КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ФАОЛИЯТИ

янги таҳрирдаги қонун уни янада мустаҳкамлади

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 27 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонуни конституциявий қоидалар ижросини янада мустаҳкамлайди.

Қонунда Конституциявий суд судьяларининг мустақиллигини таъминлашга қаратилган бир қатор янгиликлар мавжуд. Биринчиси, Конституциявий суд судьясининг ваколат муддати қайта кўриб чиқилди. Янги қонунга биноан, биринчи марта сайланганда беш йилни, навбатдаги сайланганда ўн йилни ташкил этади.
Таъкидлаш жоизки, аввалги қонунда айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмаслигига доир қоида янги қонунда ҳам сақланиб қолди. Бу шуни англатадики, аввал Конституция-вий суд судьяси бўлиш муддатининг энг кўп узоқ муддати 10 йилни ташкил этган бўлса, эндиликда бу муддат 15 йилни ташкил этади.
Иккинчи янгилик Конституциявий суд раиси ва ўринбосарининг ваколат муддати билан боғлиқ бўлиб, шу нуқтаи назардан чеклов ўрнатилди. Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, эндиликда айни бир шахс икки муддатдан ортиқ Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас. Юқорида таъкидланганидек, айнан битта шахс Конституциявий суд судьяси сифатида фаолият олиб бориш мумкин бўлган муддатнинг чегараси 15 йилни ташкил этса, айни бир шахснинг Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари сифатида фаолият олиб бориш мумкин бўлган муддатнинг чегараси узоғи билан 10 йилни ташкил этади. Бошқача айтганда, бир шахснинг Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари сифатида икки муддатдан ортиқ фаолият олиб бора олмаслиги Конституциявий суднинг ички мустақиллигини таъминлайди.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги судьяларнинг ўзлари фаолият олиб бораётган суддан ташқари бошқа органлар, ташкилот, муассасалар, уларнинг мансабдор шахслари, фуқаролар ҳамда юридик шахслар томонидан амалга ошириладиган босим, аралашув ёки таъсирлардан холи қарор қабул қилишларида эмас, балки ўзлари фаолият олиб борадиган суддаги бошқа судьялардан ҳам мустақиллигини назарда тутади. Бу ички мустақиллик ҳисобланади.
Кейинги янгилик шундан иборатки, аввалги қонунда Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари Конституциявий суд мажлисида унинг судьялари орасидан сайланиши назарда тутилиб, уларнинг ушбу лавозимдан озод қилиниши тартибга солинмаган эди. Янги тартибга кўра, Конституциявий суд раиси ва унинг ўринбосари ёзма аризасига асосан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши мумкин.
Конституциявий суд судьяси фаолия-тининг ижтимоий-моддий кафолатларига қаратилган алоҳида эътибор ҳам қонуннинг аҳамиятли жиҳатларидандир. Қонуннинг 17-моддасида ваколат муддати тугаган судьяни янги муддатга қайта сайлаш ёки бошқа иш тақдим этиш тўғрисидаги масала ҳал бўлаётган даврда, бироқ уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатда ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.
Яна бир янгилик. Янги қонун билан Конституциявий суд судьяларининг дахлсизлиги ҳам кучайтирилди. Умуман олганда, мазкур суд судьяси Конституциявий суднинг розилигисиз жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, шунингдек, қамоққа олиниши мумкин эмас. Қонуннинг 14-моддасига кўра эса эндиликда Конституциявий суд судьясига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўта оғир жиноят содир этганлик ёки одамнинг ўлимига сабаб бўлган бошқа қасддан жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин. Бундай қоида Конституциявий суднинг собиқ судьясига нисбатан ҳам қўлланилади.
Хулоса ўрнида айтганда, Конституция-вий суд судьяларининг мустақиллиги кафолатини янада кучайтириб бориш ишларни фақат Конституцияга бўйсунган ҳолда кўриб чиқиш имкониятини кенгайтиради. Янги қонун айнан ана шу жиҳатлари билан диққатга сазовордир.

Шуҳрат КАМОЛОВ,
Фарғона вилоят судининг раиси.