Бугуннинг мавзуси

МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ВА ҒУРУРИ

Билимли ва маънавиятли авлод мамлакат келажагини бунёд этади. Ҳар қандай халқнинг тарихи, ўзига хос табиати, қадриятлари, аввало, она тилида акс этади. Бежиз тил миллатнинг маънавий иммунитети, деб баҳоланмаган. Ўз тилини асраб-авайлаган, уни замонлар оша ривожлантира олган миллатгина ўзлигини, миллий қиёфасини сақлаб қолади.

Бутун бир миллатнинг тарихи, маънавияти ва руҳи тилида ўз аксини топади. Барча миллат ва элатлар узоқ даврлардан буён шаклланиб, аждодлар томонидан қадрланиб келинган ўз она тилини асраб-авайлайди, ривожлантиради, бойитган ҳолда келажак авлодларга етказади.

1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинди. Айтиш керакки, бу мамлакатимиз мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам бўлди. Ўтган давр мобайнида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеи тубдан ошди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги тантаналарида сўзлаган нутқида “Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир”, – дея таъкидлади.

2019 йил 21 октябрь куни қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда – 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами” сифатида нишонлаш ҳамда Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этиш борасида берган топшириқлар тарихий воқеа бўлди. Бу кунни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кенг кўламда тантанали нишонлаш қатъий белгилаб қўйилди. Бундан халқимиз янада руҳланиб, ғурурланди, десак муболаға бўлмайди. Байрамни давлат миқёсида нишонлашдан мақсадимиз шуки, бир томондан, ватанимизнинг дахлсиз тилини ҳурмат қилиш ва эъзозлаш, иккинчи томондан – давлат тили ҳақидаги қонун-қоидаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва амалиётга татбиқ этишга кўмаклашишдир. Чунки давлат тилини ривожлантириш, аввало, мазкур қонун талабларини амалга оширишга боғлиқ.

Жамиятнинг ҳар бир фуқароси ўз она тилига, миллат ва уларнинг ўтмишига ҳурмат билан қараши муҳим аҳамиятга эга. Бу борада она тили миллат саройи пойдеворининг биринчи ғишти ва миллий давлатчиликнинг асосларидан бири эканлигини айтиш мумкин.

Она тилимиз халқимизнинг маънавий қадриятлари, қадимий цивилизация ва маданиятимизнинг ёрқин ифодасидир. Ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз она тилимизни ўрганиш, уни энг қимматли қадрият сифатида ҳимоя қилиш, ҳикматидан баҳраманд бўлишдир.

Тилшунослик, нутқ маданияти даражасини доимий равишда такомиллаштириб бориш, жонажон она тилимизни асраб-авайлаш ҳамда адабий тил меъёрларига риоя этишга ҳаракат қилишимиз лозим. Глобаллашув жараёнлари таъсирида оммавий маданиятнинг салбий жиҳатлари тил софлигини бузувчи турли воситалар орқали ҳам таъсир кўрсатади. Чет тилларни билиш замон талаби, лекин бу аввало ўз она тилини билиш ва ҳурмат қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Тил миллатнинг барҳаёт дурдонаси бўлиб, мамлакатнинг рамзидир. Кўп асрлар давомида халқни руҳлантирувчи ва бирлаштирувчи омил бўлиб, бугунги кунда ҳам миллий давлатчилик, аждодлар тарихи, ватан тараққиёти ва фаровонлиги асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбек тилининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграётгани барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида чиқиш қилгани улкан тарихий воқеа бўлиб, ҳар биримизнинг кўнглимизни тоғ каби юксалтирди.

Тилимизнинг мавқеини кўтариш, қадрини оширишга нафақат тилшунос, адабиётшунос олимлар, ўқитувчилар, маънавиятчилар ёки журналистлар, балки барчамиз бирдек масъулдир.

Забардаст ўзбек шоири Миртемир ўзбек тилини «Онагинам, онажоним тили бу, бешикданоқ сингган жону қулоққа», деб эркалаган бўлса, Эркин Воҳидов шўро замонида «Она тилим ўлмайди», дея баралла айта олган.

Тил – халқнинг ўзлиги. Бу туйғу ҳамиша қалбимизда, барчамизни шу мустақил, жаннатмонанд юрт тараққиёти йўлида меҳнат қилишга чорлаб туради.

Тилимиз бор экан – эл юксалиб, миллат яшайверади!

 

Шоҳидбек АСЛОНОВ,

Фарғона вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.