БУ ЙИЛГИ ИССИҚДА ПАХТА ҲОСИЛИ ТАҚДИРИ НИМА БЎЛАДИ?

БУ ЙИЛГИ ИССИҚДА ПАХТА ҲОСИЛИ ТАҚДИРИ  НИМА БЎЛАДИ?

2021 йил пахта ҳосили учун вилоятимизда
82 минг 80 гектар ерга чигит экилган.

Ҳозирги кунда пахтачиликка ихтисослашган 14 та туманда 12 та пахта-тўқимачилик кластерлари билан шартнома асосида 2420 та фермер хўжаликлари томонидан муҳим агротехник тадбирлар бажариляпти.

Маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, “С-8290”, “Наманган-77”, “Султон”, “Андижон-35” ва бошқа бир қатор янги навлар экилган бўлиб, ҳар гектар ердан олинадиган ўртача ҳосилдорлик 40 центнер бўлиши режалаштирилган.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, бу йил дунё миқёсида ёз фаслида ҳарорат одатдагидан бироз иссиқроқ бўлди. Бу нафақат инсониятнинг ҳаёти, турмуш тарзи, балки тирикчилиги, қишлоқ хўжалиги тармоқларига ҳам жиддий таъсир кўрсатди.
Хўш, деҳқончилик учун ўзига хос қийинчиликлар билан юзма-юз бўлган фарғоналик фермер хўжаликлари жорий йилда пахтадан қандай ҳосил олади? Бу борада ўтган йилги ютуқлар бардавомлигини таъминлаш имкони бўладими?
Август ойининг биринчи ўн кунлигида лўппи-лўппи бўлиб очила бошлаган пахта фермер хўжаликлари аъзоларининг эрта кўкламдан буён сидқилдан қилаётган меҳнатлари самарасидир. Илк ҳосил нишоналарини сақлаб қолиш, ҳосилга ҳосил қўшиш, белгиланган агротехник тадбирларни сифатли бажариш навбатдаги муҳим вазифалар сирасига киради.
— Пахта меъёрида ривожланиши, ундан кутилган ҳосил олиш учун 36-38 даража иссиқ рисоладагидек ҳарорат ҳисобланади, — дейди Пахта селекцияси, уруғчилиги, етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Фарғона илмий тажриба станцияси директори, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Рўзивой Мусаев. – Ҳаво ҳарорати 40 даражадан ортиқ бўлган бу йилги шароитда ҳам белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажарган фермер хўжаликлари ҳар гектар ердан 45-50 центнердан ҳосил олиш имконига эга. Аммо вақтида суғорилмаган, культивация кечиккан, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан сифатли ишлов берилмаган майдонларда ҳосил салмоғи кутилган натижани бермайди. Боиси иссиқ меъёридан ортиқ бўлганда пахта ўсишдан тўхтайди. Ҳосилдорлик яхши бўлиши учун эса тинимсиз меҳнат қилиш керак.
Данғара туманида фаолият бошлаган “Musavvartex cluster” пахта-тўқимачилик кластери учун ҳам бу йилги иссиқ об-ҳаво ўзига хос тажриба мактаби бўлди. Кластер томонидан 196 та фермер хўжалиги билан 37 минг тонна ҳосил етиштириш мақсадида 6190 гектар ерда ғўза парваришланди.
Пахта-тўқимачилик кластери бош агрономи Ғуломжон Турдиқуловнинг қайд этишича, ҳаётий тажрибалар илм-фан ютуқлари билан ўзаро уйғунлаштирилиши туфайли об-ҳавонинг ноқулай келиши унчалик билинмади. Агротехник тадбирлар инновацион ғоялар асосида амалга оширилиб, ҳудудлар кесимида 10 нафар малакали агрономлар фаолият кўрсатди.
— Иссиқда ғўза қатор ораларига ишлов беришда бироз қийналдик, — дея суҳбатимизни давом эттиради Данғара туманидаги “Олтиқуш кўрки” фермер хўжалиги раҳбари Саҳобжон Йўлчиев. – Лекин минерал ўғитлар билан ишлов бериш, суғориш, культивация ишлари сифатли бажарилгани учун ҳосил чўғидан мамнунмиз. Ҳисоб-китобларимизга қараганда, биринчи теримнинг ўзида 35-40 центнердан ҳосил олишимиз мумкин.
Фарғона вилояти агрохизматлар маркази директори, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Насибжон Ўразматов бошчилигида шу кунларда Қўқон гуруҳи туманларида ўрганиш ишлари олиб борилди.
— Бешариқ, Фурқат, Ўзбекистон, Данғара сингари туманларда август ойининг биринчи ўн кунлиги сарҳисоби ҳар гектар ердан ўртача 28-35 центнергача ҳосил олиш мумкинлигини кўрсатмоқда, — дейди у. — Ҳосилдорликнинг юқори бўлишида нав танланиши, экиш муддатлари, сув таъминоти ҳам муҳим. Бу йил ортиқча иссиқ туфайли табиий эмас, сунъий равишда очилаётган пахта майдонлари ҳам йўқ эмас. Агротехник тадбирлар жараёни бузилиши ҳам шундай ҳолатларга олиб келади.
Аммо вилоят миқёсидаги мавжуд вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, пахтадан жорий деҳқончилик йилида ўтган йилга қараганда кўпроқ ҳосил олиш имкони мавжуд.
Фарғона вилояти гидрометерология бошқармаси мутахассисларининг маълум қилишича, бу йил ҳақиқатан ҳам иссиқлик меъёридан юқори бўлди, иссиқ ҳароратнинг давомийлиги чўзилиб кетди.
Июль ойида ҳаво ҳарорати 42-44 даражагача етди. Ғўза ривожи учун эса 36-38 даража иссиқ бўлиши меъёр ҳисобланади. Ҳароратнинг ортиқча иссиқ бўлиши пахта ҳосили учун зарар эканлигини унутмаслик лозим.
Қолаверса, вилоятимизнинг баъзи ҳудудларида сув тақчиллиги ҳам кузатилиб, ғўза майдонларини вақтида суғориш имкони бўлмади. Натижада илк ҳосил нишоналарининг нобуд бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилди.
Хуллас, бу йил пахта муддатидан бироз олдин очилиши кузатилмоқда. Шу боис пахта йиғим-терим мавсуми одатдагидек сентябрь ойининг ўртасида эмас, балки дастлабки кунларида бошланиши мумкин. Аммо, нима бўлган тақдирда ҳам қишлоқ хўжалиги соҳаси олимлари, тажрибали мутахассислар, фермерлар жорий йилги ҳосил салмоғи ўтган йилгидан яхши бўлишига астойдил ишонмоқдалар.

Ботир ОМОН.