Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг  30 йиллиги олдидан

ФАРҒОНА ТУМАНИ: ИСЛОҲОТЛАР ВА ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Водилда 20 дан ортиқ қишлоқлар аҳолиси асосан малина етиштириш билан шуғулланади. “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи аҳоли бу борада бой тажрибага эга.

МАҲСУЛОТ — ЭКСПОРТГА

“NSP Legoplast” корхонаси иш бошлаганига уч йил бўлди. Корхона раҳбари Нодир Гаипов банкдан 500 миллион сўм кредит олди. Хитойдан 4 та дастгоҳ келтириб, пластмасса идишлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Асосан челак ва гултувакларнинг бир неча турини маҳаллий бозорга етказиб беряпти.

“Дилкушо” МФЙ, Марғилон кўчасида жойлашган “Vodil ipak yigiruv” корхонаси 2007 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда хом ипак ва момиқ ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар Хитой, Индонезия, Тожикистон ва Вьетнамга экспорт қилинади. Корхонада 127 нафар ходим ишлаяпти, уларнинг 70 фоизини аёллар ташкил этади. “Ёшлар дафтари”га киритилган 7 нафар ва “Аёллар дафтари”даги 12 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди.
– Ёлғиз бошим билан рўзғор тебратишга қийналаётган эдим, – дейди ишчи Гўзалхон Эрматова. – Қўлимда ҳеч қандай ҳунарим ҳам йўқ. Қийинчиликларимга чора излаб, топа олмагандим. Бир куни қишлоғимиздаги корхонага бордим. Хайриятки, мени тушунадиган яхши инсонлар ҳам бор экан. Ҳозирда шу ерда ишлаяпман. Уч маҳал иссиқ овқат, байрамларда моддий рағбатлантириш бериб бориляпти.

ҚУРИЛИШ АВЖИДА

Фарғона туманида барча соҳаларда ўсиш, ўзгариш ва янгиланишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Маҳаллалар, қишлоқлар обод бўлиб бормоқда, боғ ва гулзорлар барпо этиляпти. Кечагина қақраб ётган, бўш турган майдонлар яшил ҳудудларга айлантирилиб, шаҳарчалар қуриляпти.

Туманда 76 маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, 217 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли учун уй-жойлар қурилишига эҳтиёж бор. 730 та 2, 3 хонали, 27 та турар-жойлар ва ижтимоий инфратузилма объектларини ўз ичига олувчи “Дамкўл” ва “Миндонобод” массивлари барпо этилмоқда.
– 2013 йилдан буён қурилиш соҳасида фаолият юритиб келяп-ман, – дейди «Чимён имкон қурилиш» МЧЖ раҳбари Икромали Шерматов. – Бу вақт мобайнида Фарғона шаҳар ва туманимиздаги 10 га яқин уй-жойлар, инвестиция объектларини қуриб, ўз эгаларига топширдик. Ўтган йили “Миндон-обод” МФЙ даги 5 қаватли уйни қуриб битказгандик. Бу йил ҳам битта кўп қаватли турар жойда пардозлаш ишлари олиб бориляпти. Уларни барпо этишда ўзимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланяпмиз.
Ҳозирда “Миндонобод” массивида 6 та 4 қаватли уй битказилиб, 144 хонадон ўз эгаларига топширилди. Тумандаги ижтимоий химояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва ногиронлиги бўлган оилаларга арзон уй-жойлар бериляпти.
– “Ҳосилот” МФЙда истиқомат қилардим, – дейди Зуҳра Йўлчиева. – Ҳозирда Миндонобод ҳудудида қурилган кўп қаватли уйнинг 2 хонали хонадонида яшаяпман. Барча шароитлар яратилган, болаларим учун мактаб, спорт майдончалари ва ўйингоҳлар бор. Шаҳардан фарқ қилмайди. Шундай шарт-шароитлар яратиб берган мутасаддилардан миннатдорман!
“Миндонобод” МФЙда кичик саноат зонаси ташкил этиш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида 4 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдон ёш тадбиркорларга бўлиб берилган.
– 4 йилдан буён Хитой давлатидан аёллар оёқ кийимини олиб келиб, сотардим, – дейди “Modern сonstruction-devolopment” МЧЖ раҳбари Илҳомжон Бобораҳимов. – Эндиликда туманимизда янги ташкил этилаётган кичик саноат зонасидан 24 сотих ер майдони тадбиркорлигимни ривожлантириш учун ажратиб берилди. Ҳозирда 20 нафар ходим ишлайди, яна 15 та янги иш ўрни яратишни мақсад қилганман. Аёллар пойабзали ишлаб чиқарадиган бу завод ишга тушса, маҳаллий бозордан ташқари, экспорт учун ҳам йўл очилади. Лойиҳа ишлари якунланса, янги жойда иш бошлаймиз.
“Vodil baxmal duxoba” МЧЖ раҳбари ёш тадбиркор Исломжон Собиров ҳам саноат зонасидан 24 сотих ер олди. Унинг мақсади – бахмал ишлаб чиқариш. Банкдан 300 миллион сўм кредит олган тадбиркор экспортни йўлга қўймоқчи. Лойиҳа ишга тушгандан сўнг яна 40-45 та янги иш ўрни яратилади.
Яқин келажакда “Миндонобод” МФЙ даги саноат зонасида 500 дан зиёд ёшлар иш билан таъминланади.

 

САИДКАМОЛ 3 ТА ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТИГА ЎҚИШГА КИРДИ

Туман азал-азалдан машҳур полвонлар, олимлар, шоир ва ёзувчилар етишиб чиққан юрт. Бугунги авлод ҳам аждодларига муносиб бўлишга астойдил ҳаракат қилишяпти.

Шундай иқтидорли ёшлардан бири Саидкамол Иномовда болалигидан информатика соҳасига иқтидори борлигини билган онаси, шу соҳа бўйича таълим олишига кўмаклашди. Тумандаги 4-сонли информатика ва ахборот техноло-
гияларига ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби битирувчиси муддатидан аввал бир неча олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Хусусан, Texas Wesleyan University in USA, Westminster International University in Tashkent (WIUT), Management Development Institute of Singapore in Tashkent (MDIST) олийгоҳларида таълим олиш имкониятини қўлга киритди. Зиёли оила фарзанди Саидкамол уч тилда бемалол гаплаша олади.
– Менинг биринчи устозим онамдир. У яхши билим олишимизни талаб қилади. Болалигимизда ҳам ўйинчоқ ўрнига китоблар олиб берарди. Уйимиздаги китоб жавонида рус, инглиз адабиётига мансуб бўлган асарлар бор ва уларни кўп ўқийман. Муҳими, изланиш ва билим олишдан тўхтамаслик керак. Westminster International University in Tashkent (WIUT) да таълим олишни танладим. Мақсадим етук мутахассис бўлиб, Ватан тараққиётига ҳисса қўшиш, – дейди Саидкамол Иномов.
Фарғона тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 64 та умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчиларга замонавий ҳамда интерактив тарзда таълим берилмоқда. Бир неча йиллардан буён билим бериш даражаси вилоят миқёсида 11- ўринда бўлган туман халқ таълим бўлими бу йил фахрли учинчи ўринга кўтарилди. Бу йил 76 нафар битирувчи умумтаълим мактабларини “олтин” ва “кумуш” медалларга тамомлади.
Ўнлаб хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ёшлар бор. Хусусан, Япония, Россия, Жанубий Корея ва Европа мамлакатларининг нуфузли институт ва университетларида таълим олишяпти.

 

МАЛИНА ЕТИШТИРИШ ҲАДИСИНИ ОЛГАНЛАР

Маҳсулотнинг харидорлари кўп. Маҳаллаларда мавсумий малина бозори ташкил қилинган.
Акмалжон Ғойибназаров малина етиштириб, кўчат тайёрлайди. Айни пайтда 3 сотих томорқасидаги малина қийғос ҳосилга кирган. Кунора 40 килограммга етказиб, ҳосил териб олмоқда.
Кўм-кўк буталар орасида алвондек товланган мевалар ҳосил чўғи мўллигидан дарак бериб турибди. Томорқачининг ҳисоб-китобига кўра, биринчи ҳосилдан 12 миллион сўмдан ортиқ даромад олади, кузги ҳосил миқдори ҳам бундан кам бўлмайди.
– Малина серсув ҳисобланади, – дейди у.
– Уни асосан қаламча шаклида экиб, кўпайтириш мумкин. Кўчатларни баҳор ва куз ойларида экиш тавсия қилинади. Ниҳоллар икки йилда ҳосилга киради. Келгусида плантация ташкил этишни режалаштириб турибман.
Акмалжон асаларичиликка ва қушлар парваришига ҳам кўнгил қўйган. Ҳовлисида булбул, бедананинг овози кўнглингизни яйратади.
– Туманда 500 гектардан ортиқ ер майдонида етиштириладиган малиналарни қайта ишлаш имконияти мавжуд, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Алишер Нурматов. – Умумий қиймати 600 минг АҚШ доллари бўлган малиначилик кластерини яратиш кўзда тутилган. 10 гектар майдонни эгаллайдиган кластернинг асосий фаолият тури малина ва қора гилос етиштириш, совутиш омборлари ташкил этишдан иборат. 2021-2022 йилларда ишга тушадиган лойиҳа амалга ошса, 60 та ишчи ўрни яратилади. Йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,6 миллиард сўм, йиллик экспорт ҳажми эса 250 минг АҚШ долларини ташкил этади. Натижада Фарғона малинаси Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларга экспорт қилинади.
Дарвоқе, малина раъногулдошлар оиласига мансуб мевали ўсимлик бўлиб, унинг 120 дан ортиқ тури мавжуд. Малинанинг қуритилган меваси тиббиётда терлатувчи дори сифатида, шарбати суюқ дорилар таъмини хушбўйлаштиришда яхши самара беради.

 

ЧИМЁННИНГ “ТАШРИФ ҚОҒОЗИ”

Чимён деганда барчанинг хаёлига сўлим дам олиш масканлари келади. Ҳавоси, тиниқ булоқ ва сойлари, яшил олами, гулзорларининг муаттар ифорларидан дилингиз яйрайди.

“Чимён” маҳалла фуқаролар йиғинида 10 га яқин дам олиш сиҳатгоҳлари мавжуд. Мавсум бошланиши билан Қозоғистон, Қирғизистон, Россия давлатлари ва республикамизнинг барча вилоятларидан дам олувчилар ташриф буюриб, дардига даво топиб кетишмоқда. Яқинда маҳалла фуқаролар йиғинининг “Темир дафтар” га киритилган 40 нафар аёллари санаторийларда бепул даволанишди.
— Беш нафар фарзандни вояга етказиб, элга қўшдим, – дейди Робияхон Аҳмадалиева. – “Темир дафтар”га киритилганимдан сўнг мени бепул даволаниш учун санаторийга юборишди. 10 кун давомида соғлигимни
тиклаб, ҳордиқ чиқардим. Бундан жуда миннатдорман.

“ҲУВАЙДО” ЗИЁРАТГОҲИ

 

Чимён қишлоғидаги Ҳазрати Ҳувайдо мақбара-зиёратгоҳи меъморий ечими, бой тарихи билан зиёратчиларнинг муборак масканига айланган.

Зиёратгоҳ XIX асрда қурилган ва 2015 йилда тўлиқ таъмирланган. Ўзбек адабиёти ва тасаввуф фалсафасининг таниқли вакили бўлган Хожаназар Ғойибназар ўғли Ҳувайдо адабий мероси ўн минг мисрага яқин. Зиёратгоҳ ҳудуди озода, мақбара ва бинолар, айвонлар, боғлар яхши ҳолатда сақланмоқда. Зиёрат қилувчилар учун барча қулайликлар яратилган.
– Ҳазрати Ҳувайдо зиёратгоҳига тез-тез келиб турамиз, – дейди “Гулистон” МФЙда яшовчи Холидахон Мамажонова. – Бу маскан ўзгача тароватга эга.
Фарғона туманида бундай зиёратгоҳ, қадам-жолар кўп ва улар йил сайин обод масканга айланиб бормоқда. Шоҳимардон, Ёрдон, Садкак, Ғорбува, Етти булоқ, Чинортаги ва бошқа зиёратгоҳлар сайёҳларнинг севимли мас-канига айланган. Туман нафақат бундай қадамжолари билан, балки саноат, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва таълим соҳасидаги муваффақиятлари билан ҳам янги Ўзбекистон солномасида муносиб ўрин эгаллаган.

Саҳифани материалларини  Шоҳсанам Эшматова тайёрлади.

Элёр ОЛИМОВ олган суратлар.