Сув — зар, сувчи — заргар

Сув — зар, сувчи — заргар

Суғоришнинг ҳадди

Саратон – деҳқончилик учун муҳим палла ҳисобланади. Ғўзалар ривожини кузатган кишининг баҳри-дили очилади. Шоналар гулга, гуллар кўсакларга айланяпти. Лекин бу ҳали кўзланган ҳосил тўпланди, дегани эмас. Ҳозир бутун эътиборни ҳосил тугунчаларини янада кўпайтириб, бўлиқ кўсаклар яратишга қаратиш зарур.

Қулай об-ҳаводан самарали фойдаланган ҳолда экинларни сувга қондириш, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш, техникаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мўл ҳосил яратишнинг муҳим омили эканлигини тажрибали деҳқонлар яхши билишади.
Айни кунда вилоятдаги 82 минг 80 гектар ерда бу муҳим агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар учун 1770 та чопиқ трактори ва культиватор, 560 та чуқур юмшатгич, 542 нафар мутахассис ва агрономлар бириктирилган. Ғўзани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари якунланди, баргидан озиқлантиришга шира-трипс, ўргимчаккана сингари зараркунандаларга қарши курашишга эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда 568 та ОВХ ва штангали пуркагичлар дала ишларига жалб этилган. 342 минг 673 гектарда суспензия сепиш тадбирлари амалга оширилди, ҳар икки гектар ерга 1 донадан феромон тутқичлар ўрнатилди.
Пахтачиликда сувни тежовчи технологияларнинг жорий этилаётгани сув сарфини камайтириш, экинларни суғориш билан боғлиқ агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш имкониятини бермоқда. Бу самарали усул сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда айниқса, қўл келмоқда. Масалан, 20 гектардаги ғўзани анъанавий усулда суғориш учун 10 кун вақт сарфланса, томчилатиб суғоришда 3 кун кифоя. Механизация хизмати, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари иқтисод қилиняпти.
Учкўприк туманидаги «Акмалхон» фермер хўжалиги бу йил 20 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этди. Бунинг учун 66 минг доллар миқдорида маблағ сарфлади. Фермер Хайрулло Ғуфроновнинг айтишича, янги тармоқ учун сарфланган маблағларнинг бир қисми субсидия ва солиқ имтиёзлари тарзида қайтиб берилади. Натижада биринчи йилнинг ўзидаёқ сарфланган харажатлар ўрни қопланади. Фермер хўжалиги 72 гектар ерда парваришланган ғалла ва пахтадан 700 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни кўзлаб турибди.
Экин маромида ривожланиб, мўлжалдаги ҳосилни тўплашида тўғри суғоришнинг аҳамияти катта. Бу энг нозик агротехника тадбирларидан бири бўлиб, иш сифатли бажарилсагина, мавжуд ҳосил нишоналарини сақлаб қолиш ва уни кўпайтиришга хизмат қилади.
– Қатор ораларига экин ҳолати-дан келиб чиқиб сув таралса, ғўзалар кўнгилдагидек қонади. Кўсакларнинг мағзи тўқ, пахтанинг сифати юқори бўлади, – дейди «Fergana Global Tekstil» МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери, Учкўприк тумани бош агрономи Арабжон Ҳожиакбаров. – Эгатларга таралган сув ях-ши самара бериши учун уни чўллатиб ҳам, кўллатиб ҳам қўймаслик керак. Масалан, ғўза чанқаса, гул ташлайди. Борди-ю кўллатиб суғорилса, ғўза бўйига зўр бериб, ғовлаб кетади, ҳосилдорлик камаяди. Шунинг учун экин ҳолати, ер шароити инобатга олинган ҳолда, оби-тобида бажариш мақсадга мувофиқ. Суғоришни “шарбат” усулида олиб боряпмиз. Шундай қилинса, сув юрмаган жўякдан ғўза илдизига етарли миқдорда ҳаво ўтиши таъминланади. “Шарбат” эса намликни узоқ сақлаши баробарида экинни қўшимча озиқлантириш имконини беради.
Халқимизда “Сув — зар, сувчи — заргар” деган ибора бор. Мутахассислар фикрича, пахта ҳосили нечоғли юқори, толасининг пишиқ бўлиши кўп жиҳатдан суғоришнинг сифатли олиб борилишига боғлиқ.

Расулжон Камолов.
Шерзод Қорабоев
олган суратлар.