УЧКЎПРИК: ТУМАН ҲОКИМИ ҲАЙФСАН ОЛДИ, ЎРИНБОСАРИ ЛАВОЗИМИДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ. НЕГА?

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Учкўприк туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда баъзи камчиликларга йўл қўйилди. Хусусан,

— 15 та корхона 125 миллиард сўмлик маҳсулот кам ишлаб чиқарган;
— 60 миллион долларлик импорт қилиниб, ўтган йилнинг
шу давридаги кўрсаткичдан ошириб юборилган;
— туманда фаолият кўрсатмаётган корхоналар миқдори вилоят
улушида 8 фоизни ташкил этмоқда;
— 20 та корхонада 16,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, лекин ҳисоботларда кўринмайди;
— ер, мол-мулк солиғи йиғими ўтган йилнинг шу даврига
нисбатан 40 фоизга камайган;
— 6 ойда жиноятлар сони 70 тага кўпайган…

Булар Ҳисоб палатасининг Учкўприк туманидаги ўрганишлари натижалари муҳокамаси чоғида тилган олинган айрим рақамлардир. Хўш, туманда нега бундай камчиликларга йўл қўйилди?
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, туманда жорий йилда белгиланган барча дастурлар ижросига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. 2021-2022 йилда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 48 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Унинг умумий қиймати 373 миллиард 610 миллион сўмни ташкил этади. Бугунги кунда 20 та лойиҳа ишга тушган, бунинг учун 55 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ сарф этилди. 330 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, дастурдан ташқари 9 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Жорий йилнинг 6 ойида 9 миллион доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди.
Албатта, мазкур ютуқларни алоҳида эътироф этиш лозим. Шу билан биргаликда баъзи йўналишларда жиддий камчиликлар учрамоқда. Хўш, нега бундай бўлди?
— Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида иқтисодий йўналишда айрим хатолар бўлгани рост, — дейди туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аброржон Асқаров. — Ҳақиқатдан 15 та корхона ишлаб чиқаришни пасайтириб юборган. Биз уларнинг ҳар бирида бўлиб, сабабларини чуқур таҳлил қилдик. Баъзилари хом ашё олиш, бозор топишда қийналган. Муаммоларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олдик. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида лойи-
ҳаларнинг ишга тушиши натижасида туманимизнинг импорт кўрсаткичи ошмоқда. Чунки аксарият технологиялар, хомашёлар хориждан келтирилмоқда. Бу масаланинг ечими устида иш олиб боряпмиз. Ҳозирда 15 та корхонада маҳаллийлаштириш йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 132 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўтган йилнинг 6 ойида 461 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу 852,2 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Туманда жисмоний шахслардан ер ва мол-мулк солиғини ундириш ишлари талаб даражасида эмас. Жорий йилнинг ўтган даврида бор-йўғи 67 фоиз ундирилди, холос. Бу йўналишда ҳам тегишли мутасаддилар амалий натижага эришишлари керак. Айни кунларда 322 та кичик корхона ва микрофирмаларнинг фаолият кўрсатмаётганлиги сабаблари ўрганиляпти. Туман ҳокими биринчи ўринбосари-
нинг айтишича, берилган тав-
сиялар асосида ишни ташкил этиб, йил охирига қадар туманда 2 триллион сўмликдан ортиқ саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкони бор. 15 та ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтирган корхоналар ҳам ўз мавқеини тиклайди, албатта.
— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 50 та саноат корхоналари томонидан умумий қиймати 768,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Рўзали Маматқулов. – Шундан 25,3 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилди. Ҳозирда 36 та лойиҳаларда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Туманимизда 15 гектар ер майдонида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, логистика ва савдо комплекси барпо этилишининг бошланиши тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Албатта, туман раҳбарлари баъзи бир соҳалардаги ютуқлардан ҳаволанмаслиги керак. Чунки айрим соҳалар эътибордан четда қолганлигини рақамлар кўрсатиб турибди. Сектор раҳбарлари, масъуллар турли важлар билан ўзларини оқламасдан, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этмас экан, кўзланган натижаларга эришиб бўлмайди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, раҳбарлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги танқидларни ҳам тўғри қабул қилиши, унга ўз вақтида муносабат билдириши керак, аслида.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида бундай камчиликларга йўлга қўйган туман ҳокими А.Маҳмудалиевга “ҳайфсан”, туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари А.Асқаров вазифасидан озод қилиниб, унга вазифасини бажарувчилик синов муддати берилди.
Хўш, Учкўприкда ўзгаришлар бўладими, туман раҳбарлари йўл қўйган камчиликлардан тегишли хулоса чиқариб олдими, буни вақт кўрсатади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Маъсуджон Сулаймонов.