Саноат корхоналарида

Саноат корхоналарида

Болалар ўйинчоқлари Фарғонада ишлаб  чиқарилмоқда
Бунинг учун тадбиркор 300 дан зиёд иш ўрни яратди

Вилоятимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўз самарасини бермоқда. Янги лойиҳалар ишга туширилиб, кўплаб иш ўринлари яратиляпти.

Фарғона шаҳридаги “Gold Quality Invest” хусусий корхонаси қисқа фурсат ичида ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини топа олди. Ўтган йилда бу ерда йирик ва истиқболли — болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳаси амалга оширилди.
Банк тадбиркорнинг бизнес ғоясини рўёбга чиқариш мақсадида 1 миллион доллар кредит ажратди. Хитой давлатидан замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди. Умумий қиймати 15 миллиард сўмлик лойиҳа ишга туширилиб, сифатли ва харидоргир болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарила бошланди.
— Шаҳардаги кичик саноат зонасида жойлашган корхонамизда йилига 47 миллион дона болалар ўйинчоқлари ишлаб чиқарилади, — дейди “Gold Quality Invest” хусусий корхонаси раҳбари Турсунали Маматқулов. — Асосийси, маҳсулотларимиз тўлиқ маҳаллий хом ашёдан тайёрланади, экологик талабларга тўла жавоб беради. Ҳозирги кунда 120 та янги иш ўрни яратилди ҳамда 200 нафар касаначи фаолият кўрсатмоқда.
Айни кунларда мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган болалар ўйинчоқлари ички бозорга етказиб бериляпти. Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонга экспорт қилинмоқда. Эътиборли жиҳати, бу ерда асосан ёшлар меҳнат қилмоқда. Диёрбек Комилов Фарғона шаҳридаги “Юқори Қиргули” маҳалласида истиқомат қилади. Пайвандчилик мутахассислигига эга бўлган 18 ёшли бу йигит замонавий технологияларни бошқаришни қунт билан ўрганди.
— Болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш жараёни жуда қизиқарли, — дейди Диёрбек. — Ҳар бир кичик бутловчи қисмни тайёрлаш учун эътибор ва эҳтиёткорлик керак. Ҳозирда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича ҳам иш олиб боряпмиз.
М. МЎМИНОВ.
Шерзод Қорабоев олган суратлар.