Меҳмонимиз: Иқбол МИРЗО, Ўзбекистон халқ шоири

Меҳмонимиз: Иқбол МИРЗО, Ўзбекистон  халқ шоири

ЭЛГА, ТИЛГА БЕРИЛГАН ЭРК

Бугун ажаб замон келди. Одамларга берилган эркинлик туфайли, аввало, тилга эрк бериб юбордик. Ҳақ сўз айтиш баҳонасида ҳар ким хоҳлаган тегирмонига сув қуйиб, тўпонни қипиққа қориб ётибди. Ижтимоий тармоқларни асти қўяверасиз. Берди-берди, блогерга берди. Отингни сот, молингни сот, блогер бўл, дейдиган кун келди. Бу ёқда балогир — журналистларнинг боши қотган. Газет-журнол деганинг касодга ошна бўладигандек…

Аммо… Ел элни элайди, дегандек, буям бир синов. Ана шу олағовурда фикр иммунитети чийланади, онг хамири ошади. Мен, кейинги йиллар ислоҳотининг энг катта ютуғи ана шу сўз эркинлиги дейман. Илм аҳли, ўқувчиларнинг пахта заҳматидан қутулгани бир бўлса, молия тизимидаги тартиб яна бир бўлса, суд-ҳуқуқ соҳасидаги адолатга йўл тағин битта бир бўлса, қўшнилар билан очиқлик сиёсати, Марказий Осиё геосиёсати, гендертенглик, “аёллар дафтари” ва бошқа одампарварлик масалаларини санасак, барига бош асос шу — сўз эркинлиги деб ҳисоблайман.
Демократия деган жонивор шу-да, ҳар ким ўйлаганини айтаверади, оқибатда олтин ўрталиқ топилади.
Бу борада гап кетганда, мулоҳазали, сабрли фарғоналик журналист дўстларим, устозларимга раҳмат айтиб ўтмоқчиман. Шунингдек, тиши тилига қафас бўлган андишали элгаям минг қуллуқ!
Гапнимас, ишни “беш” қиладиган заҳматкаш халққа минг таъзим!
Катта байрам билан орзуси катта, умиди улкан, юраги баҳайбат юртдош-
ларимни қутлайман! Барчамиз Тангри паноҳида эсон бўлайлик! Бало-қазолар абад даф бўлсин!

ВАТАН
СОҒ БЎЛСИН!

Йўл бошида турибмиз, ота,
Тилак айтинг, манзил оқ бўлсин.
От жилови тортилган чоғда
Руҳ хотиржам, кўнгил чоғ бўлсин.
Дуо қилинг, ушмундоғ бўлсин:
Сиз бор бўлинг, Ватан соғ бўлсин!

Она Ватан дейман-а, она,
Ич-этимни ейман-а, она.
Ўйинқароқ бўлиб кетсам ҳам
Сиз бошимда ойдай парвона.
Мадор бўлинг, ой ҳамроҳ бўлсин,
Сиз бор бўлинг, Ватан соғ бўлсин!

Қанча ёғий чопиблар ўтди,
Тўрт тарафдан қопиблар ўтди.
Дўстлар, мажруҳ Ватан устига
Бобом жонин ёпиблар ўтди.
Бедор бўлинг, эл огоҳ бўлсин,
Сиз бор бўлинг, Ватан соғ бўлсин!

Жаннатюртда ҳурсиз, парисиз,
Осмонэлнинг ҳулкарларисиз.
Кўзингизга сурмадир ҳаё,
Юрактовнинг ҳуркакларисиз.
Дилдор бўлинг, ёр муштоқ бўлсин,
Сиз бор бўлинг, Ватан соғ бўлсин!

Эй умидим ғунчаси, болам!
Сиз кулсангиз, кулгили алам.
Бир куни кўз юмсам дунёдан,
Сизга қовоқ солмасин олам.
Ҳушёр бўлинг, Ҳақ паноҳ бўлсин,
Сиз бор бўлинг, Ватан соғ бўлсин!

Укаларим, бугун лим тўлдим,
Шу ўлка деб яшнадим, сўлдим.
Мен Ватанга мардикор эмас,
Ватанимга мен дастёр бўлдим.
Дастёр бўлинг, халқ подшоҳ бўлсин,
Сиз бор бўлинг, Ватан соғ бўлсин!

Дўстим
Олимжонга
аталган шеър

Меҳринг меҳригиё тану жонимга,
Бир ҳафта кўрмасам девонадайман.
“Она” сўзин қўшиб қутлуғ номингга
Фарғонажон, дейман,
Фарғона, дейман.

Сенда ё ой тиниқ, ё кўзим равшан,
Сенда димоғим чоғ –
райҳондай ёвшан.
Руҳинг гуллаб турса,
даштинг ҳам гулшан,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Хуморинг тутганда эсу ҳушим йўқ,
Илк севгим кирмаган ширин тушим йўқ.
Сени соғинишдан бошқа ишим йўқ,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Ҳазиний бувамнинг изларин босиб,
Кўнглимни ёзганман, шеъримни ёзиб.
Юрагим интиқиб, ичикиб, озиб,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Кимгадир тириклик моддий кўринар,
Келиб-кетмоқлик жўн, оддий кўринар.
Мен кўзим юмсам ҳам водий кўринар,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Бормисиз, ҳей, азиз ёру дўстларим!
Юзингиз нуридан ёруғ юзларим.
Қорадарахтларим, қоракўзларим,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Йўлда йўлчивиндек ҳориганим рост,
Қирққа кириб-кирмай қариганим рост.
Сенинг дардинг билан оғриганим рост,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Кўнглимни кўтарар синиқ тоғларинг,
Кўйлаклари ғижим қизғалдоқларинг.
Менга шамол бўлиб келар оҳларинг,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.
Довондан бағрингга жилғадек шошиб,
Шеър айтиб келаман, юрагим тошиб.
Жон сўраб келганда жонимни қўшиб,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

МЕНИНГ
БАҒДОДИМНИНГ
ҚИЗЛАРИ

Бодомқовоқ, қийиқ кўзлари,
Бегонадан тийиқ кўзлари.
Қуралайми, кийик кўзлари?
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Ғўрлик пайтим, бебошлик пайтим
Сизни ташлаб кетибман дайдиб.
Мана, келдим бош эгиб қайтиб,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Умримда кўп таннозни кўрдим,
Суҳбатлашдим, ўтирдим, юрдим.
Ҳаммасидан чиройли юртим –
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Кўз бўяш йўқ, улама соч йўқ,
Назар қаттиқ – бунга илож йўқ.
Қайда бўлмай, сиздан кўнглим тўқ,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Оҳанжама сўзлар бегона,
Меҳнат билан туғма дугона,
Иқболжони учун ягона,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Ойхонлари, Дилраболари,
Дилнозлари, Гулҳаёлари,
Кумушлари ва Раънолари…
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Асли манов ерим сизники,
Кўздан тўккан терим сизники,
Ҳамма яхши шеърим сизники,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

Ой қизларим, ойдай тўлинг сиз,
Ойдин бўлсин юрар йўлингиз,
Мен учун ҳам бахтли бўлинг сиз –
Менинг Бағдодимнинг қизлари.

ОДАМЛАР

Ичида ит ҳурган одамлар,
Айбим излаб юрган одамлар.
Сизга ёрдам бергим келади,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Кимга ному нишоним ёқмас,
Ё Бағдодим, Қўқоним ёқмас,
Эрта олган унвоним ёқмас,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Даврангизга кира олмайман,
Кирсам кўнглим ёра олмайман.
Сизга талант бера олмайман,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Осай дейсиз, сиртмоғингиз йўқ,
Урай дейсиз, тўқмоғингиз йўқ,
Ўладиган аҳмоғингиз йўқ,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Сизга ука, ака, жўраман,
Дуоингиз қилиб юраман.
Мен сизларни яхши кўраман…
Мени ёмон кўрган одамлар.

Мушук ётар — шер хаёлида,
Кийик тутиб ер хаёлида.
Мен юровдим шеър хаёлида
Мени ёмон кўрган одамлар.

Болангиз юрт учун яшасин,
Душманга ҳам жонин тўшасин,
Фарзандингиз менга ўхшасин,
Мени ёмон кўрган одамлар.

МАРАДОНА

У мени билмасди, лек дўстим эди,
Унинг номи билан фахрланардим.
Унинг олтин бошин ҳакамлар еди,
Ҳуштакбоз қавмга қаҳрим ва заҳрим.

Ундан қарздор эдим қанча завқу шавқ,
Ҳеч қачон ҳақини қистамасди у.
Футбол санъат бўлсин дерди ҳамма вақт,
Бизнес бўлишини истамасди у.

Билсангиз, деви бор эди қандайдир,
Зуваласи тўпдек пишиқ-сирч эди.
Тақиқ-чекловларда соврилди умр,
Уни болаларча ўжарлик еди.

У менга истеъдод сеҳрин кўрсатган,
Уқтирган иш билан ҳунарнинг фарқин.
У тансиқ ғалаба қадрин ўргатган,
«Юлдуз бўлсанг, порла қуёшдек ёрқин!»

Ўзингни излайсан даҳо зотлардан,
Сенинг ҳам суягинг қақшатар хумор.
Навқирон кунингда чекканча алам
Сунъий захирада қопкетганинг бор.

Табассум-ла кетди футбол даҳоси,
«Бока ҳуниорс» юрак ютди жим.
Ҳаёт майдонида ўзгариш… ҳозир
Диего ўрнига ким тушади, ким?

Сиз спорт деганда чамалайсиз пул,
Бир пулсиз… оламни қаратиш мумкин.
Тўптепарлар, қаранг, худо берса йўл
Оёқ билан санъат яратиш мумкин!