Деҳқон меҳнати, замин ҳиммати

Деҳқон меҳнати,  замин ҳиммати

ГУЛЧИЛИК ВА КЎЧАТЧИЛИК РИВОЖИНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

Бугун чор атрофимизда яшнаб турган мевали боғлар, бетакрор гулзорлар, яшил плантацияларнинг барпо этилаётгани фарғоналикларнинг табиатга меҳри ва ихлосидан далолат. Бу борада қувалик миришкорларга тенг келадигани йўқ. Гул ва кўчат парваришлашнинг ҳадисини олган юрт одамлари қишнинг қаҳратони, ёзнинг жазирама саратонида ҳам томорқа ва далаларда янги гул, мева кўчатларини завқ билан парваришламоқда.

Аҳоли ўртасида мазкур соҳаларни оммалаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлашга қаратилган эътибор томорқа меҳнаткашларининг ғайратига ғайрат қўшаётир. Бунга туманнинг “Гулистон” МФЙ ҳудудида яшовчи ўнлаб тадбиркор боғбонлар билан учрашиб, амин бўлдик.
— Ота-боболаримдан кўчатчиликнинг сир-асрорларини ўрганганман, — дейди Мезон кўчасида яшовчи Миролим Ҳабибуллаев. – Қувага келиб кўчатчи Ҳабибулло ота, деб сўрашса, бобомни танимаган, унинг ер илмидаги салоҳиятини тан олмаган одам топилмайди. Ўзим қарийб 18 йилдан буён шу иш билан бандман. 50 сотихдан зиёд майдонда ўрик, гилос, шафтоли, беҳи каби ўндан ортиқ турдаги мева кўчатларини экиб, парваришлаяпман. Бир йилда 40-50 минг дона кўчат етиштириб, уни ташқи ва ички бозорда сотамиз. Йиллик даромаддан эса кўнгил тўқ.
Россия ва Қирғизистон Республикаларига сархил мева кўчатларини етказиб бераётган боғбон Андижон, Сирдарё, Тошкент ва Бухоро, Қашқадарё вилоятларида ҳам Қува боғларини яратиб келган. Мазкур ҳудудларда олманинг “Сўх гўзали”, “Беш юлдуз”, ўрикнинг “Рубица”, “Асака ялтироқ” навларидан кўркам ва серҳосил боғлар барпо этилган. У айни кунларда қозоғистонлик тадбиркорлар буюртмаси асосида янги кўчатларни парваришламоқда. Фахрланарлиси, республикамиз бўйлаб 80 гектарга яқин ерда Миролим Ҳабибуллаев етиштирган мева кўчатлари бугун мўл ҳосилга кирган.
Унинг маҳалладошлари — Элёр Омонов, Ботирали Рўзиев, Жамолдин Жўраевлар ҳам кўчатчилик, боғ яратишдан барака топган ер меҳнаткашлари.
“Терактаги” маҳалласи аҳли эса гул ва манзарали дарахтлар етиштиришнинг моҳири бўлиб кетишган. Маҳаллада гулчиликнинг ҳадисини олиб, гўзаллик яратаётган ва бундан даромад топаётган юзлаб хонадонлар бор. Улардан бирига кириб бориб, оила соҳибаси Шоирахон Собировани 20 сотихлик томорқа майдонида гул кўчатларига ишлов бераётган чоғида топдик.
— Энг хушманзара, ҳаво иқлимига чидамли “Моника”, “Асиана”, “Грипгала”, “Пекателла”, “Сенсолобин” навли гулларни парваришлаяпсиз, — дейди гулчи аёл. — Ўзим хонадонга келин бўлиб тушганимда ҳам шу иш билан машғул эдик, ҳозир келинларим, набираларим ҳам ёнимга киришган. Гулчилик нафақат оиламизнинг севимли машғулоти, ҳам асосий даромад манбаимиздир. Қўшни республикалар ва юртимизнинг Тошкент, Самарқанд вилоятларида доимий харидорларимиз бор. Айни пайтда 3 мингта гул кўчатини Россия давлатига экспорт учун ҳозирлаяпмиз.
“Гулистон” МФЙ раиси Усмонали Умрзоқовнинг сўзларига кўра, ҳудуддаги 5100 нафардан зиёд аҳолининг 90 фоизи айнан гулчилик ва кўчатчилик билан машғул. Йил бошида муқим иш билан банд бўлмаган 115 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га олинган бўлса, бугунгача барчаси “дафтар”дан чиқарилган. Уларнинг аксарияти 15-20 сотихлик ерларга эга бўлиб, меҳнат қилаётган ёшлар.
Ҳозир Қувада қулупнай кўчатларини экиш, янги кўчатларни пайвандлаш мавсуми бўлгани учун ҳам беиш юрган бирорта одамни учратмайсиз. Гулчилик ва кўчатчиликни санъат даражасига олиб чиқиб, меҳнатидан муносиб ҳузур топаётган миришкорларга таҳсин айтасан киши.
Вилоятимизнинг кўплаб туман-шаҳарларида ҳам мазкур соҳаларга ихтисослашган маҳаллаларнинг ортиб бораётгани халқимизнинг деҳқончилик салоҳияти юксак эканлигини кўрсатади. Хусусан, Қўштепа туманидаги “Йўлдошобод” МФЙ ҳам кўчатчиликка ихтисослашган. Маҳалла аҳлининг 70 фоиздан зиёди шу иш билан банд. Санобархон Турсунованинг бу борадаги тажрибаси кўпчиликка ибрат. Ҳар йили томорқасидаги иссиқхоналарда 40-60 минг дона атрофида гул ва мева кўчатларини етиштиради. Маҳсулотларини ички ва ташқи бозорга йўналтираётган онахон Соҳиба Ўлмасова, Феруза Обидова сингари ўнлаб маҳалладошларига ҳам соҳа сир-асрорларини эринмай ўргатиб келади.
2021 йил 4 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рес-публика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори эълон қилингани мамлакатимизда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантиришнинг янги даври бошланганини кўрсатади. Эндиликда маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчилик санъати сир-асрорларини оммалаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши, хусусан, гул етиштиришда аҳоли билан кооперация муносабатларининг йўлга қўйилиши ҳудудларда гулчилик ва кўчатчилик истиқболини белгилайди.
Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА.
Элёр ОЛИМОВ
олган суратлар.