БАРАКАЛИ ХИРМОННИНГ ИЛК НИШОНАЛАРИ

БАРАКАЛИ ХИРМОННИНГ  ИЛК НИШОНАЛАРИ

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ота-боболардан мерос катта ҳаётий тажриба инновацион ғоялар, илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириляпти. Бунинг натижасида йилдан-йилга ҳосилдорлик салмоғи ортиб, фермер хўжаликларининг даромади яхшиланиб бормоқда.

Айни кунларда вилоятимизда лўппи-лўппи бўлиб очилаётган пахта далалари жорий йилги ҳосил баракасидан дарак бермоқда. Фарғона пахтачилиги ютуқлари бардавом бўлиши учун пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари томонидан белгиланган агротехник юмушлар сифатли бажариляпти.
Риштон туманида жорий йилда “Rus-Uzbek teks” пахта-тўқимачилик кластери билан шартнома асосида 217 та фермер хўжалиги томонидан 5 минг 950 гектар ерда пахта етиштирилди. Кейинги уч йилда республикада биринчилардан бўлиб шартнома режасини бажараётган риштонлик фермерлар жорий йилда ҳар гектар ердан ўртача 40 центнер ҳосил олиб, 24 минг тоннадан зиёд пахта хом-
ашёси етиштиришни мақсад қилишган.
— Бу йил 49 гектар ерда “С-8290” навли ғўза парваришлаб, ҳар гектар ердан 45 центнердан ҳосил олишни режалаштирганмиз, — дейди Риштон туманидаги “Ҳосил сири” фермер хўжалиги раҳбари Бобуржон Содиқжонов. – Ҳосилнинг илк нишоналари бўй кўрсатиб, астойдил қилинган меҳнат ўз самарасини бермоқда.
Таъкидлаш ўринлики, шу кунларда пахта далалари учинчи маротаба «шарбат» усулида қондириб суғориляпти, культивация ўтказиляпти. Агротехник тадбирлар давомида уч маротаба минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов берилди. Ҳозирги кунда пахта майдонларида дефолиация ўтказишга тайёргарлик кўриляпти.
Бугун Фарғонанинг пахта далалари борлиққа ёқимли ифор таратяпти – унинг ҳиди худди нондек ширин. Яқин кунларда халқимизнинг миллион эгатларга сочилган ризқ-насибасини териб олишга киришилади. Ишонамизки, бу йил ҳам фарғоналик пахтачилик илми билимдонларининг юзи ёруғ бўлажак!
Ботир МАДИЁРОВ.
Суратни Элёр ОЛИМОВ
олган.