Аччиқ, аммо очиқ гаплар

Аччиқ, аммо очиқ гаплар

СУВ ПАСТГА ҚАРАБ ОҚАДИ

ёки икки қишлоқ фуқароларини қийнаётган
муаммо қачон ҳал бўлади?

Риштон туманидаги “Оқтомир” МФЙга қарашли Боғистон-2 ва Оқтомир маҳаллалари фуқаролари бир неча йиллардан буён сув тақчиллигидан азият чекиб келишади.
– Аслида, шикоятбозлик қилишга хижолат бўламиз, – дейди Боғистон-2 маҳалласи фуқаролари Зиёдулла Эгамбердиев ва Нурмуҳаммад Мингбоев. – Лекин томорқадаги экинлар қуриб кетавергач, сув олиб келиш катта муаммога айлангач, мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Айниқса, ёз ойларида бу аҳолини қийнаб юборади.

Гап шундаки, иккала қишлоқда ҳам кейинги йилларда бир қатор ободонлаштириш ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, аҳоли учун ичимлик сув тармоғи тортиш, йўлларни асфальтлаш ишлари амалга оширилди. Лекин масъуллар бу жойнинг рельефига эътибор беришмадими, қияликда жойлашган қишлоқларнинг ярмидан пастида мавжуд тик қудуқлар таъмирланиб ишга туширилди, янгилари қазилмоқда. Натижада ҳудуд икки қисмга ажралиб қолди: “ярми бўстон, ярми чўл” деганларидек…
– Маҳалламизнинг юқори қисмидаги томорқаларни суғориш азобнинг ўзгинаси, – дейди Оқтомир маҳалласи оқсоқоли Йўлдошали Назаров. – Мутасаддиларга раҳмат, ичимлик сув тармоғи битиш арафасида. Лекин бу билан томорқаларни суғориб бўлмайди-ку.
Куни-кеча ҳудуддаги фермер хўжаликлари томонидан ишсиз ёшлар ва эҳтиёжманд оилалар учун 20 сотихдан ер ажратиб берилди. Бироқ…
– Менга ҳам ер беришди, лекин бирор экин экиш учун, аввало, сув керак. Ер олганлар нима қилишни билмай ўйланиб турибмиз, – дейди шундай ёшлардан бири Давронбек Исмоилов. – Ўтган йили такрорий экинларни суғориш катта муаммо бўлган. Ҳатто фермерларнинг экинлариям қуриб кетганди.
Айни жазирама кунлари томор-қаларда сувсизликдан сўлиб бораётган дарахтлар, барги сарғайган тераклар уларнинг сўзларида жон борлигига ишора беради. Боғистон-2 нинг сувсиз ҳудудида 200 га яқин, Оқтомир маҳалласининг юқори қисмида 50 дан ортиқ хонадон бор. Шунингдек, муаммо сабабли экинлардан мўлжалдаги ҳосил олинмаётган 4 та фермер хўжаликлари ерлари бир кун келса, ўн-ўн беш кунлаб қурийдиган оби ҳаётга зор.
– Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 июлда қабул қилинган 459-сонли қарорига асосан, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазишга давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар ажратилмоқда. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан талабгорларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, дастлабки бурғулаш ишлари бошлаб юборилган, – дейди туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Фарҳоджон Жамолов. – Жумладан, Боғистон-2 маҳалласида иккита тик қудуқ қазиш бўйича талабгорлар мавжуд. Йил охиригача иккаласиям битади. Оқтомир маҳалласи ерларини суғориш бўйича ҳам лойиҳалар бор.
Шу ўринда савол туғилади: тик қудуқлар бўйича ташаббускорлар рўйхатини шакллантиришда бу ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктлари, аҳоли зичлиги, мавжуд экин майдонлариям ҳисобга олиниши керак эмасми? Давлат бюджетидан ажратилаётган субсидия маблағларини аниқ ҳисоб-китоблар, ҳар томонлама ўрганишлар асосида тақсимлаш, ўз ўрнига ишлатиш талаб этилмайдими? Қақроқ ерларни сув билан таъминловчи қудуқларни иккала қишлоқнинг юқори қисмига ўрнатиш муаммога ечим ҳисобланмайдими?
Айтиш керакки, ҳудудда боғдор-чилик, хусусан, экспортбоп гилос, шафтоли ва ўрик етиштириш оммалашган. Ҳар йили хонадонларда тонналаб сара ҳосил йиғиштириб олинади, аҳолининг асосий даромади ҳам шундан. Кейинги пайтда томорқачиликда лимончилик, помидор, бодринг етиштириш ҳам ривожланмоқда. Лекин буларнинг бари учун биринчи навбатда оқин сув керак.
– Қишлоғимиз аҳли сабрли, меҳнаткаш, аҳил-иноқ. Кўп жойларда унутилиб бораётган ҳашар анъанаси бизда сақланиб қолган, – дейди “Оқтомир” МФЙ раиси Адҳамжон Орипов. – Муаммолар бўйича юқори ташкилотларга мурожаат қилганмиз, баъзилари амалга ошяпти. Боғистонликларнинг шикояти ўринли, мутасаддилар эътиборга олишса, яхши бўларди. Ахир, қишлоқнинг ярмида сув бўлса-ю, қолган қисми қовжираб ётса…
Раиснинг айтишича, маҳаллалар аҳли сув чиқариш учун ҳашар йўли билан кўмаклашишга тайёр.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва томорқачиликни ривожлантириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш борасида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айтмоқчи бўлганимиз, бу жараёнда аҳоли муаммоларини изчил ўрганиш ва бартараф этиш, хусусан, амалга оширилаётган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Мавзуга яна қайтамиз.

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.