Фойдаланилмаётган майдонлар ва бинолар

Фойдаланилмаётган  майдонлар  ва бинолар

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Марказий Осиёдаги йирик саноат корхонаси ҳисобланади. 60 йилдан ортиқ фаолияти давомида корхонада халқ хўжалиги учун жуда муҳим бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва бу жараён давом этмоқда. Бироқ йиллар ўтгани сайин дунёда нефть маҳсулотлари сифатига талабнинг ортиши заводни модернизация қилишни тақозо этди.

2020 йилнинг 7 февралида Ўзбе-кистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Jizzakh рetrоleum» МЧЖ қўшма корхонасининг ишончли бошқарувига ўтган заводда тасдиқланган модернизация лойиҳасига биноан умумий қиймати 300 миллион долларга тенг бўлган янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация ва реконструкция қилиш белгиланди.
Ишлаб чиқаришни чуқур модернизация қилиш дастури доирасида ўтган йили 4 та янги объект қурилишини ўз ичига олган хом-ашёни қайта ишлашнинг истиқболли лойиҳаси ишлаб чиқилди. Дастурни амалда қўллаш углеводород хомашёсини қайта ишлаш самарадорлигини оширади ҳамда 2023 йилдан бошлаб 100 фоиз «Евро-5» стандарти асосидаги двигатель ёқилғилари, шунингдек, энг замонавий, халқаро АРI стандартлари талаб-ларига жавоб берадиган сурков мойларини ишлаб чиқариш имкониятини беради.
Мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш учун ички имкониятлар баробарида, хорижий инвестицияларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Россия, Буюк Британя, Франция, Хитой каби хорижий компаниялар билан ҳамкорликда фаолият олиб борилаётгани натижасида жорий йилнинг мартидан бошлаб «Евро-4» стандартидаги дизель ёқилғиси ишлаб чиқарила бошланди. Авваллари корхонада ишлаб чиқарилаётган бу турдаги маҳсулот сифати «Евро-2» стандартидан ошмасди. Май ойида эса “АИ-95” маркали автомобиль ёқилғиси биржа савдосига қўйилди. Мазкур бензин тури чиқинди гази билан заҳарланиш даражаси паст бўлган олий навли маҳсулот сирасига киради.
Шунингдек, завод мутахассислари томонидан ишлаб чиқариш жараёнлари учун мўлжалланган ёқилғи ва энергия сарфини камайтириш, шунингдек, углеводородларнинг тикланиб бўлмайдиган йўқотишларини камайтириш бўйича дастур ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда.
2020 йил якуни бўйича етарли миқдорда газ конденсати (енгил углеводород хомашёси)
етказиб беришнинг имкони бўлмаганига қара-май, корхона ишлаб чиқариш қувватларини ҳамда республика халқ хўжалиги ва иқтисо-
диёти учун зарур бўлган нефть маҳсулотлари-ни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди. Бироқ заводда бугунги кун талабига жавоб бермайдиган қурилмалар, маънан эскирган асбоб-ускуналар, фойдаланмай ётган ер майдонлари мавжуд. Бир неча цехлар ўз фаолиятини тўхтатган. Хусусан, фойдаланилмасдан тургани учун 4 ва 15-цехлар ҳудуди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси балансига ўтказилди.
Ўтган шанба куни Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюрган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда секторлар раҳбарлари мазкур нотурар объектлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
4-цех майдони 28 гектарни, 15-цех ҳудуди эса 8 гектарни ташкил этади. Бу майдонлар, мавжуд бино-иншоотлар йиллар давомида қаровсиз қолдирилди, ишлаб чиқариш конструкцияларининг бир қисми демонтаж қилинди. Вилоятимиз раҳбари мутасаддиларнинг эътиборсизлиги ва ўзибўларчилик ҳолатларини жиддий танқид қилди. Шу жойнинг ўзида Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда дахлдор ташкилотлар раҳбарларига ушбу цехлар ҳудудини лотларга ажратиш ҳамда электрон онлайн-аукцион орқали жозибадор лойиҳаларни жойлаштириш бўйича топшириқ берди.
Режага кўра 4-цех ҳудуди 19 та, 15-цех ҳудуди эса 9 та лотга ажратиладиган бўлди. Агар ҳудудларнинг ташқи инфратузилмаси талабга жавоб беришини, сув, электр энергия, йўл билан тўлиқ таъминланганлиги инобатга олинса, ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига тадбиркорларнинг қизиқиши ортишига ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Шунингдек, Хайрулло Бозоров ва секторлар раҳбарлари аввал “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖга тегишли бўлган, Фарғона шаҳрининг “Бешбола” МФЙда жойлашган мева-сабзавот омборини ҳам бориб кўришди. Ҳажми 2,5 минг тоннали совутгичли сиғимга эга бўлган иншоот вилоят ҳокимлигининг захира омборига айлантириладиган бўлди. “Чимён барака савдо сервис” МЧЖга давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тайёрлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Шу куни вилоят ҳокими Х.Бозоров Фарғона шаҳрининг Мустақиллик массивида барпо этилиши режалаштирилаётган кўп қаватли турар жой бинолари лойиҳалари билан танишди. 6 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда 18 та 14-25 қаватли уйлар қурилади. Вилоят раҳбари ер участкаларини электрон аукцион орқали сотиш, салоҳиятли қурилиш корхоналарини аниқлаб, қурилиш ишларини тезлаштириш бўйича шаҳар ҳокими М.Убайдуллаевга топшириқлар берди.
Хайрулло Бозоров Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси балансига ўтказилган, аввал «Фарғонаазот» АЖга тегишли бўлган “Дугоба” ёшлар уйи биносини бориб кўрди. Шу ерда мазкур бино ва спорт залини тўла таъмирлаб, талабалар, ёш илмий ходимлар ётоқхонасига айлантириш масаласи кўриб чиқилди.

Рустам ОРИПОВ.