Обод манзиллар

Обод манзиллар

МИРИШКОРЛАР ОЛТИН ЗАМИНИ

Олтиариқнинг тупроғи олтинми? Йўқ, асло. Олтиариқ-ликларнинг ерга бўлган меҳри, яхши яшашга интилиши кучли эканлиги сабабли рамзий маънода айтганда, тупроқдан дуру гавҳар олишнинг ҳадисини олишган.

Ўтган йили Фарғона тажрибаси асосида “Маҳаллабай” ўрганишлар жараёнида тумандаги 72 та маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳоли турмуш фаровонлиги, дои-мий даромад манбалари инобатга олиниб, уч тоифага ажратилди. Ҳар бир маҳалла кесимида “ўсиш нуқта”лари аниқланиб, томорқадан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш, оилавий тадбиркорликни ривож-лантиришга жиддий эътибор қаратилди. Ҳозирги кунга қадар туман миқёсида 213 гектар ерда иссиқхоналар ташкил этилди. Аҳолининг шахсий томорқа ерларидаги иссиқхоналар 172 гектарга етди.
Полосон, Повулғон, Азимобод, Эскиараб, Янгиқўрғон сингари қишлоқларда томорқа миришкорлари жуда кўп бўлиб, деярли ҳар бир оилада иссиқхона бор. Қизилтепа, Бўрболиқ, Жонибек сингари ҳудудлар аҳолиси ўртасида ҳам томорқада иссиқхоналар барпо этиш орқали ердан унумли фойдаланиш тобора кенг қулоч ёзмоқда.
Олтиариқда кейинги йилларда Қапчуғай, Зилха қир-адирлари, Бўрболиқнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган тош-шағал ерлари ҳам ўзлаштирилиб, иссиқхоналар ташкил этиляпти. Деҳқончиликда инновация кенг жорий этилиб, ҳосилдорлик ва даромад салмоғи йилдан-йилга ортиб боришига эришиляпти.
Туманда деҳқончиликни илмий асосда ривожлантираётган Абдувоҳид Мирзажонов, Абдумутал Ғофуров, Исақжон Бойматов, Ашурали Каримов, Иброҳим Раҳимов каби катта ҳаётий тажрибага эга томорқачилик миришкорлари кўпчиликни ташкил этади. Бу инсонлар ҳазиломуз оҳангда “агар табиий газ ва электрдан муаммо бўлмаса, олтиариқликлар мева-сабзавотлари билан жаҳон бозорини эгаллайди” деб қўйишади.
— Тажриба тариқасида маҳсулотларимизни Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Хитой, Корея Респуб-ликаси, Европа давлатлари бозорларига киритиб кўрдик, — дейди деҳқончилик билимдони Исақжон Бойматов. – Аммо бу юрт тадбиркорлари билан узоқ муддатли шартномалар тузиш учун бизга доимий равишда маҳсулотлар захираси керак. Мисол учун, хитойликлар меваларимизга катта қизиқиш билдиришяпти. Лекин Хитой бозорини таъминлаш учун рақобатбардош маҳсулот етиштиришдан ташқари, қадоқлаш, қайта ишлаш, логистика хизматлари яхши ривожланган бўлиши зарур.
Айни кунларда Ҳиндистондан кишмиш узумини олиб келиб, Олтиариқнинг иқлим шароитига мослаштириш ҳамда ундан экспортбоп сифатли маҳсулот олиш бўйича илмий-амалий тажрибалар олиб боряпмиз.
Ҳозирги кунда Олтиариқда вилоятда энг кўп – 82 та, сиғими қарийб 60 минг тонна бўлган музлатгичли омборхоналар мавжуд. 2020 йили туманда биргина узум ҳосилининг салмоғи 54 минг 276 тоннани ташкил этиб, унинг 16,2 минг тоннаси экспорт қилинди. Натижада узумчилик тармоғининг ўзидан 15,2 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта жалб этилди.
Уддабуронликда олтиариқлик-ларнинг олдига тушадигани йўқ. Айни кунларда туман миришкорлари иссиқхонада цитрус мевалар етиштириш, узумчилик тармоғини янада кенгайтириш учун янги-янги навларни маҳаллий шароитга мослаштириш, павлония плантациялари ташкил этиш бўйича тажрибалар олиб боришяпти. Хуллас, даромад келтириши мумкин бўлган ҳеч бир соҳа, ҳар қандай янгилик олтиариқликлар эътиборидан четда эмас.
Яқин истиқболда бодринг, турп, узум сингари маҳсулотлари сингари иссиқхона тажрибаси Олтиариқнинг ўзига хос “бренд”ига айланиши, шубҳасиз. Бунинг учун туманда етарли шароит ва салоҳият бор.
Демак, олтиариқликлар тупроқдан мўъжизалар яратишда давом этажак!
Ботир ОМОН.