Улгуржи савдо марказидан — Қозоғистонга!

Улгуржи савдо марказидан —  Қозоғистонга!

Қозоғистон Республикасининг Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов раҳбарлигидаги
делегация расмий ташриф билан Фарғона вилоятида бўлди.

Мақсад — икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишув доирасида Фарғона вилоятида улгуржи тарқатиш маркази ташкил этиш ҳамда бу орқали вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тўғридан-тўғри Қозоғистоннинг йирик савдо тармоқларига етказиб берилишини йўлга қўйишни такомиллаштиришдан иборат.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев, Бахит Султанов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Мулоқот чоғида Фарғона вилояти ва Қозо-ғистон Республикаси учун ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, келгусида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини янги усулда етиштириш, сақлаш, музлатиш, қуритиш ва қадоқлаш бўйича комплексларни барпо этиш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш, ягона товар ўтказиш тизимини ташкил этишни тезлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди. Барпо этиш режалаштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази учун Фарғона вилояти томонидан тақдим этилган ер майдонлари борасида фикр алмашилди.
— Делегация таркибида ишбилармонлар, йирик савдо тармоқлари раҳбарлари бор. Тадбиркорларимизнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликлари аввалдан мавжуд. Ташриф давомида уни янада такомиллаштиришни мақсад қилганмиз. Ўзбекистонда 3 та йирик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи тарқатиш маркази ташкил этиш ёки мавжуд логистика марказлари билан шериклик асосида иш ташкил қилиш ниятидамиз. Бунинг учун 30 миллион доллар атрофида инвестиция киритишга тайёрмиз. Бу логистика марказларини тез суръатларда ишга тушириб, 2022 йилда етиштириладиган ҳосил тўғридан-тўғри Қозоғистон бозорига юборилади, — деди Бахит Султанов.
Учрашув сўнггида “Олтиариқ агро 505” МЧЖ ҳамда Қозоғистоннинг энг йирик мева-сабзавот таъминотчиси “MCC тrade сompany” компанияси ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ҳамда Қозоғистонга экспорт қилиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати.