АСКИЯНИ САНЪАТ ДАРАЖАСИГА КЎТАРГАН ЭДИ

АСКИЯНИ САНЪАТ  ДАРАЖАСИГА КЎТАРГАН ЭДИ

9-10 яшар пайтларим. Онам раҳматли дўппи тикиб сотардилар. Бозорга олиб чиқиш учун менга ҳам ўн-ўн бешта дўппини берарди. Шу баҳона буюк санъаткорни яқиндан таниш, унинг ижодидан баҳраманд бўлиш насиб қилган. Аскиячилар ортидан эргашиб, дўппилар сотилмай қолар, натижада онамдан кўп дакки эшитганман…

Бизнинг Йўрмадўз маҳалламиз томонидан бозорга чоғроқ йўл бўларди. Ана шу йўлдан кунда-кунора Юсуфжон қизиқ гилам бозори томонга ўтарди. Унинг ўзига хос салобат билан юришлари, унча-мунча одамларнинг саломлашишга ҳам юраги дов бермаслиги ҳануз кўз олдимда.
Юсуфжон қизиқ гилам бозорида даллоллик қиларди. Сабаби, у пайтлар орган ходимлари келиб, уйида ишловчи гиламфурушларни қувар, баъзан сотиб турган молини мусодара қилиб юборган. Агар Юсуфжон қизиқ бозорда турса, ходимлар яқин йўламаган. “Даллоллик”дан асосий муддао ҳам шу бўлган, аслида. Бозор тугагач, “ишлаган” уч-тўрт сўм пулларини етим-есирларга, муҳтожларга бўлиб берган экан.
Энди санъаткор бор жойда, куй-қўшиқ, аския авж олиши табиий. Айниқса, Юсуфжон қизиқ одамлар гавжум жойларда, гузар ва чойхоналарда бирдан аскияни бошлаб юборар, шогирдлари давом эттириб кетар, халқ эса мириқиб ҳордиқ чиқарарди.
Устознинг инсонпарварлиги, ижод аҳлига айрича эътибори диққатга сазовор. Мисол учун, “Хўжамағиз” гузарида ҳар йили баҳор ойларида санъаткору қизиқчиларни жамлаб, дарвешона – санъат сайли ўтказишни йўлга қўйган эдилар. Бундан мақсад – аввало, ёш ижодкорларни халққа танитиш бўлса, иккинчидан, элга беминнат хизмат қилиш бўлган. Ўзига хос фонд – жамғарма ҳам ташкил этилган. Бирор санъаткор тўй-тўйчиқ, маърака ўтказишда қийналиб қолса, унга ўша жамғармадан маблағ ажратилиб, кўмаклашилган. Бу эса водийлик ва тошкентлик санъат аҳлининг бирдамлиги, ҳамжиҳатлигига замин яратган.
Ўрам чойхонасини машҳур қилган ҳам Юсуфжон қизиқнинг жонбозлиги бўлган, аслида. Ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари устоз бошчилигидаги аскиячилар, созанда ва хонандалар шу ерга ташриф буюришган, халқнинг кўнглини олиб, ўз ижод намуналарини тортиқ қилишган. Бошқачароқ айтганда, халқнинг “чиғириғи”дан ўтишган. Юсуфжон қизиқнинг шогирдлари – Мамажон махсум, Охун қизиқ, Усмон қори, Сулаймон қори кабилар шу сингари халқ йиғинларида кашф этилган, десак муболаға бўлмас.
Аския жанри фақат Ўзбекистонда мавжуд. Бундан фахрланиш, шу билан бирга, улкан масъулиятни ҳис қилишимиз керак. Юсуфжон қизиқ аскияни санъат даражасига олиб чиқди, ўзи ҳам “Қизиқчилар қироли” деган халқ эътирофига сазовор бўлди. “Саҳна маданиятига риоя қилиш, оғзига келганни айтавермаслик керак. Кулдиринг, лекин кулги орасида тарбия ҳам бўлиши шарт”, дерди у.
Кейинги пайтда Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан аскияга катта эътибор бериляпти. Халқ миллий санъатининг бир бўлаги сифатида қадрланяпти. Шу маънода нафақат аскиячилар устози, балки моҳир актёр, цирк устаси ва театр жонкуяри Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг юбилейини ўтказиш нур устига аъло нур бўларди. Зеро, нафақат юртимиздаги аскиячилар, балки Аркадий Райкин, Юрий Никулин каби дунёга таниқли кулгу усталари ҳам уни ўз устози сифатида тан олишган, эҳтиром кўрсатишган.

Мамасиддиқ ШИРАЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист.

Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.