Таълим – тараққиёт драйвери

Таълим – тараққиёт драйвери

Фарғона давлат университети: ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАСИ ОЛИЙ ТАЪЛИМДА ЮЗ КЎРСАТМОҚДА

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 июнда олий таълим тизимини такомиллаштиришга бағишлаб ўтказган видеоселектор йиғилишида олий таълим муассасаларига қамровни оширишдан тортиб, кадрлар сифати, муассаса илмий салоҳияти, таълим тизимига инновацион методларни жорий этиш, замонавий, пухта билимга эга ёш мутахассисларни тайёрлаш каби муҳим масалалар қамраб олинди. Унда ўтган беш йилда олиб борилган ислоҳотлар ўз натижасини бериши кераклиги алоҳида таъкидланди. Зотан, олий таълимни халқаро мезонлар даражасида юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ОТМ раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларининг ўз фаолиятига танқидий назар билан ёндашиш, давр масъулиятига мос фаолият кўрсатишга руҳлантирмоқда. Президентимизнинг олий ўқув юртлари олдига қўйган муҳим вазифалари юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ билан суҳбатлашдик.

– Муҳтарам Президентимиз олдимизга юртимиз истиқболига дахлдор муҳим вазифаларни қўйдилар. Хусусан, 2021/2022 ўқув йили учун олийгоҳларга қабул жараёнини муваффақиятли ўтказиш, тизимни “коррупциясиз соҳа”га айлантириш, мамлакатимиз таълим тараққиётини таъминлаш кўзда тутилгани алоҳида аҳамиятлидир.
Сўнгги йилларда олий ўқув юртларининг салоҳияти ва имкониятларини янада ошириш, ўқув, илмий-инновацион, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур муассасаларга талабалар қабули 3 баробарга ортди. Хусусан, бугун Фарғона давлат университетида таълим олаётган йигит-қизлар сони 22 минг нафардан ошгани унинг салоҳияти ўсиб бораётганини кўрсатади.
Университетимизда ўтган йили замон талабларига мос, янги – “Мевачилик ва узумчилик”, “Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик”, “Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш”, “Социология”, “Архившунослик”, “Спорт фаолияти: кураш” каби бакалавриат, “Таълим-тарбия назарияси ва методикаси”; “Адабиётшунослик: рус адабиёти”, “Археология” сингари магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Узумчиликни ривожлантиришда илмий асосланган технологияларни юритувчи юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, 2020 – 2021 ўқув йилидан мевачилик ва сабзавотчилик факультети иш бошлади. Факультет таркибида мевачилик ва узумчилик йўналиши очилиб, ҳозирда 25 нафар талаба таълим олмоқда. Уларнинг мазкур тармоққа ихтисослашган фермер хўжаликлари, кластер, қайта ишловчи корхоналарда пухта амалиёт ўташлари таъминланмоқда. Олтиариқ туманида узумчилик ўқув тажриба хўжалиги ташкил этилган бўлиб, унда маҳаллий ва четдан олиб келинган серҳосил, истиқболли навлар коллекцияси яратиляпти. Бу эса талабалар билимларини ошириш, узумчилик соҳаси бўйича магистр ва докторантларга илмий база вазифасини ўтамоқда. Эндиликда узумчилик ва пиллачилик соҳасини ривожлантириш бўйича Венгриянинг етакчи университети билан ҳамкорликни йўлга қўйилиши натижасида икки мамлакат олийгоҳлари ўртасида соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган қўшма факультет ташкил этиладиган бўлди. Ҳозирга қадар 70 дан ортиқ халқаро олийгоҳлар билан таълим истиқболига тааллуқли шартномаларни имзолашга муваффақ бўлган олийгоҳимиз ўз халқаро фаолиятини янада кенгайтириш, дунё олий таълим тизимидаги ютуқларни ўзлаштиришда давом этади.
Айтиш керакки, жорий йил Фарғона давлат университети учун илмий юксалиш йили бўлди. Маълумки, отахон олийгоҳимизнинг филология мактаби бутун республикада эътироф этилган, шу боис университетда филология йўналиши бўйича илмий даража берувчи илмий Кенгаш фаолият олиб бораётганига ўн йилдан ошди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ОАК раёсатининг 2021 йил 30 июндаги 267-сон қарори билан Фарғона давлат университети ҳузурида биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий Кенгаш ҳам ташкил этилди.
Ёш илмий изланувчилар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Улар қаторида физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган, “Бузиладиган гиперболик ва аралаш типдаги иккинчи тур тенг-ламалар учун масалалар” мавзусида ўзининг янгича назариясини илгари сурган ҳамкасбимиз Акмалжон Оқбоев сингари юзлаб ёшлар бор.
Бу йил университетнинг “Ўзбекистон тарихи” кафедра-
си ўқитувчиси Ҳусниддин Жў-раев “Туркистонга кўчирилган аҳолининг ижтимоий ва иқ-тисодий ҳаёти (ХIХ аср охири – ХХ аср бошлари)” мавзусидаги (PhD) докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Филология фанлари доктори Муҳаммаджон Ҳакимов “Тил назарияси. Амалий ва компьютер лингвистикаси” ихтисосликлари бўйича профессор, Исломжон Зокиров “Зоология” ихтисослиги бўйича доцент, Абдулатиф Абдумаликов “Ижтимоий фалсафа” ихтисослиги бўйича доцент илмий унвонига эга бўлишганини фахр билан тилга олишимиз мумкин. Бир сўз билан айтганда, Фарғона давлат университети Янги Ренессанс даврига муносиб одимлар билан кириб бораётир.
Янги ўқув йилига қабул жараёнлари ҳақида айтадиган бўлсак, унда шаффофлик ва адолат тамойиллари таъминланиши тўла кафолатланган. Бу борада бир неча маротаба оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда абитуриентлар, уларнинг ота-оналарига мурожаатлар билан чиқдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июндаги “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Рес-публикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори асосида қабул жараёнларини муваффақиятли ўтказишга киришдик. Университет «Қабул комиссияси»нинг «Call center» маркази ташкил этилган, юртдошларимиз, хусусан, барча абитуриентлар www.fdu.uz веб-сайти орқали исталган саволга жавоб олишлари мумкин.
Жорий йилнинг 21 июль ҳолатига кўра, олийгоҳимизга кириш учун 23, 5 минг нафарга яқин абитуриент онлайн рўйхатдан ўтди. Шундан икки минг нафардан зиёди олийгоҳ факультетларида ташкил этилган рус гуруҳларида ўқиш истагини билдирган. Университет томонидан янги ўқув йили учун бакалавриат босқичи кундузги йўналишига 2574 нафар, сиртқи таълимга 950 нафар, магистратура босқичига 157 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган. Бундан ташқари, қўшимча квота асосида алоҳида имтиёзга эга бўлган иқтидорли ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг олий таълимга қабул қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирда барча йўналишлар бўйича олийгоҳга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни якунланиш арафасида.
Муассасамизда замон талаб-ларига мос, қулай ўқитиш ва таълим жараёнини олиб боришни таъминловчи бунёдкорлик ишларини олиб бориш вазифаси турибди. Санъатшунослик факультети учун 1200 ўринли 7 қаватли янги ўқув биноси, Инновацион ўқув ишлаб чиқариш технопарки, 400 ва 200 ўринли янги, замонавий талабалар турар жойлари, “Беш ташаббус хиёбони”, “Фахрийлар хиёбони” бунёд этиш, тарих, педагогика-психология факультетлари, шунингдек, университет тасарруфидаги Олтиариқ туманида жойлашган саноат техникуми бинолари, ректорат биносидаги мажлислар залини қайта таъмирлаш, шунингдек, бир нечта илмий-амалий марказлар ташкил қилиш ишлари белгиланди.
Мақсадимиз – Фарғона давлат университетининг етук илмий салоҳият, бой моддий-техник базага эга, айниқса, изланувчан, илмга ташна ёшлар – Учинчи Ренессанс бунёдкорларини камолга етказадиган даргоҳ сифатидаги нуфузини ошириш, янги Ўзбекистон тараққиёти билан ҳамқадам олий ўқув юртига айлантиришдир. Бу борада барчамизга Президентимиз ишончи ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳаётий ислоҳотлар катта куч, шижоат беради.
Дилнавоз
ҚЎЛДОШЕВА
суҳбатлашди.