УЗУМ ЕТИШТИРИШДА ОЛТИАРИҚ ТАЖРИБАСИ мамлакатимиз бўйлаб оммалаштирилмоқда

УЗУМ ЕТИШТИРИШДА  ОЛТИАРИҚ ТАЖРИБАСИ мамлакатимиз бўйлаб  оммалаштирилмоқда

Шу йилнинг 7 июль куни Президентимиз бошчилигида ўтказилган ви-деоселектор йиғилишида мамлакатимиз узумчилик тармоғини замонавий мезонлар ҳамда жаҳоннинг энг илғор тажрибалари асосида ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгиланган эди.

Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида узумчиликни жадал ривожлантириш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, янги навлар яратиш, интенсив усулда узум етиштиришни кенгайтириш ҳамда бу борада ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ишларига киришилди.
2021 йилнинг 10-13 июль кунлари Олтиариқ туманида узум етиштиришда билим ва кўникмаларни ошириш бўйича ўтказилаётган семинар-тренинг айни соҳада белгиланган вазифаларни тизимли асосда ташкил этиш ва оммалаштиришга қаратилган. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, мамлакатимизнинг барча вилоятларидан 500 нафардан зиёд вакиллар иштирок этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири, тегишли қўмита ва агентликлар, илмий-амалий марказлар, олий таълим муассасалари раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, туманлар ҳокимлари қатнашган семинар-тренингда илмий маърузалар тингланди, ўзаро тажриба алмашиш, аҳоли хонадонларида узум етиштириш тажрибалари ўрганилди.
Семинарнинг илк иш кунини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.
– Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қўштепа, Андижон вилоя-тининг Булоқбоши тумани тажрибаси асосида респуб-ликамизнинг 47 та туманида узумчиликни жадал ривожлантириш кўзда тутилмоқда,–деди Шуҳрат Ғаниев. – Шу тариқа яқин истиқболда мамлакатимиз миқёсида 153 минг 700 гектар ерда узумчилик плантациялари ташкил этилади. Энг камида 500 гектар ерни қамраб олган ҳолда узумчилик кластерлари фаолияти шакллантирилиб, ташаббускор тадбиркорлар, миришкор боғбонларга бир қатор имтиёзлар берилади, субсидиялар ажратилади. Бу мамлакатимизда бозорбоп узум навлари етиштириш борасида жуда катта имкониятлар беради.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кес-кин рақобат шароитида жаҳон бозорида данаксиз узум етиштиришга талаб тобора ортиб бормоқда. Шу боис узумнинг оддий хўраки навларини эмас, жаҳон бозорида харидоргир бўлган янги, саноатбоп навларини кўпайтириш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш давр талабидир.
Айни жиҳатларни инобатга олиб, жорий йилда мамлакатимизда 15 минг 700 гектар узум экилган майдонларда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш мақсад қилинган. Шунингдек, узум плантацияси ташкил этган ташаббускор тадбиркорга ҳар бир гектар учун 10 млн. сўм, 10 гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилса, 120 млн. сўм, инновацион усулда етиштирилган ҳар бир туп узум кўчати учун 8 минг сўм миқдорида субсидия ажратилади. Тадбиркорга узумчилик кластери ҳудудида музлатгичли омборхоналар, экотуризм мажмуаларини ташкил этиш учун қулайликлар яратилиб, имтиёзлар тақдим этилади.
Эзгу ташаббус доирасида ҳар бир вилоятда 2 та маҳалла фуқаролар йиғини узумчиликка ихтисослаштирилиши таъкидланиб, Олтиариқ туманининг “Узумчи”, “Кўлбўйи”, “Чинор таги”, “Мирфозил” МФЙлари мисолида томорқада узум етиштириш улкан даромад манбаи эканлиги амалий мисоллар ёрдамида тушунтирилди. Олтиариқда 8 сотих ерда узум парваришлайдиган битта оила аъзолари йилига ўртача 35-40, бошқа экинлардан 15-20 миллион сўмгача даромадга эга бўлмоқда.
Мамлакатимиз ва Туркия олимлари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди, икки минг гектар ерда саноатбоп узум етиштираётган “Fergana France” МЧЖга экотурис-тик саёҳатлар уюштирилди.
– Бугунги кунда вилоятимизда 9 минг 555 гектар майдонда узум парваришланмоқда,– дейди вилоят ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими котибияти мудири Ғуломжон Бойпўлатов. – Жорий йилнинг ўзида 147,8 минг тонна хўраки узумлар экспорт қилинади. Бу сўнгги чегара эмас. Вилоятимизнинг бу борадаги имкониятлари жуда юқори. Шу мақсадда илғор иш тажрибаларни оммалаштириш, данаксиз узум етиштириш, қайта ишлаш, қўшимча қиймат занжирини яратиш борасида кластер ва кооперация тизимини йўлга қўйиш, инвестицион жозибадорликни ошириш борасида иш олиб бориляпти. Охирги икки йилда вилоятимизда 3,5 минг гектар янги узумзорлар барпо этилди. Кейинги тўрт йилда эса узум етиштириш ҳажми 4 баробарга оширилиб, 450 минг тоннага етади.
Айни кунда Олтиариқ туманида аҳоли хонадонларида 4 минг гектар ерда узум парваришланяпти. Ҳовли уйлар ташқарисида қўшимча яна 1 минг гектар ерда узум етиштирилади.
Семинар қатнашчилари халқ ибораси билан айтганда, узумчилик “профессорлари” Исақжон Бойматов, Ҳусанбой Ғофуров, Собиржон Мамасоттиев хонадонларида иш жараёнлари билан танишдилар.
– Хонадонимизда ва деҳқон хўжалиги сифатида ташкил этилган узум боғимизда “Ҳусайни”, “Ризамат ота”, “Келин бармоқ”, “Қора шаҳзода”, “Шоҳонак” сингари йигирмадан ортиқ узум навлари парваришланади, – дейди 80 ёшли Собиржон ота Мамасоттиев. – Ҳозирги кунда туманимизда етиштирилаётган узум Россия, Марказий Осиё, Хитой, БАА каби ўнлаб давлатларга экспорт қилинмоқда. Президентимиз ташаббуслари билан узумчиликни ривожлантирш борасида берилган янги имтиёзлар бу борадаги ишлар салмоғини янада ошириш, узумчи боғбонларни қўллаб-қувватлашда қўшимча имкониятлар яратди.
Семинар-тренинг қатнашчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда илмий-амалий машғулотларда фаол иштирок этишди.

Расулжон Камолов.