Муҳаррир минбари

РАҲБАРГА БАҲОНИ
ХАЛҚ БЕРАДИ

Биз энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида турибмиз. Бу Ўзбекистон тарихидаги аждодларимиз орзу қилган, курашган ва жон фидо қилган асрий мақсадлар ижобати байрамидир.

Ўтган йилларда ўзбек давлатчилиги дунё ҳамжамияти томонидан тан олинди. Эришилган натижалар эса халқаро миқёсда эътироф этилди. Албатта, хато ва камчиликлар ҳам бўлган. Аммо сўнгги йилларда биз босиб ўтган йўлимизни таҳлил қилдик, бой берилган имкониятларни қайта тиклаш, давлат ва унинг идоралари очиқлиги, сўз ва матбуот эркинлиги, қўни-қўшнилар билан яқинлик, иқтисодни либераллаштириш, мулк ва инсон ҳуқуқлари дахлсизлиги каби демократик тамойилларни янада мустаҳкамлашга устуворлик бердик.
Муҳтарам Президентимизнинг: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган фикрлари ҳаётий шиорга айланди. Аслида бу давлатнинг муҳим сиёсий стратегик дастури эди. Уни амалга ошириш йўлидан қадам-
бақадам борилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонаси ташкил этилгани туфайли фуқаролар билан мутасадди идораларни боғловчи мутлақо янги тизим пайдо бўлди.
Жорий йилнинг ўтган II чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхоналарига жами 27 885 та масалада мурожаатлар келиб тушган. Улар иш билан таъминлаш, газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти, уй-жой, ер майдони ажратиш, соғлиқни сақлаш, таълим, суд тизими ҳукм ва қарорларидан норозилик, йўл қурилиши, кредит олиш каби кундалик муаммолар ҳақида эди. Давлат раҳбарининг халқпарвар сиёсати, мамлакатдаги иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотлар туфайли аҳоли мурожаатлари асосан қаноатлантириб келинмоқда.
Сўнгги йиллардаги мурожаатларнинг салмоқли қисми уй-жой тақчиллиги масаласида эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ипотека кредити тизими ислоҳ қилинди ва дарҳол натижа кўрсатди. Буни қуйидаги рақамлар яққол намойиш қилиб турибди. Шу йилнинг ўзида 297 та уй-жой фойдаланишга топширилади. Бу эса 8357 та хонадон демакдир.
Маҳаллабай, хонадонбай ўрганишлар туфайли ўтган 6 ойдагина 47554 нафар уйда ўтирган аёллар иш билан таъминланди, 9668 нафар йигит-қизлар, 1380 нафар аёллар касбга ўқитилиб, ҳунарли қилинди. Уларга тадбиркорликни бошлашлари ва томорқасидан даромад олиши учун кичик бизнесига 45 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди.
Одамлар давлат идораларига қачон мурожаат қилади? Қачонки, кимдандир, нимадандир норози бўлса. Давлат идораларининг бирламчи вазифаси – халқни рози қилиш. Унинг бугун бахтли яшаши учун барча шарт-шароитларни яратиш. Ўзбекистон Респуб-ликаси Президенти ижро ҳокимияти раҳбарларидан айнан шуни талаб қилмоқда. Бунинг учун давлат идоралари кунлик, ойлик, йиллик режаларини айнан халқ билан юзма-юз мулоқотлардан сўнг, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалардан келиб чиқиб белгилаши лозим.
Куни кеча бўлган ви-деомулоқот чоғи Президент барчани ишонтириб айтдики, бундан буён шундай бўлади, вилоятнинг биринчи раҳбаридан тортиб, ҳар бир давлат идораси раҳбари халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун кеча-кундуз фидойилик билан ишлайди. Энди давлат хизматчиси бўлган ҳар бир раҳбарнинг иш кабинети – қабулхонага айланади. Мурожаатчилар ҳар куни, эрта-ю кеч қабул қилинади. Уларнинг масаласи қонун доирасида ижобий ҳал этилиши кафолатланади.
Мамлакатдаги ижтимоий ислоҳотлар туфайли вилоятимиздаги давлат идоралари, масалан, ҳокимликларда виртуал қабулхоналар очилган эди. Давлат раҳбарининг топшириғига кўра энди тўғридан-тўғри, туну кун мурожаат қилиш учун ижтимоий тармоқларда ҳар бир амалдорнинг алоҳида саҳифалари ташкил этилади. Халқнинг бирорта ҳам мурожаати эътиборсиз қолмайди. Айниқса, бандлик ва тадбиркорлик масалалари бўйича виртуал қабулхоналар орқали мурожаат қилиш унинг ижросини тезлатиш имконини беради.
Яна бир янгилик. Мурожаатларнинг барчаси ягона электрон базада жамланиб, Халқ қабулхоналари ҳар чоракда давлат органларининг очиқ рейтингини шакллантириши белгиланди. Барча шаҳар-туман ҳокимликлари ва вилоят идораларида мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Ягона онлайн платформа яратилади. У орқали мониторинг юритилиб, натижаси ҳар ойда вилоят ҳокимлигида, маҳаллий Кенгашларда муҳокама қилиб борилади.
Ҳаётнинг ўз ҳақиқатлари бор. Замон, талаб ўзгарди. Энди амал курсиси билан раҳбарлик қилиб бўлмайди. Давлат идораси ходимининг фаолиятидан юриш-туришигача эл назарида. Амалдорга энг муносиб баҳони халқ беради. Эл назаридан қолмаслик учун улар ўз устида тинмай ишлаши, изланиши, ташаббус ҳамда фидойилик кўрсатиши лозим. Зеро, халқнинг розилиги – энг олий мақсад!
Таҳлиллар шуни кўр-сатадики, мурожаатларнинг аксарияти маҳалла ёки шаҳар-туманнинг ўзида ечим топади. Аммо айрим маҳаллий раҳбарларнинг масъулиятсизлиги туфайли аҳоли вилоят, ҳатто республика идораларигача такрор мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Бундан буён аҳоли мурожаатларига бефарқлик, Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга хиёнат, деб баҳоланади. Ундай раҳбарга нисбатан интизомий ва қонуний чора кўрилади.
Фарғона вилояти ўзининг иқтисодий салоҳияти билан мамлакатнинг пешқадам минтақаси бўлиб келган. Бундай натижа меҳнатсевар, ориятли, ҳақпарвар халқи туфайли қўлга киритилган. Уларга сидқидилдан хизмат қилмоқлик ҳар бир давлат идораси ходимига ғурур бахш этади. Ишончимиз комил, давлат идоралари вакиллари ҳамиша халқ дарду ташвиши билан яшайди.
Муҳаммаджон
ОБИДОВ.