Қонун шарҳи

Қонун шарҳи

Виждон эркинлиги сари яна бир қадам

Мамлакатимиз истиқлолга эришгандан бошлаб дин ва эътиқод эркинлиги борасида ҳам дадил қадамни қўйди. Аввалги тузум “даҳрийлик тушунчаси”ни ёқлаган бўлса, мустақиллик даврида инсон динсиз яшай олмаслиги нуқтаи назаридан дин сиёсати бўйича маълум мезон-қонун бўлишига, меъёрлар асосида барча дин вакилларининг аҳил-иноқ яшашлари учун зарурий чоралар кўрилишига алоҳида аҳамият қаратилди.

Динга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаргани натижасида 1991 йилда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Бу ҳужжат 1993 йилда киритилган баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар билан 1998 йилга қадар амалда бўлди. Вақт ўтиб, турли омил ва давр талаби асосида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун 1998 йил 1 майда янги таҳрирда қабул қилинди.
Охирги йилларда ҳам давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан барча соҳада ислоҳот ва ўзгаришлар қилинмоқда. Ислоҳотлар замирида эса халқни рози қилиш, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш кўзда тутилган. Олиб борилаётган ана шу ислоҳотлар диний-маърифий соҳани четлаб ўтаётгани йўқ.
Хабарингиз бор, юртимизда виждон эркинлигини таъминлаш мақсадида парламент томонидан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Жорий йил 5 июлда эса Президентимиз томонидан имзоланди.
Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қўшни давлатлар, шунингдек, яқин ва узоқ хориждаги диний вазият, шунингдек, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ўзига хос тарихи, маданий-тарихий анъана ва қадриятлари инобатга олинганини алоҳида қайд этиш лозим. У аввалгиларидан анча такомиллашган, энг муҳими, виждон эркинлиги борасидаги инсон манфаатлари ва ҳуқуқий кафолатлари қамраб олинган.
Мазкур қонуннинг янги таҳририда диний соҳадаги қонун ҳужжатларида қўлланиладиган асосий тушунчаларга таъриф берилган. Виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий принциплари бирма-бир қайд этилган. Давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон тизимига ўтиш орқали диний ташкилотни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби ўрнатилган. Унга кўра рўйхатдан ўтиш жараёнида маҳалла иштироки ва диний ташкилотларнинг ҳужжатларини нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилиниши, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасасини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилгани, маҳаллий диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун талаб қилинадиган шахслар сони 100 тадан 50 тагача қисқартирилгани, рўйхатдан ўтказувчи органнинг диний ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйиш ва тугатиш бўйича ҳуқуқи чиқариб ташлангани, шунингдек, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида “ибодат либоси” тушунчасининг ҳуқуқий таърифи мавжуд эмаслиги сабабли жамоат жойларида ибодат либосида юришга тақиқ қонундан чиқариб ташлангани юртимизда диний соҳага берилаётган эътиборнинг самарасидир.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун келажакда халқимиз манфаати учун, 130 дан зиёд миллат ва элат яшаётган Ўзбекистонда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ишларни бутун дунёга тараннум этади, иншаоллоҳ.

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош
имом-хатиби.