент этиб сайланди. 2014 йилги сайловда Ашраф Ғани Афғонистон президенти лавозимини қўлга киритди.
Ўзбекистон Афғонистон муаммосини ҳал қилишда ўзининг мақсад ва принципиал позициясига содиқ қолмоқда. Қўшни мамлакатдаги вазият-ни барқарорлаштиришга кў-мак беришда тинчликсевар лойиҳаларни амалга ошириш, узоқ муддатли урушдан вайрон бўлган иқтисодиётини тиклашда иштирок этиш орқали ўз қатъиятини намойиш қилиб келаяпти. Ўзбекистон минтақавий ҳамда халқаро хавфсизликни таъминлашда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг стратегик аҳамиятини инобатга олиб, энг юқори мартабали минбарлардан туриб, жаҳон афкор оммасининг эътиборини афғон можаросини ҳал қилиш заруратига қаратмоқда.
Марказий Осиёнинг дардли, оғриқли нуқтаси бўлган Афғонистон наинки минтақамиз, балки дунёнинг энг ташвишли, чигал ва қарама-қаршиликка тўла муаммосидир.
Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва азалий дўстлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатиш, ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодий, транспорт, маданий ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон томонидан кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Шарофиддин
Тўлаганов,
сиёсий шарҳловчи.