ТУРКИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ – ФАРҒОНАДА

ТУРКИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ – ФАРҒОНАДА

15-16 июль кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли ўз сафарини Фарғонадан бошлади.

 

 

Маълумот учун, Мевлут Чавушўғли 1968 йилда Туркиянинг Аланья шаҳрида туғилган. 1988 йилда Анқара университети сиёсий фанлар факультетини тамомлаган. 1991 йилда Лог-Айленд университетида (АҚШ) иқтисодиёт бўйича магистр даражасини олган. Туркиядаги Билькент университетида илмий иш олиб борган. Лондон иқтисодий ва сиёсий фанлар мактабида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Меҳнат фаолиятини 1995 йилдан Туркия атроф-муҳит муҳофазаси вазирлиги халқаро алоқалар Департаментида бошлаган. 2002-2007 йилларда Туркия қонунчилик палатаси –  Буюк миллат мажлиси депутати, Туркиянинг Европа Иттифоқи парламент ассамблеясига делегация раиси, ЕИ ишлари бўйича вазири лавозимларида ишлаган. 2015 йилдан буён Туркия Ташқи ишлар вазири.

 

Мартабали меҳмонни Фарғона аэропортида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Иқболжон Эргашевлар кутиб олдилар ва ҳамроҳлик қилдилар.

Туркия Ташқи ишлар вазири Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрди. Меҳмонлар дастлаб марказнинг тўқув цехидаги иш жараёни билан танишишди. Турфа рангда товланувчи ипакдан атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар яратаётган тўқувчи хотин-қизлар маҳорати катта қизиқиш уйғотди.

Гилам тўқиш цехида бўлган делегация аъзолари ўз ҳайратларини яшириб ўтирмадилар. Бу ерда тайёрланган ипак гиламлар Туркияда анча машҳур. Қўл меҳнати асосида бири-биридан нафис гулу нақшлар туширилган гиламларнинг жозибадорлигини меҳмон алоҳида қайд этди.

Мевлут Чавушўғли журналистлар билан қисқа мулоқот қилди.

– Яна бир бор қардош Ўзбекистон диёрида бўлиб турганимдан ва бу сафар “Олтин водий” деб таъриф этилган Фарғонани ҳам зиёрат қилаётганимдан ниҳоятда бахтиёрман, – деди Туркия Ташқи ишлар вазири. – Ҳурматли Туркия Президенти бизга алоҳида топшириқ берганлар: “Ўзбекистонга тез-тез бориб туринг, қардошларимиз билан доим бирга бўлинг”, деганлар. Бугун биз эртага Тошкентда бошланадиган жуда муҳим халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келдик. Ушбу тадбир Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари томонидан илгари сурилган янги ташаббус – ғоя ҳисобланади. Ушбу ғоянинг моҳияти Марказий Осиё минтақасининг Жанубий Осиё билан ўзаро боғлиқлиги асосида янги ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини мужассам этган. Ҳақиқатан ҳам, бу ҳудудларда темирйўллар, йўллар, энергетик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари мавжуд. Ушбу жараёнда Ўзбекистон марказий роль ўйнайди деб ўйлаймиз. Бугун биз Ўзбекистон Президентининг ушбу муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун келдик. Фурсатдан фойдаланиб, ушбу ташрифимиз давомида Фарғонани ҳам зиёрат қилишни лозим топдик. Аввалги ташрифимизда Хива, Урганч, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини кезгандим. Ўзбекистоннинг ҳар гўшаси тарихий асарларга бой, ҳар вилояти гўзал. Мен ўзим фермер оиласида катта бўлганим сабабли деҳқончиликка ҳам қизиқаман. Бугунги дастуримизда Фарғона далаларини кезиш, бутун дунёга машҳур ўзбек қовунлари қандай етиштирилишини кўриш ҳам жой олганидан мамнунман. Фарғонанинг ҳам ўзига хос маданияти, тамаддуни борлигига гувоҳ бўлдик. Бироз аввал кўрганимиз – ипак ишлаб чиқариш маркази бизда катта таассурот қолдирди. Яна бир жиҳат – қўлда тўқиладиган гиламлар гўзаллиги ва анвойи гуллари билан кишини лол қолдиради. Бундай гиламлардан бир донасини тўқиш учун ойлар, йиллар керак бўлади. Тўқувчи ўз кўз нури  ва меҳрини бериб тўқийди. Бизнинг Туркияда ҳам Ҳараке деб аталган қадимги манзилда худди шу услубда гиламлар тўқилади. Бу ҳам муштарак жиҳатларимиз ва қадриятларимизнинг бир кўриниши бўлса ажаб эмас. Бир сўз билан айтганда, қардош Ўзбекистон диёрида бўлиб туришдан ва гўзал Фарғонани зиёрат этишдан жуда бахтиёрмиз.

Ёш мақомчилар томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар меҳмонларга хуш кайфият бағишлади. Зеро ҳар бир мамлакатдаги тинчлик-фаровонлик, энг аввало, болажонлар кулгусида, уларнинг шўхчан куй-қўшиқларида акс этиши табиий.

Ташриф режасига кўра, Туркия Ташқи ишлар вазири Олтиариқ туманидаги узумчилик ва деҳқончилик соҳасидаги ютуқлар, миришкор деҳқонларимиз фаолияти билан танишади, Қўқон шаҳридаги тарихий ва меъморий ёдгорликлар – Худоёрхон саройи ва Жоме масжидига ҳам ташриф буюради.

Шундан сўнг Мевлут Чавушўғли халқаро конференцияда иштирок этиш учун Тошкентга жўнаб кетади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.

Форумнинг асосий мақсади Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги тарихан яқин ва дўстона алоқаларни, ишонч ва яхши қўшничиликни икки минтақа халқлари ва мамлакатлари манфаатлари йўлида мустаҳкамлашдан иборат.

Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, бошқа хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молиявий институт ва компаниялар, етакчи илмий-тадқиқот ва таҳлилий марказларнинг раҳбарлари иштирок этиши режалаштирилган.

Форум иштирокчилари минтақавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни илгари суриш имкониятларини муҳокама қиладилар. Кун тартибидан савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, “яшил” технологиялар соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш юзасидан батафсил фикр алмашиш ва биргаликда таклифлар ишлаб чиқиш ўрин олган.