Муҳаррир минбари

“Фарғона ҳақиқати”га “ватан хоини”дан қўнғироқ

Телефон чақирувига жавоб бердим.
– “Фарғона ҳақиқати” газетаси редактори Муҳаммаджон Обидовми, бу? – Савол жаранглади гўшакдан.
– Ҳа, Сиз тўғри топдингиз. Бу мен, Обидовман.
– Нега газетада ёлғон ёзасизлар. Ўзбекистонда аҳвол жуда оғир. Халқ қийналиб кетган. Ҳеч қандай ислоҳот йўқ. Мана, масалан мен…
Суҳбатдошимни базўр тўхтатдим.
– Аввал танишиб олайми, кимсиз?
– Америка Қўшма Штатларидан, Исоқжон Зокировман, сиёсий қочқин. Асли Андижонданман. Мени Ўзбекистонда ватан хоини дейишади. Мендан қўрқишади, мухолифат деб. Ўзбекистонга боришим учун менга виза беришмаяпти. Негалигини биламан. Чунки Ўзбекистонда умуман ислоҳотлар йўқ. Такрор айтаман, ҳукумат мендан қўрқади!
Ҳарҳолда бу ҳаётда анча оқ-қорани, паст-баландни кўрдик. Лекин сиёсат оламида Исоқжон Зокиров деган мухолифатчи номини эшитмаганмиз. Келинг, америкача мурожаат қилай, жаноб Зокиров, қандай жиноятлар содир этгач, Ўзбекистондан қочиб кетганингиз дафтарини очмайлик. Лекин бу саволга жавоб беринг. Ўзбекистондаги бугунги вазият, ислоҳотлар натижаларини кўра-билмай туриб, қайси асосларга таяниб қандай ҳавойи гаплар тарқатяпсиз? (Сиз Facebook саҳифангизда ҳам шу гапларни ёзибсиз) Ё авлиёмисиз? Балки кўз бойлагичдирсиз?
Очиғи, сиз билан ади-бадилашишга вақтим йўқ. Аммо билингки, Сиз туғилиб ўсган Ўзбекистонда сўнгги йилларда жуда кенг миқёсда иқтисодий ислоҳотлар амалга ошириляпти. Мана, бир нечаларинигина тилга олайлик.
– Ўзбек сўми тўлиқ конвертицияланди.
– Хусусий мулк дахлсизлиги қонун билан мустаҳкамланди.
– Давлат тасарруфидаги мулк ва улушлар очиқ савдога чиқарилиб, хусусийлаштирилмоқда.
– Халқ орасидаги камбағаллик даражаси очиқ эътироф этилиб, улар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинди ва ҳар бирига кучли ижтимоий кўмак берилди.
– Ўртача иш ҳақи, пенсия, нафақа миқдори ўсди.
– Инсон ҳуқуқларини кафолатловчи қатор қонунлар қабул қилинди.
– Ҳар бир оиланинг ўз хонадони бўлиши керак, деган дастур асосида 2021 йилнинг ўзида биргина Фарғона вилоятида 11600 та уй-жой қуриляпти.
– Олий таълим тизимидаги ўқув даргоҳлари ва талабалар сони кўпайди.
Шаҳар-қишлоқлар, маҳалла ва кўчалар обод бўлмоқда. Ёшларга қўшимча имтиёз ва қулайликлар яратиляпти. Қайси бирини санай?
Лекин Сиз, сизга ўхшаган аламзада, ўзингиз айтгандек, «ватан хоинлари» юрт-нинг бир сиқим тупроғига хор-зор бўлганлар ҳамон Ўзбекистонга тош отишдан нари ўтмайсизлар.
Кўнгилни кенг, ниятни холис қилиб, соғлом назар билан қаранг Ўзбекистонга: она Ватан, халқ юксалиш сари дадил одим отмоқда!
Муҳаммаджон
ОБИДОВ.