ФАРҒОНА – НОРИН: ҲАМКОРЛИКНИНГ ИЛК ҚАДАМЛАРИ

ФАРҒОНА – НОРИН:  ҲАМКОРЛИКНИНГ ИЛК ҚАДАМЛАРИ

Фарғона вилоятининг Қирғизистон Республикаси Норин вилояти билан инвестиция, савдо, қишлоқ хўжалиги, туризм, илм-фан соҳаларидаги ижтимоий-иқтисодий алоқалари
кундан-кунга кенгайиб бормоқда.

 

Фарғона ва Норин вилоятлари расмийлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида Норин шаҳрида “Ўзбекистон – Қирғизистон дўстона муносабатларини мустаҳкамлаш” мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди. Унда ҳар икки вилоятнинг саноат, савдо, қишлоқ хўжалиги, туризм йўналишларидаги имкониятлари хусусида тақдимотлар ташкил этилди. Ўзаро музокаралар якуни бўйича вилоятлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш “Йўл харитаси” имзоланди.
Унга кўра, Фарғонадаги “BLT klaster” компанияси Отбоши туманида умумий қиймати 2 млн. доллар миқдорида инвестиция жалб этиб, 10 минг гектар ерда картошка етиштириш, чорвачилик, йилқичилик тармоқларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилади. Жумгал туманида 10 гектар ерда гилос, 5 гектарда лимончилик плантациялари ташкил этилади. “Ҳамза экспо АРТ текстил” ва ”Фромода текстил” компаниялари томонидан ип газлама, тикув, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида янги лойиҳалар ишга туширилади. Шунингдек, қурилиш маҳсулотлари, минерал сув ишлаб чиқариш, экспортга йўналтириш, гўшт ва сут, мева ва сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш-қадоқлаш йўналишларида самарали ҳамкорлик амалга оширилади.
«Қўқон» ва «Норин” эркин иқтисодий зоналари вакиллари маҳсулот айирбошлаш борасида истиқболли келишувларига эришди. Жорий йилнинг ўзида “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилади.
Айниқса, қўшма туризм лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эъти-бор қаратилди. Яқин истиқ-болдаги режалар дастурига кўра, журналист ва блогерлар ўртасида ахборот алмашиш, ҳар икки томоннинг ўзига хос хусусият ва имкониятлари, гўзал она табиати, хушманзара жойлари, замонавий меҳмонхоналари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, ўзаро борди-келдини йўлга қўйиш мақсадида чартер авиарейслар, “Водил – Қадамжой – Ўш” йўналиши бўйлаб автотранспорт қатнови йўлга қўйилади. Ўз навбатида Фарғона вилоя-тининг соғломлаштириш масканларидаги шифобахш сувлар, “Меҳригиё” доривор ўсимликлар плантацияси, диққатга сазовор жойлар, маданий ёдгорликлар бўйлаб саёҳатлар уюштириш, тур-операторлар учун қулайлик ва имтиёзлар яратиш юзасидан келишувларга эришилди.
Норин шаҳридаги Марказий Осиё халқаро университети ҳамда Фарғона давлат университети ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Марказий Осиё халқаро университети ижтимоий ва аниқ фанлар йўналишида бакалавриат таълим дастурини таклиф қилди. Олийгоҳнинг асосий йўналишлари компьютер технологиялари ҳамда ОАВ ва коммуникациялар мутахассисликлари тайёрлашдан иборат. Барча талабалар кампусда таълим олиш билан бирга, шу ерда яшашлари учун шароит яратилган.
Икки вилоят ишбилармон ва тадбиркорларининг юзма-юз мулоқоти натижасида савдо, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги, чорвачилик соҳаларида муҳим келишувларга эришилди. Эндиликда, Тошлоқ, Қува, Фарғона туманлари, Қувасой шаҳри ишбилармонлари қирғизистонлик ҳамкорлар билан экспорт-импорт лойиҳаларини амалга оширишда ҳамжиҳатликда ишлайди.
Ҳамкорлик форуми доирасида Норин вилоятига мевали кўчат ва велосипедларни етказиб бериш, ўзаро туристлар алмашиш юзасидан умумий қиймати 3,48 млн. долларлик 3 та экспорт шарт-номалари имзоланди.
Фарғона шаҳридаги “Чарм тўп келажаги” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган спорт тўпларини сотиш учун Ўш- Норин йўлида 10 та савдо дўконлари ташкил этилади.

Ўз мухбиримиз.