Ҳамдардлик

Ҳамдардлик

Ўзбек журналистикаси оғир жудоликка учради.Истеъдодли ижодкор, бетакрор сураткаш, салоҳиятли ташкилотчи ва ташаббускор инсон, меҳрибон устоз Тоҳиржон Ҳамроқулов 70 ёшида оламдан ўтди.

У 1951 йилда Бағдод туманида туғилган эди.Бутун умрини мамлакат матбуоти, фотожурналистикаси ривожига бағишлади.”Бағдод ҳаёти”, “Фарғона ҳақиқати” ва  республикамизнинг барча газета-журналларида унинг маҳорат билан олинган, оддий қишлоқ одамлари, машҳур инсонларнинг санъат даражасидаги  суратлари босилган, энди улар архивларда мангуга муҳрланиб колди.

Тоҳиржон Ҳамроқуловнинг бутун истеъдоди, ташкилотчилик қобилияти “Халқ сўзи” гезетасида ишлаган йилларида бўй-басти билан намоён бўлди. Мамлакатимизда унинг қадами етмаган, у кириб бормаган хонадон қолмаган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида халқ ишончини қозонди, жамоат арбоби сифатида эл-юрт хотирасида қолди.

У республикамизда биринчилардан бўлиб хусусий телевидениелар тармоғини яратишга салмоқли ҳисса қушди. Т.Ҳамроқулов асос солган  “Тоҳир-Бағдод” телевидениеси унинг номини бутун мамлакатга машҳур қилди. Унинг мураббийлигида камолга етган ўнлаб,юзлаб журналистлар бугун туман, вилоят, республика матбуот ва оммавий ахборот воситаларида самарали фаолият олиб бормоқдалар.

Т.Ҳамроқуловнинг эл-юрт, ўзбек матбуоти олдидаги улкан ва беқиёс хизматлари муносиб тақдирланди. У “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори, бир қатор кўкрак нишонлари ва Фахрий ёрлиқлар билан тақдирлаган эди.

Унинг порлоқ хотираси халқимиз, шогирдлари ва издошлари хотирасида абадий қолади.

Хайрулла БОЗОРОВ,

Топволди ХОЛДОРОВ,

Файзулло ҚОСИМОВ,

Восилжон НАЗАРОВ,

Муҳаммаджон ОБИДОВ.