Янгиланган “Шодиёна”да уч авлод тантанаси

Янгиланган  “Шодиёна”да  уч авлод  тантанаси

Бугун дилбар Фарғонанинг ҳар бир гўшасида истиқлолимизнинг қутлуғ 30 йиллик байрами шукуҳи кезмоқда. Қишлоқ ва маҳаллалар кундан-кунга чирой очмоқда. Хусусан, Фарғона шаҳрининг янгиланган “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳар қачонгиданда файзли, тароватли. Вилоятимиз аҳли, меҳмонлар бу маҳаллага ҳавас билан қараётгани, бошқа ҳудудлар ундан ибрат олаётгани аслида ислоҳотларнинг ҳаётимиздаги самарасидир.

Шаҳар ва туманлардан келган нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ёшларнинг уч авлод учрашуви – “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида бошланди. Дилкаш давраларда тинч ва хотиржам ҳаётимиз, фаровон кунларимизга шукроналик тилга олинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирда сўзга чиқиб, барчани яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами билан табриклади.
— Тарих учун ўттиз йил қисқа давр, аммо инсон учун катта вақт, — деди вилоят раҳбари. – Бу йиллар давомида машаққатли, шижоатли ва оғир йўллар босиб ўтилди, бу жараён давом этмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида охирги беш йилликда ислоҳотлар шиддат билан авж олди. Иқтисодиётни эркинлаштиришда салмоқли натижаларга эришилди, очиқлик сиёсатига дадил қадам ташланди. Ўзбекистон дунёга қайта бағрини очди. Бугун қўшниларимиз, ривожланган давлатлар билан яқин дўстмиз.
Мана, “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини кеча қандай эди-ю, бугун қандай бўлди? Оламшумул ўзгариш-
лар, ислоҳотлар натижасини шу маҳалла мисолида билсак бўлади. Шу боис ҳам учрашувни айнан бу ердан бошладик. Президентимиз жорий йил февраль
ойида бу маҳаллага келганларида аҳвол қандай эди, мана ҳозир “Шодиёна” қандай кўринишга эга бўлди! Кўп қаватли уйларнинг бешинчи этажига сув чиқмас эди, мана ичимлик суви таъминоти тўла йўлга қўйилди. Болалар майдончалари, қўшимча хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш-
лар ва ҳоказо, қилинган ишларнинг кўлами чексиз. Битта маҳалла мисолидаги ўзгаришлар булар. Биласизми, Президентимиз Тошкентга қайтиб кетган куннинг эртасига вилоятимизга “Шодиёна” маҳалласида янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун 30 миллиард сўм ташлаб берилди. Бунинг ортидан республикамизнинг барча вилоятлари марказларида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадида жами 300 миллион доллар маблағ ажратилди. Жорий йилда вилоятимизга сув, газ, электр таъминотини яхшилашга, йўлларни таъмирлашга, мактаб ва боғчаларни қуришга 2 триллион сўм маблағ берилди. Бу 2017 йилга нисбатан 6 баробар, ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп демакдир.
Дарҳақиқат, айни кунларда вилоят марказидаги “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ободлик ва фаровонлик масканига айланди. Президентимизнинг жорий йил вилоятга ташрифи чоғида кутилмаганда бу ерга келиши ва аҳоли билан мулоқоти ҳақиқий ҳолатни очиб берди. Ҳудудда кўплаб ечимини кутаётган муаммолар бор эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида маҳаллада улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Орадан олти ой вақт ўтмоқда. Айни кунларда маҳалладаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етмоқда. Бугун бу ерга келган киши обод ва тароватли масканга гувоҳ бўлади.
“Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси хароба аҳволда эди. Қисқа вақт ичида 1 қаватли маҳалла гузари ҳамда 2 қаватли маҳалла биноси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуриб битказилди. Маҳалла тизими ходимлари фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар яратилди, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ҳудудда иш билан банд бўлмаган ёшлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ёшлар меҳнат гузари” бун-ёд этилди. Маиший хизмат кўрсатиш ҳамда нон ишлаб чиқариш цехлари бузилиб, ўрнига замонавий лойиҳа асосида янгитдан қурилиш ишлари якунланди. Хусусан, “Ziyo nashr” масъулияти чекланган жамияти томонидан китоб савдо мажмуаси ва тикувчилик цехи ишга туширилди. Айни кунларда бу ерда 50 нафар “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га кирганлар муқим иш ўрни билан таъминланди.
Маҳалладаги 16 та кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, болалар майдончаси қурилди. Соҳибқирон Темур кўчасида жойлашган кўп қаватли турар жойлар ҳудудида хиёбон ташкил этилиб, манзарали дарахт ва гул-лар экилди. Кўп қаватли турар жойларда яшовчи аҳолининг бўш вақтларини мароқли ўтказиш учун барча шароитлар яратилди. Электр энергия, табиий газ ва ичимлик суви тармоғи янгиланди. 5,6 километр ички йўлларда мукаммал таъмирлаш ва қуриш ишлари бажарилди, 2,8 километр ирригация тизимлари ҳамда 3,1 километр пиёдалар йўлаги реконструкция қилинди. Маҳаллада мавжуд ички ва йўл бўйидаги кўчаларда жойлашган турар жойларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш мақсадида намунали лойиҳа асосида таъмирлаш ишлари ташкил этилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Фарғона механика заводи” кичик саноат зонасида умумий қиймати 870,8 миллиард сўмлик 29 та инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган. Ҳозирга қадар 17 та лойиҳалар ишга туширилган бўлиб, 1 минг 485 та янги иш ўринлари яратилди.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи қай бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг, Президентимизнинг қадами етган бу маскан юртимизнинг энг гўзал ва фаровон маҳалласига айланганини, барча муаммолар ечим топганини мамнуният билан таъкидлашмоқда. “Шодиёна”нинг шодиёна кунлари энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналарига уланмоқда.
Уч авлод учрашуви иштирокчилари “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда санъаткорларнинг қўшиқлари барчага завқу шавқ улашди. Меҳнат фахрийлари ва ёшларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Маъсуджон
Сулаймонов.
Элёр Олимов олган суратлар.