Яхшидир аччиқ ҳақиқат

Яхшидир  аччиқ  ҳақиқат

МАСЪУЛИЯТНИ ҚАЧОН ҲИС ҚИЛАМИЗ?!

Газетамизнинг ўтган сонларида Қувасой, Фарғона шаҳарлари ҳамда Фарғона туманидаги айрим мактаб ҳожатхоналарининг ачинарли аҳволи ҳақида мақолалар чоп этилган эди. Бу масала бот-бот такрорланишига қарамай, ҳали-ҳамон кўзга кўринарли ишлар амалга оширилмаяпти! Муаммога ечим топиш шу қадар мушкул масалами? – Тошлоқ туманида 51 та умумий ўрта таълим мактабининг 31 таси таъмирга муҳтож, – дейди туман халқ таълими бўлимининг қурилиш бўйича мутахассиси Азаматжон Ҳамролиев. – 6 та мактабнинг ҳожатхонасини қайта қуриш ва 24 тасини жорий таъмирлаш режалаштирилган.
– Шулардан ҳозиргача нечтаси битказилди ёки таъмирланди?
Бу саволимизга мутахассисдан тайинли жавоб ололмадик. У “қуриляпти, таъмирланяпти” деган гапдан нарига ўтмади.
4-умумий ўрта таълим мактабида маъсулларни тополмадик.
– 10-15 йилдан бери шу ерда ишлайман,— дейди мактаб қоровули Абубакир ота Отажонов. – Лекин таъмирланганини кўрмаганман.
Мактабни кўздан кечирдик. Тахта полни босган сари синиб кетгудек овози эшитилади. Стол-стул, парталар кўриб бўлмас аҳволда. Бино деворлари нураб ётибди. Спорт зал ва кутубхона учун ажратилган хоналарнинг аҳволи ҳам ачинарли.
Мактаб ҳовлисининг бурчагида жойлашган ҳожатхона абгор, эшиклари қийшайиб ётибди, қўл ювадиган жой эса йўқ.
Унинг қаршисидаги янги қурилган ҳожатхонанинг эшиклари қулф, умуман очилмаганга ўхшайди. Қоровулнинг айтишича, янги ҳожатхона бошланғич синф ўқувчилари учун, эскиси эса юқори синфдагиларга мўлжалланган.
“Тоғлиқ” МФЙда жойлашган 10-умумий ўрта таълим мактабида мингдан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олади. Кираверишда бошланғич синфлар учун янги бино қурилган, орқа томондаги бино эски ва яроқсиз. Ҳожатхонаси хароб, эшик ёпилмайди. Унга олиб борувчи йўл ўйдим-чуқур. Қўл ювиш жойи, афсуски, бу ерда ҳам мавжуд эмас.
Туман марказида жойлашган 1- умумий ўрта таълим мактабида 1329 нафар ўқувчи ўқийди. Эски, таъмирга муҳтож ҳожатхона қайтадан қуриляпти. Лекин эндигина пойдевори битган холос.
– Ўзимиз ўқиган пайтлардан буён ҳожатхона таъмирланмаганди, – дейди тадбиркор Дилмурод Жўраев. – Собиқ синфдошларим билан ҳожатхона қурилишига кетадиган барча қурилиш материалларини олиб бердик. Узоғи билан 15 кунда битади.
Юқорида кўрган мактабларимизнинг биронтасида сув ва канализация тармоғи йўқ.
Вилоятимизнинг 971 та умумтаълим мактабларидан 633 тасининг ҳожатхонаси таъмирга муҳтож, 135 таси янгидан қурилиши, қолгани эса жорий таъмирланиши керак. Афсуски, бугунгача 336 мактабда қурилиш, таъмирлаш ишлари бошланмаган. Қачон бошланади-ю, қачон якунига етказилади?
Шоҳсанам ЭШМАТОВА.