Абитуриент – 2021

Абитуриент – 2021

ШАРОИТ ЕТАРЛИ, ШАФФОФЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ!

Мамлакатимиз олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган сана ҳам яқинлашиб қолди. Абитуриентларнинг бор
эътибори тест имтиҳонларига қаратилган. Мухбиримиз Давлат тест маркази Фарғона вилоят бўлими бошлиғи Исмоилхон Шокиров билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– Бу йилги тест имтиҳон-ларидаги ўзгаришлар…

– Президентимизнинг жорий йил 22 июндаги қарорига кўра, бу йилдан абитуриентларга танловда дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида иштирок этиш бўйича қўшимча имконият берилди.

Бунинг учун онлайн рўйхатдан ўтиш вақтида танлов учун устуворлик сифатида «давлат гранти» ёки «давлат гранти ва тўлов-контракт»дан бирини танлаши керак. Бунда абитуриент устуворлик сифатида давлат грантини танласа – дастлаб давлат гранти, сўнгра тўлов-контракт асосида, агар давлат гранти ва тўлов-контрактни танласа – олдинги йиллардагидек, аралаш усулда, танлаган таълим йўналишлари бўйича кетма-кет танловда иштирок этади. Албатта, бу абитуриентнинг ихтиёрига ҳавола. Кимдир грантга ўтолмаса, кейин контрактда ўқишни истайди, яна ким учундир контракт ёки грантнинг фарқи йўқ, ўзи истаган олийгоҳда ўқишни хоҳлайди. Нима бўлганда ҳам, бу – абитуриентлар учун имконият.
Бундан ташқари, баъзи бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилишда касбий (ижодий) имтиҳонлардан кейин мажбурий учта – она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари ўтказилади. Шунингдек, давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга фуқаролар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Яъни, “имтиёзлилар” ўз билими орқали “грантга кирганлар” ўрнини банд қилмайди.
Яна бир янгилик: хорижий фуқароларни давлат олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат натижаларига кўра ОТМ ректорининг буйруғи асосида амалга оширилади.
Умуман, Президент қарорида шу каби бир қатор ўзгаришлар белгилаб берилди.
– Бу йил ҳам тест имти-ҳонлари очиқ майдонларда ўтказиладими?
– Бу борада икки хил вариантни танлаганмиз. Биринчиси – очиқ майдонларда, стадионларда, иккинчиси – катта сиғимли ёпиқ биноларда. Бунинг учун Фарғона шаҳридаги 5 та стадион ва 7 та ҳудудда ёпиқ бинолар шай ҳолатга келтирилган. Катта сиғимли ёпиқ биноларда бир сменада 4 мингдан ошиқ абитуриентдан имтиҳон олиш имконияти бор. Ҳозир барча вилоятларда кенг сиғимли махсус павильонлар қурилиши бошланиш арафасида. Агар улар битса, бир сменада минг, бир кунда 2 минг кишидан имтиҳон олиш имкони пайдо бўлади ва бошқа ташкилот-муассасаларнинг биноларига эҳтиёж қолмайди.
– Шаффофликни таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда?
– Аввало, ҳужжат топширган абитуриент ҳақидаги барча маълумотлар тўғридан-тўғри Давлат тест марказининг электрон базасига юборилади. Имтиҳон куни бинога киришда паспортини тақдим қилган абитуриент ана шу маълумотлар асосида видеофиксация (таниб олиш) жиҳозлари ёрдамида текширувдан ўтказилади. Тест синовлари кузатув камералари ёрдамида назорат қилиб борилади. Жараёнлар абитуриентларнинг ота-оналари учун бевосита катта мониторларда, Интернет тармоғи ва телевидение орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинади.
Бир сўз билан айтганда, таниш-билишчилик, тест топшириш учун бировнинг ўрнига кириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Барча жараёнларнинг шаффоф ўтиши учун имкониятлар етарли.
– Абитуриентлар имтиҳон куни қандай кийимда келишлари керак?
– Абитуриентлардан алоҳида кийим-бош талаб қилинмайди, ўзлари учун қулай ва енгил кийимларда келишлари мумкин. Мисол учун, дўппи ёки шапка ҳам тақиқланмайди, фақат махсус текширувдан ўтишга тўғри келади. Тест топширувчилар шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келса кифоя. Ҳар бир имтиҳон топширувчи масофа сақланган ҳолда жой, қалам-ручка, минерал сув, антисептик восита, тиббий ниқоб ва қўлқоп билан таъминланади.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, имтиҳон топширувчилар миллий менталитетимизга мос кийимда бўлишлари мақсадга мувофиқ. Зеро, улар тўйга, байрам ёки концертга эмас, балки ўз билимларини синовдан ўтказиш, етук кадр бўлиш мақсадида олий таълимда ўқиш учун имтиҳонга келишяпти.
– Тест имтиҳонларининг ўтказилишида назоратчиларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Шаффофликни таъминлаш мақсадида назоратчилар билан шу кунгача 3 марта ўқув семинари ўтказилиб, махсус тест олинди. 552 нафар назоратчидан 302 таси синов натижаларига кўра танлаб олиниб, холислик, хавфсизлик, талаб ва қоидаларга бўйсуниш каби бир қатор бандларга эга шартнома тузилади. Айтиш керакки, бугунги кунда 30 дан ортиқ тест-имтиҳон турлари бор. ДТМ томонидан турли ўқув муассасаларига кириш имтиҳонларида ана шу танлаб олинган назоратчилар меҳнатидан фойдаланилади.
Барча абитуриентларга омад тилаган ҳолда, улардан фақат ўз билимига ишонишлари, имтиҳонга яхши кайфиятда келишларини сўраб қоламан.

Ҳ.АБДУЖАББОРОВ суҳбатлашди.