Covid-19

Covid-19

БУГУНГИ ВАЗИЯТ
ЛОҚАЙДЛИКНИ КЕЧИРМАЙДИ

Коронавирусга оддий касаллик сифатида қарамаслик керак. Айни пайтда, айрим давлатларда коронавируснинг янги штаммини юқтирганлар сони ошаётгани ва инфекциядан юзлаб, минг-лаб одамлар вафот этаётгани ҳар биримиздан ҳушёр бўлишимизни, карантин талабларига сўзсиз риоя қилишимизни талаб этади.

Шу ўринда карантин қоидаларининг қатъий ҳисобланадиган бир нечта муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтмоқчиман.
Аввало, тиббий ниқобдан ҳамда антисептик воситалардан фойдаланиш нафақат карантин пайтида, балки кундалик талабга айланиши лозим. Фуқароларнинг тиббий ниқобдан оммавий фойдаланиши юқумли касаллик билан хасталанишни сезиларли даражада камайтирди. Бундай ҳолат дунё тажрибасида ҳам қайд этилди. Одамлар кўп тўпланадиган жойларда, оммавий тадбирларда, бозорлар, савдо мажмуалари, хизмат кўрсатиш масканларида, иш ва ўқиш жойларида тиббий ниқобдан фойдаланиш саломатлик гаровидир. Ниқобли тартибга фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб кўниктириб бориш лозим. Шунингдек, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, йўталганда, аксирганда оғиз-бурунни дастрўмол, салфетка ёки букилган тирсак билан ёпиш одатий турмуш тарзига айланиши керак.
Яқин танишларнинг қўл бериб сўрашишдан ташқари, қучоқлашиб кўришиши одат тусига кириб қолганди. Мумкин қадар ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаш юқумли касалликка чалинмасликнинг муҳим шартидир.
Йирик корхоналарда тиббий қисм фаолият юритади. Аммо кам сонли, шунингдек, хизмат кўрсатиш масканлари, бозорлар, савдо мажмуаларида ҳатто кичик тиббий ходимгагина эмас, оддий дори қутиларига ҳам дуч келмайсиз. Талаб шуки, ҳар бир иш жойида, албатта термометр бўлиши шарт. Бу санитария-эпидемиологик осо-йишталик қоидаси талаби даражасига кўтарилиши лозим.
Яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Коронавирус касаллигига қарши эмланиш ҳар қачонгидан кўра ҳозир тавсия қилинади. Одамлар орасида турли хил асоссиз гаплар тарқалгани боис, кўпчилик вакцина олишни хоҳламаяпти. Бу жуда катта хато иш ҳисобланади. Ўз соғлигимиз ўзимиз учун муҳим.
“Мен вакцина олдим” акция-си вилоятимиз бўйлаб кенг тар-қалмоқда. Ҳаммани янада фаолликка чорлаб қоламиз.
Биз — фарғоналик тиббиёт ходимлари халқимизни коронавирус пандемиясидан асрашда билим-тафаккуримиз, ҳаётий тажриба, соҳанинг моддий-техника базасидан унумли фойдаланган ҳолда барча имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз. Бу борада белгиланган тартиб-тамойилларга қатъий риоя этсак, миллий қадриятларимизга уйғун бўлган тиббий маданиятимизни намоён қилсак, тез орада бу касалликни енгиб ўтамиз.
Бугунги синовли кунларда шахсий жавобгарлик, масъулият ва дахлдорлик туйғуси ҳар биримизнинг юрт олдидаги шарафли бурчимиздир!
Ҳусан МАМАЖОНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.