Марғилон: ҳаётбахш ислоҳотларнинг янги босқичи

Марғилон: ҳаётбахш ислоҳотларнинг янги босқичи

Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий Марғилон бой тарихи, бетакрор маданияти ва маърифати билан шуҳрат қозонган кўҳна кент. Гўзал табиати, боғ-роғлару, камалакдек сержило атласлари, ўзлигимиз рамзига айланиб кетган қалмпирмунчоқ дўппилари етти иқлимга машҳур. Марғилонда ҳунарсиз одамнинг ўзи йўқ. Гиламдўз, атлас, адрас тўқиш, табиий ранглар тайёрлаш, каштачилик, мисгарлик, заргарлик сингари ҳунармандчилик анъаналари асрлар давомида тараққий этиб келмоқда.
Шаҳарда мисли кўрилмаган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширил-япти. Кенг ва равон кўчалар, бир-биридан кўркам иншоотлар, ишлаб чиқариш тармоқлари, турар жой бинолари, аҳоли дам олиш масканларини кўриб, кўз қувнайди, дил яйрайди.
Иқтисодиётни эркинлаштириш ва модернизациялаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини бермоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 429,6 млрд. сўмни ташкил этиб, ўсиш кўрсаткичи 104,2 фоизга етди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ошди, кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайди. Оилавий тадбиркорлик, кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан ўтган давр мобайнида умумий ҳисобда 20,1 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.
– 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида умумий қиймати 7,2 млн. долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинди, – дейди инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Саидумархон Акрамов. – Тасдиқланган дастурга мувофиқ 18 та истиқболли лойиҳалар ишга туширилиб, 259 та янги иш ўринлари яратилди. Шу кунга қадар биргина хизмат кўрсатиш йўналишида 72 та лойиҳа амалга оширилди.

Дунёга юз очган корхона

Фарғонада экспорт салоҳиятини юксалтириш, дунё бозорида рақобатга чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқаришда марғилонлик тадбиркорларнинг алоҳида ҳиссаси бор.

Шаҳардаги “Наримтекс” корхонаси ташкил этилганига ўн икки йил бўлди. Дастлаб оддий тикув машиналарида 3-4 нафар тикувчи аёллар билан фаолият бошлаган тадбиркор Наргиза Аминова бугун юзлаб моҳир чеварлар, дизайнер ва модельерларнинг меҳнатига, иқтидорига суянади.
Аёллар кийим-кечакларини тикишга ихтисослашган корхонада 2012-2015 йилларда Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёни модернизация қилинган. Замонавий бичиш-тўқиш, безак бериш ҳамда тикув машиналари келтириб ўрнатилган. Йилига 35-40 минг дона аёллар пальтоси, пиджак ва курткалар, яна юздан ортиқ турдаги хотин-қизлар либослари нафақат республикамиздаги, балки хорижий харидорлар учун ҳам манзур бўлаётир. Корхона ишлаб чиқариш цехларида тайёрланаётган сара маҳсулотлар Россия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Мамлакатимиз Президенти мазкур корхона фаолияти билан танишиш жараёнида ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган янги маҳсулотлар турларини ишлаб чиқариш юзасидан амалий таклифлар берди. Имтиёзли кередитлар ажратилди. Бу таклиф корхона таъсисчилари томонидан маъқулланди ва қисқа фурсатда янги корхона қурилиши поёнига етди.
“Uzwoolentex” жун аралашмали мато ишлаб чиқаришга мўлжалланган тўқув фабрикасида 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. Италия, Германия ва Хитой мамлакатларидан келтирилган илғор технологиялар ёрдамида маҳаллий хомашёлардан сифатли жун ип матолари ишлаб чиқарувчи бу фабрика Марказий Осиёдаги ягона корхона ҳисобланади. Эндиликда “Uzwoolentex”да тўқилган сифатли матолардан “Наримтекс”да замонавий аёллар либосларини тайёрлаш йўлга қўйилди. Ушбу маҳсулотлар дунё бозорида “Molto Caldo” бренди билан машҳур.

Ипакларнинг сеҳр- жозибаси

Мустақиллик йилларида атлас, адрас ва ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, экспортга бўлган талаб ортди, янги имкониятлар яратилди. Эндиликда бу ерда фақат хом-ашё эмас, балки тайёр ипак матолари ишлаб чиқариш кўлами кенгайди.

Президентимиз ташаббуси билан ўтган йили иш бошлаган “Ҳунармандлар маркази”да ипак матоларни тараш, абрбанд усулида гул солиш, мато тўқиш, тикиш сотиш, экспортга йўналтириш билан боғлиқ барча жараёнлар амалга оширилмоқда.
Моҳир уста Иброҳимжон Султонов саъй-ҳаракати билан давлат шерикчилик асосида ташкил этилган масканда ҳунармандчилик анъаналарини тиклаш, ривожлантириш билан боғлиқ барча шароитлар бор.
– Бу ерда 50 турдан зиёд тоза табиий ипакдан гилам, атлас, шойи, адраслар тайёрланади. Маҳсулотларнинг асосий қисми Туркия, Қозоғистон, Россия ва бошқа яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилинмоқда, – дейди Иброҳимжон Султонов. – Яна бир муҳим жиҳати, бу ерга келганлар ипак матолар тайёрлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиш асносида ўзи танлаган матолардан либосларга буюртма қилишлари мумкин. Муҳими, бу иш жараёнларини ўз кўзи билан кўришга қизиқаётган сайёҳлар сафи кундан-кунга ортиб бормоқда.
Корхонадаги 11 та ишлаб чиқариш цехида 600 нафардан ортиқ хотин-қизлар ишлайди. 1500 нафарга яқин аёлларга уй шароитида касаначилик асосида маҳсулот етказиб берилади. Икки қаватли марказнинг қуйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқилади. Биринчи қаватдан тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, чевархона ўрин олган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этилади. Бинонинг юқори қаватида эса гилам цехи жойлашган.
Ипакдан гилам тўқиш мураккаб жараён. Бу касб сабр-бардошни талаб этади. Битта гилам тайёр ҳолга келгунча йиллар талаб этилади. Тайёр маҳсулотларга боқиб, марғилонлик ҳунармандлар маҳоратига қойил қоласиз.

 

Осмонга бўйлашаётган бинолар

 

Марғилонда осмон қадар бўйлашиб бораётган кўп қаватли замонавий уй-жойлар қурилишига ошифта бўласиз.

Яқин кунларгача Марғилонда 9-12 қаватли уй-жойлар қу-рилади, деса кўпчилик ишонмасди. Бугун бу ҳақиқатга айланди.
Эндиликда шаҳарнинг истиқболли ривожлантириш бош режасига асосан “Наврўз” МФЙ, Янги ҳаёт кўчасида 4 та 9 қаватли уй қурилиши олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур ҳудудда турк инвесторлари иштирокида яна 2 та уй қурилиши учун ер майдони ажратиб берилди.
“Роҳат” МФЙ, Аҳмад ал-Фарғоний кўчасидаги 3 та 9 қаватли, “Наврўз” МФЙ, Айланма мавзесида 4 та 12 қаватли уйлар қуриш учун ер майдонлари танланди.
2021 йилнинг ўзида шаҳар ҳудудида тадбиркорлик субъектлари томонидан 19 та 884 хонадонли уй-жой қурилиши олиб борилмоқда.

Уйлар иссиқ, кўнгил хотиржам

Кўп қаватли уйлар марказлашган иссиқлик тизими билан таъминланмоқда. Бу масала Марғилонда йиллар давомида энг оғир муаммо бўлиб келган. Аксарият кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тизими ишдан чиққан, бу совуқ кунларда ўзига хос эътирозларга сабаб бўлар эди. Эндиликда мазкур масалаларга ечим топилди. Бир вақтнинг ўзида 130 та кўп қаватли уй-жойлар иссиқлиқ ва иссиқ сув билан таъминланади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолига узлуксиз иссиқлик етказиб бериш. Мазкур ишлар учун республика бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Айни кунда “Гулистон”, “Зуҳро”, “Милтиқсоз”, “Чилонзор”, “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида жойлашган кўп қаватли уйлардаги 5711 та хонадонни иссиқ сув ва иссиқлик билан таъминлаш борасида амалий ишлар бошлаб юборилган.
– Уйларимиздаги иссиқлик тизими ишдан чиққанига анча йиллар бўлди. Қўлбола печлардан фойдаланардик, – дейди “Мўътабар замин” ширкат раиси Шахобиддин Халилов. – Кўп қаватли уйларга замонавий иссиқлик тизими тортилаётгани бу борадаги муаммоларимизни бартараф этяпти. Эндиликда иссиқ сув, марказлашган иссиқлик тизимига эга бўлдик. Уйларимиз иссиқ, кўнгил хотиржам.
Марғилон шаҳридаги 130 та кўп қаватли уйларнинг бир йил давомидаги энергия сарфи 33,8 миллион куб метр табиий газ, 44,9 миллион кВт электр энергия-сини ташкил этади. Лойиҳа тўла қувватда ишга туширилганидан сўнг ушбу кўрсаткич 18,4 миллион куб метр табиий газ, 15,4 миллион кВт электр энергиясини ташкил этиб, қарийб 14,5 миллиард сўм маблағ тежаб қолинади.

Болажонлар қувончи

Марғилонда 18 минг 563 нафар 3-7 ёшгача бўлган болалар бор. Уларнинг 12 минг 888 нафари мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган.

“Ёрқин” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган 4-сонли мактабгача таълим ташкилоти Мустақиллик байрами кунларида болажонларга муносиб туҳфа бўлади. Янги маскан бир вақтнинг ўзида 300 нафар кичкинтойни ўз бағрига олади.
Марғилон педагогика коллежининг икки қаватли бўш турган биносида маҳаллий бюджет ҳисобидан 1 млрд. 520 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
– Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида давлат ижтимоий шерикчилик асосида 30 та янги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти иш бошлайди, – дейди Марғилон шаҳар мактабгача таълим бўлими мудири Ҳавохон Қурбонова. – Натижада 750 нафар 3-7 ёшгача бўлган кичкинтойлар таълим муассасаларига қамраб олинади. Истиқболдаги дастурлар режасига кўра, янги давлат ва нодавлат таълим мас-канларининг ишга туширилиши ҳисобига болажонлар қамрови йил якунига қадар 80 фоизга етади.

Саҳифа материалларини Расулжон
Камолов
тайёрлади.
Суратлар муаллифи Элёр Олимов.