ИЧКИ ТУРИЗМ

ИЧКИ ТУРИЗМ

ШАРИФ ШАҲАР ЁҒДУЛАРИ

Жорий йилнинг 1-4 июль кунлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов раҳбарлигида “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари таҳририяти ижодий ходимлари, шунингдек, бир неча уюшма аъзоларидан иборат гуруҳ Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат уюштирдилар. Сафар унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Ҳаво ўта иссиқ бўлишига қарамай, барчамиз бу кўҳна шаҳарни томоша қилишга, бағрига яширган сир-синоатлардан воқиф бўлишга ошиқардик. Йўлбошловчи Ферузбек бухороча шевада саломлашиб, очиқ юз ила қарши олди бизни…
Милодий V асрга оид хитой манбаларида Бухоро шаҳри Нюми тарзида тилга олинган. Тан империясининг VII асрга оид солномаларида эса Ан (Анго), Анси, Бухо (Бухе, Фухо) шаклларида қайд этиб ўтилган. Қадимги араб манбаларида у Бумискат, Мадинат ус-суфрия (Мис шаҳар), Нумижкат (сўғд тилида нумиж ёки намич – машҳур дегани) тарзида келтирилган. Бухоро ёки Бухара топоними илк бор милодий IV-V асрларда шу ҳудудда зарб қилинган мис тангаларда тилга олинган. Археологик маълумотларга кўра, шаҳар ёши 2600 йиллик тарихга эга.
Дунёнинг етти шариф шаҳридан бири ҳисобланган Бухоро, айниқса, ислом динини тарғиб қилиш ва қарор топтириш йўлида муҳим роль ўйнаган. Зеро, бу маскандан ислом ва ҳадис илмининг йирик тарғиботчилари, намояндалари етишиб чиққан.
Етти пир
зиёрати
Қадим Бухоро шаҳрига ташриф буюрганлар ушбу муқаддас заминда қўним топган етти буюк авлиё – пирлар қабрини зиёрат қилишни исташади. Бунинг учун Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Рeвгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Роминатий, Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол ва Хожа Баҳоуддин Нақшбандий қабрлари жойлашган масканлар кетма-кетликда зиёрат қилинади. Бу зиёратгоҳлар вилоятнинг Ғиждувон, Шофиркор, Вобкент, Ромитан, Когон туманларида жойлашган.
Халқ орасида “Етти пир зиёрати” ҳақида “ярим ҳаж”, “ҳаж амалининг бошланиши” каби тушунчалар шаклланган. Бинобарин, илгари рўзадорлар саҳарликдан сўнг Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийдан то Баҳоуддин Нақшбандийгача еттита пир мақбараларини зиёрат қилишган ва охиргисида ифторлик қилишган экан. Кун давомида азиз-авлиёлар руҳидан мадад олишган, чин маънода покланиб, маънавий озуқа олишган.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний мақбараси
Соҳибқирон Амир Темур Хитой урушидан қайтаркан, Абдулхолиқ Ғиждувоний шарафига мадраса ва мақбара қуришни ният қилади, аммо бир қанча сабабларга кўра, ниятини амалга ошира олмайди. Кейинроқ бу эзгу ниятни унинг невараси Мирзо Улуғбек амалга оширади. 1433 йилда “Улуғбек” номли мадраса, кутубхона ва тошҳаммом қурдиради. Бухоро амири Абдуллахон даврида эса масжид, минора ва ҳовуз барпо этилади.
Аммо 1957 йилда бу ердаги ҳовуз кўмиб ташланади, масжид ва мадраса омборхонага, етти пирнинг энг улуғи, хожагон тариқати асосчиси Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний қабрининг тевараги эса бозорга айлантирилади.
Ғиждувон тумани марказидаги Абдулхолиқ Ғиждувоний жомеъ масжиди ва зиёратгоҳи мустақилликдан сўнг қайта тик-ланди. Айниқса, 2003 йили Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги олдидан зиёратгоҳда катта ишлар амалга оширилди. Мақбара ёнида янги жоме масжид ҳам қуриб битказилди. Кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта очилди, 4 гектарлик кўркам хиёбон барпо қилинди.
Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да авлиё-ю салафлар қаторида буюк сўфийни шундай таърифлайди: “Аларнинг равиши тариқатда ҳужжатдур… Ҳар вақт намозда Каъбага борар эрдилар”. Шундай улуғликка эриша олган алломани дунё мусулмонлари Хожаи Жаҳон деб аташлари бежиз эмас.
Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳи
Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳи Когон туманидаги “Қасри Орифон” мажмуасида жойлашган. Йўлбошловчининг айтишича, буюк сўфий вафотидан олдин “мени зиёрат қилишга келганлар дастлаб волидамнинг қабрига борсинлар” дея васият қилган экан. Хокисорлик ва онага беқиёс ҳурмат туйғусидан таъсирланганча, Биби Орифа мақбараси томон йўл олдик. Нақшбандийнинг онаси исмини Алишер Навоий “Насойимул-муҳаббат” асарида тилга олиб ўтган. Туркий, араб ва форс тилларини, тиб илмини мукаммал билган бу аёл фарзандининг буюк аллома бўлиб вояга етишида муҳим ўрин тутган.
Баҳоуддин Нақшбанднинг қабри азалдан зиёратгоҳ ҳисобланади. Илгари амиру шоҳлар тахтга ўтиришдан олдин, сафарга чиқаётганда ва қайтаётганда албатта Баҳоуддин Нақшбанд даҳмасини зиёрат қилишган. Дастлаб Амир Темур ободонлаштирган мақбара кейинчалик кўплаб ҳукмдорлар саъй-ҳаракати билан муҳташам зиёратгоҳга айланган. Юртимиз мустақилликка эришгач, ҳукуматимиз томонидан ҳам бир неча бор реставрация ва қурилиш ишлари олиб борилган. Айни пайтда бу ерда бир неча масжид ва ҳонақолар, замонавий меҳмонхона ва туристик объектлар қад ростлаб турибди.
Алломанинг деярли бутун умри Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқларда сўфийлик билан ўтган. Нақшбанд халқ орасида “Балогардон” (бало-қазони даф қилувчи) унвони билан ҳам машҳур. Таълимотининг асосида “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин” деган шиор ётади.
Зиёратгоҳ бир неча гектар майдонни эгаллаган, интенсив боғлар ташкил этилган. Йўлаклар четида ўрнатилган китоб шаклидаги лавҳаларда эса Нақшбандий йўл-йўриқлари ва қоидалари кишиларни эзгуликка чорлаб туради, бу муваққат умр мазмуни ва якуни ҳақида ўйлашга ундайди: “Вақтни ғанимат бил, умрингнинг қанчаси яхшилик билан, яна қанчаси гуноҳлар билан ўтганини сарҳисоб қилиб бор”, “Халқнинг юкини енгиллаштиринг, халққа юк бўлманг”, “Ҳеч бир инсон нафсини жиловлай олмагунча комил мўмин бўла олмайди”…
Арк – тарих кўзгуси
Қадим Бухоронинг ҳар бир кўча-ю хиёбони, гўшасида олис ўтмишнинг акс-садоси жаранглаб туради гўё. Осмонўпар миноралар инсон ақл-заковатини намойиш қилади. Шарқу Ғарбда “очиқ осмон остидаги музей”, “тарихнинг жилвакор кўзгуси” деган ном олган Бухоро ҳақида сўз бораркан, Арк ҳақида гапирмасдан илож йўқ.
Арк кейинги замонларда Бухоро амирларининг қароргоҳи бўлиб келган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Арк бир неча марта вайрон бўлиб, яна қайтадан тикланган. У ҳақдаги илк маълумотлар Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида учрайди. Арк қачон қурилгани ҳалигача номаълум. Аммо ушбу маҳобатли меъморий обида ҳукмдорлар учун қароргоҳ вазифасини ўтаганлиги рост.
Арк – Бухоро тарихининг жонли гувоҳи, у неча-неча қонли жанглар, шафқатсиз босқинларни кўрган. Жумладан, XIII аср бошларида мўғуллар бостириб келганида, шаҳар аҳолиси Арк ичига яшириниб жон сақлаган. Шунингдек, бу манзилда буюк олимлар, шоиру файласуфлар яшаб ижод қилишган, келгуси авлодларга бебаҳо мерос қолдиришган. Ўрта асрларда Аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Форобий, Умар Хайём каби буюк зотлар истиқомат қилишган.
“Лаби ҳовуз”
мажмуаси
Буни қарангки, биз жойлашган “Asia Bukhara” меҳмонхонаси шундоққина “Лаби ҳовуз” мажмуаси рўпарасида экан. Деразадан боқсангиз, қадимий ҳовуз, асрларга тенгдош дарахтлар, кўҳна обидалар, одамлар билан қайноқ ҳаёт – барчаси намоён бўлади. Бухоронинг марказий майдонларидан бири ҳисобланган, Кўкалдош ва Нодир девонбеги мадрасалари ҳамда Девонбеги хонақоҳи биноларидан ташкил топган мазкур меъморий ансамбль XVI-XVII асрларда яратилган. Ҳовуз атрофи махсус тошлар билан терилган зиналардан иборат бўлиб, қадимда сув ташувчи мешкоблар ана шу зиналар орқали ҳовуздан сув олишган.
Ҳовуз ҳақида ривоят ҳам бор. Унда айтилишича, Нодир девонбеги фарзандсизликдан қийналар, умри поёнига етгач, уни одамлар эсламай қўйишларидан азоб чекарди. Ниҳоят, энг номдор уста-меъморларни ёллаб, Кўкалдош мадрасаси олдида ҳовуз, хонақоҳ ва мадраса барпо этишни буюради. Кейинчалик Самарқандда ҳам муҳташам иншоотлар барпо этган девонбеги рафиқасини сокин Лаби ҳовуз бўйига чорлаб, “Биздан келажакка мана шу гўзал мажмуа қолади” деган экан…
“Ситораи Моҳи Хосса” саройи
Бу сарой ҳар қандай ташриф буюрувчини ҳайратда қолдириши табиий. Бухорода ҳукмронлик қилган манғитлар сулоласининг уч авлодига мансуб хушманзара боғ ва икки қисмдан иборат саройда охирги марта XX аср бошларида амир Олимхон даврида қурилиш ишлари олиб борилган. Сарой амир учун ўзига хос дам олиш маскани ва қабулхона вазифасини ўтаган.
Бинолар қурилишида турли услублар қўлланган. Хусусан, ташқи томондан рус-европа услуби, ички қисми эса шарқона ва ислимий нақшлар билан безатилган қабулхона эътиборни тортади. XIX аср охирларида чор Россияси вассалига айланган амирлик сиёсатининг “ташқаридан қараганда вассал бўлсак-да, мазмунан мустақилмиз” деган шиорини уқиш мумкин. Таниқли меъмор уста Ширин Муродов ва рус муҳандислари раҳбарлигида қурилган қабулхона ва саройда ўз даври учун мўъжиза саналган электр чироқли қандил ва совутгич, Япония, Хитой, Россия, Италия, Ҳиндистон каби мамлакатлардан келтирилган кўзгулар, чинни ва сопол идишлар, шунингдек, бошқа кўплаб қизиқарли экспонатлар жой олган.
Амир Олимхоннинг маърифатпарвар момокалони Ойпошша биби (Ситораи Моҳи) номи билан аталган сарой ҳовлисида бемалол сайр қилиб юрган товуслар дилларга ором ва осойишталик бағишлайди.
… Бухороча палов ва ғиждувонча кабоб тановул қилиш асносида аскиябозлик, кулгу ҳамроҳлик қилди. Хуш кайфият ила кейинги манзилга йўл олдик.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.