“БЕПУЛ ВА ХАВФСИЗ ВАКЦИНА БИЛАН ЭМЛАНИНГ” дейди меҳнат фахрийси Наталья Семёнова

“БЕПУЛ ВА ХАВФСИЗ  ВАКЦИНА БИЛАН ЭМЛАНИНГ” дейди меҳнат фахрийси Наталья Семёнова

Фарғонада 1 апрелдан бошлаб коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирлари олиб борилмоқда. Бу жараённи кузатиш мақсадида 1-оилавий поликлиникага ташриф буюрдик. Шифохона таркибида 4 та эмлаш бригадаси фаолият юритяпти. Уларнинг ҳар бирида шифокор ва икки нафар вакцинатор ишламоқда.

Бизни бош шифокор Нуриддин Барзиев иккинчи қаватда жойлашган эмлаш пункти томон бошлади. Деворга илинган “Вакциналар бизни янада кучли қилади” деб ёзилган баннерлар эътиборимизни тортди. Навбат кутаётган одамлар кўп, хонада эса шифокор ва икки ҳамшира чаққонлик билан ишламоқда. Уларни безовта қилмадик-да, “вакцинадан сўнг” дея ёзиб қўйилган хонага кирдик. 57 ёшли Алижон ота Турдиалиев билан суҳбатлашдик.
– Тўғрисини айтсам, бошида вакцина олишни истамагандим. Чунки атрофдаги миш-мишларга ишониб, соғлик учун хавфли деб ўйладим. Кеча набирамни шифокорга кўрсатиш учун шу ерга олиб келгандим. Телеэкран орқали эмланишнинг афзалликлари ҳақида видеоролик кўриб қолдим. Бугун турмуш ўртоғим ва қизим билан биргаликда эмландик. Ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз.
Дарҳақиқат, аҳоли орасида турли хил гап-сўзлар кўпаяётгани ҳам бор гап. “Хитойники яхши эмас, Россияникини олиш керак”, “Вакцина олганимиз билан барибир коронавирус юқавераркан, унинг фойдаси йўқ” сингари хато фикр-лар қулоққа чалиниб турибди. Бу вакциналарнинг қандай фарқи борлигини мутахассис Мавлуда Алимовадан сўрадик:
– Шифохонамизда 3 хил турдаги вакцина билан аҳолини эмлаяпмиз. “Astra Zeneca” (Буюк Британия) билан икки босқичда — 3820 нафар, “Sputnik V” (Россия) билан икки босқичда — 3140 нафар ва “Ўзбек – Хитой” ҳамкорликдаги вакцина билан тўлиқ ҳолатда 10 мингга яқин аҳоли эмланди. Учала вакцинанинг ўртасида деярли фарқ йўқ. Бунинг таъсири инсон организмининг иммунитетига боғлиқ. Яна бир масалага изоҳ бериб кетмоқчиман. Ўтган ҳафтада бир аёл қўшниси вакцина олгандан 3 кун ўтиб, коронавирус юқтириб олганини айтиб қолди. “Барибир юқса, эмланиб нима қиламиз” дея арз қилди. Унга эса эмланиш тартиби ва афзаллик-лари, эмлангандан сўнг ўзини эҳтиёт қилиш чораларини обдон тушунтирдим. Эмлаш жараёни 3 босқични ташкил этади. Ҳар босқичда бир ой фарқ билан қабул қилинади. Учала доза олингандан сўнггина, коронавирус касаллигига қарши антитаначалар пайдо бўлади. Эмлангандан сўнг менга юқмайди, дея бе-эътибор бўлмаслик керак. Бунинг учун юртимизда қатъиян белгилаб қўйилган қоидаларга амал қилишлари зарур.
– Илк кунларда кўпчилик эмланишни хоҳламаганди. Мана, бир ойдан буён эса ҳар куни 500 нафаргача фуқаролар вакцина қабул қиляпти, – дейди ҳамшира Муножат Ғаниева.
Аҳоли орасида тушунтириш-тарғибот ишларини сидқидилдан бажараётган патронаж ҳамши-раларининг ўрни беқиёс. Мана шундай жонкуярлардан бири Холисхон Мўминова бўлади.
— Менга “Мирзо Улуғбек” МФЙ, Аҳмад Яссавий кўчасидаги 7 та кўп қаватли уйлардаги аҳоли бириктирилган. Бу ерда 256 та хонадон бўлиб, 800 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Эмлаш жараёнининг илк кунида 65 ёшдан катта бўлган 65 нафар кексаларимизни жараёнга таклиф қилиб боргандим. Улардан 70 фоизи бунга рози бўлишди. Қолганлари “йўқ“ жавобини берган ва Россия-да ишлаб чиқарилган “Sputnik V” вакцинасини қабул қилишларини айтишганди. Қайта-қайта тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бордим. Улар ҳам вакцинани тўлиқ қабул қилишди. Чунки бу эмлаш уларнинг соғлиги учун жуда муҳим саналади.
Аҳмад Яссавий кўчаси, 52-“а” уй, 11-хонадонда яшовчи На-талья Семёнова умрини педагог-лик соҳасига бағишлаганлардан. 2 нафар фарзандни вояга етказди. Ҳозирда 4 нафар набиранинг бахтли бувижониси. Фарзандлари ва набиралари олисда бўлса-да, улар билан қалбан яқин.
– Ўғлим Россияда ишлаб чиқарилган “Sputnik V” вакцинасини олишимни тайинлаганди. Шунинг учун ўзим хоҳлаётган вакцинани олишимни айтдим. Ўтган ойда аҳолига келтирилган Россия вакцинасини олдим. Тўғриси, бошида ўзимни ёмон ҳис қилдим. Бироқ, ҳозир ҳаммаси жойида. Кейинги ҳафтада иккинчисини қабул қиламан.
Наталья Семёнова ўзининг яқин дўстларига бепул ва хавфсиз бўлган вакцинани тавсия қилгани ва улар ҳам эмлангани ҳақида айтиб ўтди.
Шифохонада “Мобиль бригада” ҳам тузилган бў-либ, шифокор ва 3 нафар ҳамшира эмлаш жараёнида берилаётган саволларга жавоб қайтармоқда. Зарурат туғилса, аҳоли хонадонларига бориб, эмлаш ишларини олиб боришяпти. Коронавирус инфекциясида гумонланаётган беморлар учун “Covid-19” дорилар жамланмаси ҳам тақдим этилмоқда. Бу ишларнинг барчаси аҳоли саломатлиги учун ташкилланган.
Поликлиникадан қайта-ётганимизда Алижон ота Турдиалиев яна икки дўс-тини ҳам вакцина қабул қилишлари учун бошлаб келаётган экан. Унинг мамнун чеҳрасидан соғлиги жойидалигини пайқаш қийин
эмасди.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА.