Қурбон ҳайити муборак!

Қурбон ҳайити муборак!

Аввало, Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсинки, мана шундай муборак айём – Қурбон ҳайити кунига саломат етиб келдик. Шу муносабат билан барча аҳли мўмин-мусулмонларни чин дилдан муборакбод этаман.

Ислом тарихидан биламизки, Қурбон ҳайити ҳижратнинг иккинчи санасидан бошлаб байрам сифатида бутун ислом дунёсида нишонланиб келинади.
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларининг иккинчи йилида мадиналикларнинг бир йилда икки байрамлари борлигини билиб қолдилар. Яъни “Нийруз” ва “Маҳражон”. Мадиналик мусулмонларга айтдиларки, “Аллоҳ таоло сизларга у икки байрамларингизни улардан яхшироқ икки ҳайит байрамига алмаштириб берди: Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити”.
Ана ўша кундан бошлаб мусулмонлар мазкур икки ҳайит кунларини шодиёна ва шукрона руҳда нишонлаб келадилар.
Қурбонлик масаласига келсак, закот нисобига эга бўлган мусулмонлар зиммасига Қурбон ҳайити намозидан кейин уч кун ичида қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонликка қўй, эчки, қорамол ва туя чорва ҳайвонлари сўйилади. Қўй ва эчкининг ҳар бири бир кишига ўтади. Қорамол билан туянинг ҳар бирига етти киши шерик бўлиши мумкин.
Қурбонлик ибодатининг тарихига бир назар ташлайдиган бўлсак, Иброҳим алайҳиссаломнинг турмуш ўртоғи Биби Сора онамиз фарзанд кўрмаганлари учун эрига ўз хизматкор чўриси – Ҳожарни никоҳлаб олишига рухсат беради. Биби Ҳожар онамиз Исмоил алайҳиссаломни туққанларидан сўнг Биби Сора онамиз рашк қилиб, Биби Ҳожар билан ўғлини узоқ диёрлардан бирига олиб бориб қўйишни талаб қиладилар. Иброҳим алайҳиссалом ночор уларни Маккаи мукаррама саҳросига олиб бориб қўядилар. Қолдириб кетган озиқ-овқат ва сувлари тугаб, Биби Ҳожар онамиз ҳозирги Сафо билан Марва тепаликлари ўртасида сарсон бўлиб, сувга ташна бўлиб турганларида ҳозирги зам-зам булоғи пайдо бўлиб, жон сақлаб қоладилар.
Иброҳим (а.с.) уларни тез-тез зиёрат қилиб, хабар олиб турадилар. Бир куни Исмоил ўғли вояга етган пайтида Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с.)нинг имон-ихлосини синаш учун тушида ўғли – Исмоилни қурбонлик қилишга буюради. Пайғамбарларнинг туши билан ўнги баробар бўлгани учун Иброҳим (а.с.) ўғлини қурбонлик қилишга қарор қилади. Исмоил (а.с.)га айтганларида: “Агар Сизга Парвардигоримиз буюрган бўлса, мен розиман”, дейдилар.
Шундан сўнг қурбонлик қиладиган жойга бориб, ўғлини ётқизиб, пичоқни томоғига қадаб, шунча у ёқ-бу ёққа ишқалаб тортсалар ҳам кесилмаганидан кейин, Аллоҳ таолодан нидо келадики: “Эй, Иброҳим, сен тушингда кўрганингни бажармоқчи бўлдинг. Менинг амримга хилоф қилмадинг. Сен имтиҳондан яхши ўтдинг. Энди ўғлингни эмас, ана у қўчқорни сўйиб, қурбонлик қилгин”, деб жаннатдан бир қўчқорни чиқариб, унга кўрсатди.
Ана шундан кейин барча мусулмонларга, яъни ўзига тўқ, бой-бадавлат, закот нисобига эга кишиларга қурбонлик қилиш вожиб бўлди.
Сўзимнинг охирида Аллоҳ таолога илтижо қилиб сўрайманки, ожизона қилаётган тоат-ибодатларимизни ўз даргоҳида ҳусни қабул қилсин. Келаси мана шундай муборак айёмларга барчамизни соғ-саломат етиб боришимизни насиб айлаб, шу кунларда бутун инсониятни ташвишга солиб турган бедаво касаллик ва бало-офатлардан ўз паноҳида асрасин!
Шайх Абдулазиз МАНСУР,
Ўзбекистон Ислом
цивилизацияси маркази
директорининг ўринбосари.

Ҳамюртларим, Фарғона аҳлини Қурбон ҳайити билан табриклайман!