“ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗ”ЛАРИ: ҲАРАКАТЛАР УЛКАН МАҚСАДЛАРГА МОС(МИ?)

“ҲУНАРМАНДЛАР МАРКАЗ”ЛАРИ:  ҲАРАКАТЛАР УЛКАН МАҚСАДЛАРГА МОС(МИ?)

Жорий йил 4-5 февраль кунлари Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Риштон туманида қад ростлаган “Ҳунармандлар шаҳарчаси”га борди ҳамда моҳир кулоллар билан суҳбатда бўлди. Бу – ҳунармандчилик мамлакатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборида эканлигидан далолат. Зеро, миллий қадриятларимизни бутун дунёга тараннум этиш, туризмни ривожлантириш, истиқболли бизнес-режаларни рўёбга чиқаришда, умуман, ҳунармандчилик фаолиятида ўз дизайни ва лойиҳаси билан ажралиб турувчи “Ҳунармандлар марказ»ларининг ўрни алоҳида.

Ташаббусдан – амалиётга

Бугун вилоятимизнинг 13 та туманида ана шундай марказлар ташкил этилиб, улар учун махсус бинолар қурилиши давом этмоқда. Галдаги вазифалар эса марказларга ҳунарманд-тадбиркорларни бириктириш, уларга ҳар жиҳатдан кўмаклашишдан иборат.
– Вилоят ҳокимлиги, “Ҳунар-манд” уюшмаси, Савдо-саноат ва Бандлик бошқармалари билан ҳамкорликда ҳудудларда қурилаётган “Ҳунармандлар марказ”ларини салоҳиятли ҳунармандларга бириктириш ишлари олиб борилмоқда, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи в.в.б. Рашиджон Аминов. – Туман ҳокимликлари томонидан тавсия этилган 30 га яқин ташаббус-кор-талабгорлар билан суҳбат ўтказилиб, уларга марказ фаолиятини йўлга қўйиш шартлари ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар тушунтирилди. Ҳозирча 6 та марказни бошқариш салоҳияти ва моддий имконияти етарли талабгорлар аниқланди.
Ташаббускорлар – ҳунарманд-чиликнинг турли йўналишларида қадимий анъаналарни давом эттириб келаётган, шунингдек, замонавий бизнес бўйича етарли билим ва тажрибага эга тадбиркорларнинг ушбу марказларга қизиқиши катта. Бу ерда маҳсулот ишлаб чиқариш, “Уста-шогирд”лик асосида ёшларни ҳунармандчиликка ўргатиш, ўз маҳсулотини намойиш қилиш, харидорлар ва мижозлар билан музокара олиб бориш учун барча шароитлар яратилади.

Бинолар қачон битади?

Марказлар фаолияти учун бинолар қуриб битказилиши керак. Шундагина тадбиркор зарур жиҳоз ва ускуналарни олиб келиб ўрнатиши, маҳсулот ишлаб чиқаришга киришиши мумкин. Хўш, бу жараён қандай кетмоқда?
Ҳозиргача Бағдод, Тошлоқ, Қува, Ёзёвон, Данғара туманларида уч қаватли бинолар қад ростлади. Лекин Олтиариқ, Риштон, Бувайда туманларида ҳали якунига етказилмаган. Лойиҳага кўра, биринчи қаватда кўргазмалар зали ва бошқарув хоналари, иккинчи ва учинчи қаватларда эса ишлаб чиқариш дастгоҳлари жойлашиши керак.
– Туманимизда “Ҳунармандлар маркази” қурилиши кечикканининг баъзи сабаблари бор, – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Олтиариқ туман бўлими бошлиғи Маҳмуджон Ғойипов. – Қурилиши мўлжалланган майдоннинг бир қисми Мажбурий ижро бюроси туман бўлимига тааллуқли экан. Шу муаммони ҳал этиш ишлари бироз чўзилиб, қурилиш ишлари тўхтаб қолганди. Ҳозир режадаги ишларнинг ярми бажарилди.
Бундан ташқари, марказнинг фасад қисмини тўсиб турган бекат биноси (бир томони савдо дўкони)да фаолият олиб бораётган тадбиркорга бошқа жойдан ер ажратиб бериш зарур. Тезроқ бунинг ечимини топиш талаб этилади.
Бувайда туманидаги бино қурилиши ҳали ниҳоясига етказилмаган. 426-ХКМК қурилиш ташкилоти иш юритувчиси Абдураҳим Ҳошимовнинг айтишича, режадаги ишларнинг 80 фоизи бажарилган. Электр, сув, газ тармоқларини тортиш, ички пардоз ишлари қолган. Июль ойининг ярмигача барча ишларни якунлаш режалаштирилган.
Риштон туманида ҳам шу ҳолат. Асосий бино қурилган, аммо пардоз ишлари чала.
Ўйлаймизки, мутасаддилар қурилиш ишларининг тез ва сифатли бажарилишига эътибор қаратишади.

Тадбиркорлар нима дейди?

– Қирқ йилдан бери чеварман. Дастлаб ўз хонадонимда, кейин алоҳида бинони ижарага олиб, кийим-кечак тикишни йўлга қўйганман, – дейди олтиариқлик ташаббускор-ҳунарманд Санобархон Ортиқова. – Ҳозир 70 нафар ишчимиз бор. Туманимизда қурилаётган “Ҳунармандлар маркази”га яна 80 нафар уйда ишловчи чевар хотин-қизларни олиб келиш ниятидаман. Асосан, миллий кийимлар тикиш, бунга қўшимча гилам тўқишни ҳам режалаштирганмиз.
Маълумки, ҳунармандчиликда ҳар бир ҳудуднинг ўз анъанаси, “драйвери” бўлади. Мисол учун, Марғилонда атлас ва адрас тўқиш, Риштонда кулолчилик, Бағдодда мебелсозлик ривожланган.
– Марказда фаолият олиб бориш ўзига яраша масъулият ва тажриба талаб қилади, – дейди бувайдалик ташаббускор Равшан Маматқулов. – Ҳозир ўз кичик корхонамда 10 нафардан ортиқ ишчилар трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан банд. Мақсадим – марказда каштачилик, миллий либослар, пойабзал, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган турли бўлимларни жойлаштириш. Асосий эътибор – хотин-қизларни доимий иш билан таъминлашга қаратилади. Уларга муносиб меҳнат шароити яратиш, яхши иш ҳақи тўлаш учун нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам фаол бўлиш зарур.
Ишга ёлланувчи ҳунарманд-ларнинг етарли малака ва кўникмага эга бўлиши, техник ва касбий тайёргарлиги ҳам муҳим.
– Шу кунгача Қашқадарё, Сирдарё вилоятлари, Бешариқ, Сўх, Бувайда туманларидан келган 200 нафардан зиёд хотин-қизларни ҳар хил йўналишларда ўқитиб, сертификатлар топширдик, – дейди Марғилон шаҳридаги “Ҳунармандлар маркази” раҳбари Иброҳимжон Султонов. – Қизиқувчилар кўп, лекин ҳунар сирларини яхши ўзлаштириш, келгусида туманлардаги ана шундай марказларда ишни эплаб кетиш ҳам керак. Ўқувчиларимиз атлас, адрас, гилам, аъло бахмал тўқиш, каштачилик бўйича “Уста-шогирд” анъанаси асосида тажриба орттиришади.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.