“Covid-19”

“Covid-19”

ЛОҚАЙДЛИКНИНГ БАДАЛИ ОҒИР БЎЛАДИ

Ҳаммамиз икки улуғ неъмат – саломатлик ҳамда хотиржамликнинг қадрини юрак-юракдан ҳис этамиз. Авваллари соғлиғига бирмунча бепарво бўлганлар ҳам энди ҳар он ўзини кузатадиган, саломатлигини тафтиш ва таҳлил қиладиган бўлишди. Умуман олганда, коронавирус пандемияси нафақат инсонлар дунёқарашини, балки бутун дунё иқтисодиёти, турмуш тарзини ўзгартиргани айни ҳақиқат. Ҳозирги кундаги ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғуломжон Якубов билан суҳбатлашдик.

— Ҳозирда учраётган коронавирус инфекциясининг ўтган йилгидан қандай фарқи бор?
— Бугунги кунда касалланиш хавфи ўтган йилгига қараганда анча юқори. Унинг турлари ҳам кўпайган. Оддийгина томоқ оғриқ ва иситма билан ҳам коронавирус инфекцияси аниқланяпти. Бунга сабаб эса, чекловлар бироз юмшаганидан фойдаланиб, одамлар қоидаларга амал қилмай қўйишганида. Вилоятимизда коронавирусга чалинган беморлар даволанаётган 4 та шифохонада барча ўринлар деярли тўлган. Жорий йилнинг 25 июль ҳолатига кўра вилоятимизда 2838 нафар бемор коронавирус инфекциясига чалинган бўлиб, шундан 2645 нафари бутунлай соғайган. Бундан ташқари кеча кун давомида 64 нафар одамда коронавирус инфекцияси, 68 нафар фуқарода пневмония аниқланган.
—Инфекция тарқалиши-нинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти?
— Фарғона вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси томонидан вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, барча давлат-нодавлат ташкилотлари биноларида ва жамоат транспортларида профилактик дезинфекция ишлари узлуксиз амалга ошириляпти. Бундан ташқари, вилоят ИИБ, Миллий гвардия, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари, унинг ҳудудлардаги бўлимлари ҳамкорлигида ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Улар жамоат жойлари, умумий овқатланиш шохобчаларида карантин қоидаларига амал қилинишини доимий назорат қилиб бориш-моқда. 160 та овқатланиш шохобчаларида тушунтириш ишлари олиб борилди.
52 та озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда умумий овқатланиш жойларида қайта-қайта огоҳлантирилишига қарамай, карантин қоидаларига амал қилинмаган. Шу сабабли масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 53, 54-моддалари билан маъмурий баённомалар тузилиб, маъмурий судларга юборилди.
Санитария назорат пункти ходимлари билан ҳамкорликда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар, иситмаси кўтарилган йўловчиларни аниқлашда, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига қатъий риоя этиш чоралари кўрилган.
— Оммавий эмлаш жараёни қандай кетмоқда?
— Маълумки, жорий йил апрель ойининг биринчи санасидан бошлаб, мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларига старт берилган эди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган бўлса-да, ўтган 3 ойдан ортиқ вақт давомида халқимизнинг вакцина олиш жараёнларидаги фаоллиги сезилмади. Ҳолбуки, бу саъй-ҳаракатлар, энг аввало, аҳоли саломатлиги йўлида амалга оширилмоқда. Бироқ буни ҳамма ҳам бирдек тушунаётгани, тўғри англаётгани йўқ. Аксинча, айримлар ижтимоий тармоқлар орқали эмлаш тўғрисида турли асоссиз фикрлар тарқатишга, одамлар онгида вакцина ҳақида нотўғри тасаввур уйғотишга уринмоқда. Буни бартараф этиш учун биз ҳам ўз интернет саҳифамизда тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боряпмиз.
Баъзи фуқаролар нотўғри фикрларга ишониб, ўзи ва яқинларини вакцина олишига монелик қилмоқда. Энг ёмони, улар бу билан касалликнинг аҳоли орасида янада кенг тарқалишига замин яратяпти.
Ёзёвон, Сўх ва Фурқат туманларида вакцина олишни истамаётган фуқаролар кўплигини сезяпмиз. Бошқа туманларда шу кунгача 55 мингдан одам эмланган бўлса, уларда 35 минг нафарга ҳам етгани йўқ.

Вилоятимизда 2021 йил 24 июлгача 817 653 нафар одам коронавирус инфекциясига қарши эмланган.

Лоқайдлик ва эътиборсизликнинг бадали жуда оғир бўлиши, инсон соғлиғи ва ҳаётига хавф солиши мумкинлигини ҳеч биримиз унутишга ҳаққимиз йўқ. Буни ҳис этиш, бугунги синовли кунлар талабини тўғри тушуниш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, саломатлигимиз, ўзимиз ва яқинларимизнинг ҳаёти қанчалик фаоллик билан эмланишимизга боғлиқ.
Шоҳсанам ЭШМАТОВА суҳбатлашди.