ХАЛҚ ЭЪТИРОФИ – ЮКСАК БАҲО

ХАЛҚ ЭЪТИРОФИ –  ЮКСАК БАҲО

Бобомнинг машҳурлиги бизни сидқидилдан халққа хизмат қилишга ундаб келган. Отам раҳматли Зайлобиддин Юсупов ҳам Юсуфжон қизиқнинг авлоди бўлиш катта масъулият талаб қилишини таъкидларди.

Эсимда, бобом кўчамиздаги болаларни эргаштириб юришни хуш кўрарди. Биз чувиллаб чопони баридан ушлаб, ўзимизча “паровоз” бўлардик. Ўрам чойхонасига олиб чиқиб, ҳар биримизга музқаймоқ олиб берар, қизиқ гаплар билан кулдириб, яхши ўқишимиз, тарбияли бўлишимизни уқтирарди. Сайил ёки тўйлардан қайтгач, бизга совғалар улашарди, қўни-қўшни, маҳалла-кўйга имкон борича ёрдамга шошарди.
Юсуфжон қизиқ серқирра ижодкор бўлган. Унинг ўз труппаси ҳам бўлган. Уста Олим Комилов, Тамарахоним сингари санъаткорлар унинг репертуаридаги асарларга кўп мурожаат қилишарди. Бобом томонидан қизиқчи-аскиячилик, актёрлик, хонандалик, созандалик, цирк ўйинлари уйғун ҳолда ижро этиларди. Ҳозирги концерт дастурларида ҳам бу анъана сақланиб қолган.
Бугунги кунда Марғилон шаҳар мусиқали мақом ва аския театрида Мамасиддиқ Шираев билан ҳамкорликда Юсуфжон қизиқ репертуаридаги чиқишларни замонга мослаштириб, бадиий жиҳатдан бойитган ҳолда саҳнага олиб чиқиш ҳаракатидамиз. “Дор ўйини”, “Хитой табиби”, “Шайтон”, “Келин тушди”, “Асалари”, “Сўзанак”, “Учрашув” каби ўнлаб интермедия ва саҳна кўринишлари томошабинларга маъқул келмоқда. Беғуборлик, соф кулгу, миллийлик жиҳатлари халқ эътирофига сазовор бўлмоқда.
Бобом камтарлик ва хокисорликни яхши кўрарди. “Ҳар қайси касбда, ким бўлишидан қатъи назар, “мен зўрман” дейиш ярамайди” деб кўп уқтирардилар. Бунинг ҳаётий мисоли ҳам бор эди. Бир куни дўстлари билан гурунглашиб ўтирса, кўчадан бир деҳқон эшагига ўтин юклаб ўтиб қолибди. Ўтирганлар деҳқондан ўтиннинг нархини сўрашибди. “Боғи бир танга”, деб жавоб қилибди деҳқон. Шунда Юсуфжон қизиқ аския қилиб: “Мунча қиммат, эшаги биланми?” – дебди. “Йўқ, эшаксиз” (“Эшак – сиз”) деган жавобни эшитган бобом хандон отиб кулиб юборибди. Шериклари ҳайрон бўлганини кўриб, “Деҳқон аскияда мени мот қилиб кетди” деган экан…
Асосийси, Юсуфжон қизиқда инсонийлик, санъатга содиқлик юксак бўлган. Депарадаги ҳеч бир санъаткорнинг бирор маросими усиз ўтмаган, қўлидан келганича хизмат қилган, ҳар жиҳатдан ёрдамини аямаган.
Аския санъати, халқимизнинг азалий урф-одатлари дунёда машҳур. Бир неча йил аввал Буюк Британиянинг машҳур Оксфорд университетидан Майк Жексон деган тадқиқотчи Марғилонга келиб, икки ҳафта давомида урф-одатларимиз, тўйлар, хусусан, аския ва қизиқчилик санъати ҳақида илмий иш олиб борди. Аския-чилик анъаналари, унинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида тадқиқотлар ўтказиб, ҳайратини яширолмади. Закий халқимизнинг тил имкониятларини юқори баҳолади. Юсуфжон қизиқ ҳақида сўраб-суриштирди.
Аския – илмий ёндашувни, изланишни талаб қилувчи жанр. Агар етарли билим ва тажриба бўлмаса, аскиячи бирор натижага эришолмайди. Бундан ташқари, маънавий озуқа ҳам бериши керак. Юсуфжон қизиқ Шакаржоновда ана шу жиҳатлар яққол кўзга ташланиб турарди.
Жамолиддин ЮСУПОВ,
Юсуфжон қизиқнинг невараси, Марғилон шаҳар мусиқали мақом ва аския театри актёри.