Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

ДАРДИНГНИ АЙТ, ВЕБ-САЙТ!

Ёки баъзи давлат органлари ва
ташкилотларининг расмий саҳифалари хусусида

Глобаллашув ва ахборотлар асрида яшаяпмиз. Умримизнинг ҳар дақиқаси ахборот тарқатиш, олиш, маълумотлар излаш билан ўтмоқда десак муболаға бўлмас. Зеро, бугунги замонда зиғирча бўлса-да, яхши ёки ёмон маънодаги хабарлар нафақат шахсий, балки мамлакатлар, қитъалар, улкан ҳудудлар ҳаётига таъсир қилмай қолмайди.

Мамлакатимизда рўй бераётган ҳар бир янгилик телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалаётгани, бунга фуқароларнинг муносабат билдириши табиий ҳолга айланиб қолди. Юртимизда, хусусан, вилоятимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шаҳар-туманлар ҳаётига оид янгиликлар, зарур маълумотлар матбуот ва оммавий ахборот воситалари томонидан мунтазам ёритиб борилади. Бинобарин, жараёнлар хусусидаги ахборот тақчиллиги, ҳаққоний маълумотлар камлиги нохуш кайфиятга, аҳоли норозилигига сабаб бўлади.
Шу ўринда вилоятимиздаги бошқарма ва муассасалар, давлат органлари ва ташкилотлари, ҳокимликларнинг веб-сайтлари фаолиятига тўхталмоқчимиз.
Вилоят ички ишлар, кадастр агентлиги, статистика бошқармалари, Фарғона политехника институти, ФарДУ каби олий таълим муассасалари сайтлари намунали экани ҳолда, баъзи бошқармаларнинг сайтлари умуман йўқлиги кишини ўйлантиради.
Жумладан, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси сайти (fjko.uz)-
дан тузукроқ маълумот олишнинг иложи йўқ. Бундай фикрни “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали (farhududgaz.uz),
экология ва ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси (fartabiat.uz),
мактабгача таълим бош-қармаси (fargonavmtb.uz) ҳақида ҳам айтиш мумкин. Одамлар кўп мурожаат қилувчи соғлиқни сақлаш, бандлик, транспорт бошқармалари ўз веб-сайтига эга эмас.
Вилоят транспорт бош-қармаси ахборот хизмати ходими учун ҳатто компьютер ажратилмагани, ходим кимнингдир компьютерини ижарага олиб ишлатаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Информацион технологиялар ривожланган ҳозирги даврда одамлар вилоятимиздаги шу соҳаларга оид янгиликларни, қонун ва қонуности ҳужжатларини батафсил ҳолда қаердан олишади? Ислоҳотлар нафасини, ўзгаришлар эпкинини қандай сезишади?
Бугун барча шаҳар-ту-манлар ҳокимликлари ўз веб-сайтларига эга. Лекин улардаги ғализлик, пала-партишлик, хато ва камчиликлар киши дилини хуфтон қилади. Мисол учун, аксарият ҳокимлик сайтларининг бош саҳифасидаги “Маълумотлар”, “Очиқ маълумотлар” бўлимларида ҳеч қандай маълумот топа олмадик. Ваҳоланки, бу бўлимда “Хотира”, “Эълонлар” ва “Тендерлар” номли ўқувчилар учун қизиқарли боблар жойланган. Бутун бошли туман ёки шаҳарда кун ора янгилаб туриладиган эълонлар йўқми?! Ёки ҳукуматимиз томонидан шаффофлиги таъминланиши талаб этилаётган тендер танловлари ошкор этилмаслиги керакми? Хотирланадиган бирор киши йўқ экан, ўз тумани учун хизмат қилган марҳумлар эсланмас экан, нега бу бўлим сайтда турибди?
Қўштепа, Бувайда, Бешариқ, Олтиариқ, Тошлоқ, Учкўприк, Қува туман ҳокимликлари сайтида янгиликлар эски, Ёзёвон туманида эса умуман янгиликлар сайтга жойланмаган. Марғилон шаҳар ҳокимлиги сайтида май ойи-да 1 та, июнь ойида 3 та, июль ойида эса атиги 1 та янгилик тақдим қилинган. Наҳотки, ҳудудларда эътиборталаб мавзулар, халқни қийнаётган муаммолар бўлмаса?! Ё бу сайтлар фақатгина ҳокимнинг қаерга боргани-ю, кимга нима совға қилганини ёритиш билан чекланиши керакми?
Хатоликлар ҳақида ҳам кўп гапириш мумкин. Жумладан, “эълон” сўзи “элон” (Қува, Ўзбекистон, Бувайда, Риштон, Ёзёвон…) деб ёзилишини, “ҳоким” сўзи лотин ёзувида “xokim” (Қувасой, Марғилон, Бешариқ, Олтиариқ, Ёзёвон, Риштон…) бўлишини, тилимизда “хужжат”, “маьлумот”, “мулохаза”, “функсия”, “йасҳил”, “мусобоқа” каби сўзлар ҳам борлигини шу сайтлардан билиб оласиз… Баъзи ҳокимликлар (Бувайда, Учкўприк, Қувасой) сайтида эса “Туман ҳақида” номли бўлимда вилоятимиздаги олий таълим муассасалари ҳақида маълумотлар жойланган!
Тил масаласи ҳам ачинарли. “Официальный сайт хокимията кувиниского района”, “нормативны документы” (Бешариқ), “Официальнқй” (Риштон) сингари ғализ жумлалардан ҳайрон бўласиз. Кўп миллатли ҳисобланган Қувасой шаҳар ва Фарғона тумани ҳокимлиги сайтларида эса рус тилидаги материалларни, “ажи-бужи” ҳарфлар сабаб, ўқишнинг иложи йўқ. Энг ажабланарлиси, Олтиариқ туман ҳокимлиги сайтида (oltiariq.uz) рус тилини танласангиз, бош саҳифада “Официальный сайт хокимията Ташлакского района” ёзуви чиқиб келади. Учкўприк тумани ҳокимлиги сайти (uchkoprik.uz) ҳам кирилл ёзувига ёки инглиз тилига олинса, “Олтиариқ” ёзуви намоён бўлади.
Хуллас, вилоятимиз ташкилот-муассасаларида веб-сайтлар фаолияти қониқарли эмас. Ваҳоланки, жорий йил 16 июнь куни Президентимизнинг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Айтиш керакки, мазкур қарорнинг асосий мақсадларидан бири амалга оширилган маҳаллий бюджет, давлат харидлари, ишлар ва хизматлар, сарфланган харажатлар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, жамоатчилик кенгаши ва унинг аъзолари ҳақидаги маълумотлар, ер участкаларининг электрон аукцион орқали сотилиши каби давлат идоралари фаолиятига оид очиқ ахборотларни ўз веб-сайтлари орқали фуқароларга етказишдан иборат.
Ҳар бир корхонанинг юзи, халққа яқинлашиш усули саналган веб-сайтлар фаолиятини тезроқ йўлга қўйиш, саҳифалар сифа-
тини юксалтириш, масъул раҳбарлар эса бу ҳо-латга жиддий эътибор қаратишлари зарур. Ташкилотларга бириктирилган ахборот хизмати ходимлари телеграм каналлар билангина чекланиб қолмасдан, расмий саҳифалар имкониятларидан кенг фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.