Ёш истеъдодлар

Ёш истеъдодлар

АВАЗБЕК ГРАН-ПРИ СОҲИБИ

Маҳобатли санъат кошонаси. Хоналардан бирига мўралаб, сеҳрли мусиқа оламига тушгандек бўласиз. Фортепианодан янграётган мўъжизавий оҳанг қалбингиздаги гўзал хотираларни уйғотади. Куй ижрочиси Олтиариқ туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Авазбек Рауповдир. Унинг клавишлар устида маҳорат билан ҳаракатланаётган бармоқлари бетакрор оҳангни яратаётганига ҳавас билан қарайман.

Истеъдодли фортепианочи Авазбек Раупов ҳам Ўзбекистонимизда ёшлар учун яратиб берилган имкониятлардан оқилона фойдаланяпти. Истиқлол барча тенгдошлари қатори унинг ҳам истеъдодини кашф этди. Беш ёшида отаси Козимжон Раҳимов мусиқа фанидан болаларга сабоқ бергани учун фарзандининг интилишларига алоҳида эътибор билан қаради. Мусиқа ва санъат мактабидаги 7 йиллик сабоқлар, устози Муҳаббат Аҳмедованинг доимий қўллаб-қувватлаши ёш ижрочининг истеъдодини юксалтириш баробарида уни катта ютуқлар сари руҳлантирди.
Авазбек дунёнинг буюк бас-такорлари Бетховен, Чайковский, Борис Гиенконинг бебаҳо меросига муҳаббат қўйди. Айниқса, Бетховеннинг “Элизага” номли асарини ижро этиш унинг энг севимли машғулотига айланди.
2021 йилда Россия Федерацияда бешинчи маротаба бўлиб ўтган “Таланты России” халқаро танловида алоҳида тайёргарлик билан иштирок этди. Онлайн тарзда ўтказилган мазкур танловда Борис Гиенконинг “При люди” асарини катта маҳорат билан ижро қилиб, хорижлик тенгдошларидан устунлигини намоён этди. Мутахассислар унинг қобилиятини юқори баҳолашди. Фарғона фарзанди халқаро танловнинг Гран-при мукофотини қўлга киритди.
– Ҳар битта зафар лаҳзаларидан сўнг юракда юксак ишонч уйғонади, – дейди Авазбек Раупов. – Фортепиано клавишларини босган чоғ ҳамиша ортимда ота-онам ва устозларим, Ватаним мени кузатиб турганини ҳис этганман. Барча ютуқларимиз мамлакатимизда биз ёшларга яратиб берилган чексиз имкониятлар туфайлидир.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.